Туркияда давлат тўнтариши бўлган кун

Platina.uz 15 июль санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.

Жамият
15 июль 2023 йил
Туркияда давлат тўнтариши бўлган кун

Platina.uz 15 июль санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.

Бутунжаҳон ёшлар малакаси куни.

Туркияда Демократия ва Миллий бирлик куни – 2016 йил Туркияда ФЭТО террористик ташкилоти томонидан содир этилган ва турк халқининг ғалабаси билан якунланган давлат тўнтариши бўлган кун.

Воқеалар

  • 1920 йил – пул танқислиги кучайганини ҳисобга олиб, Туркистон ҳукумати 5000 рубллик вақтинчалик кредит билетларини чиқарди. Тарихчи Р.Тўхтаеванинг қайд этишича, йирик пул бирликлари Туркистон бозорида кенг қўлланила бошланди. Муомаладаги барча пулларнинг 45 фоизини 1000 ва 5000 рубллик купюралар ташкил этди. Улар оммавий ишлатиладиган купюраларга айланди. Аммо бу тадбирлар Туркистон иқтисодини изга солиш ёки пул жамғаришни қулайлаштириш учун эмас, балки ўлкада кечаётган иқтисодий инқирозни бироз юмшатиш мақсадида амалга оширилди.
  • 1925 йил – Хива шаҳрида хотин-қизлар билим юрти очилди. Мазкур педагогика техникуми ўз фаолиятини дастлаб Али Маҳрамнинг, кейинчалик Нурмурат Маҳрамнинг тортиб олинган уйида давом эттирди.
  • 1933 йил – Италия, Германия, Англия ва Франция умумий халқаро муаммолар бўйича мувофиқлаштирилган ҳаракатлар тўғрисида тўртлик пактини имзоладилар.
  • 1934 йил – Германияда инглиз газеталари тақиқланди.
  • 1937 йил– Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби Акмал Икромов СССР Компартияси Марказий Қўмитаси бош котиби Иосиф Сталинга Тошкентдан 1263/ш-сонли шифир телеграмма йўллади. Унда барча ўзбек раҳбар ходимлари текшириб чиқилгани, Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети (ҳукумат) раиси бўлиши мумкин бўлган икки номзод танлаб олингани, улар партияга, сталинча Марказий Қўмитага сўссиз садоқатли экани айтилган.
  • 1965 йил – АҚШ Конгресси сигарет қутиларига соғлиқ тўғрисида огоҳлантиришни чоп этишни талаб қилувчи қонунни қабул қилди.
  • 1977 йил – Денгизда тўқнашувларнинг олдини олиш бўйича халқаро қоидалар тўғрисидаги конвенция кучга кирди.
  • 1996 йил– Ўзбекистон Эфиопия Федератив Демократик Республикаси билан дипломатик муносабатларини ўрнатди.
  • 2002 йил – Савдо жараёнида эвро курси долларга етди (бир эвро учун 1,0018 доллар). Ягона Эвропа валютаси 2000 йил февралидан бери биринчи марта доллар билан паритетга эришди.
  • 2006 йил – Тwittеr микроблоглар хизматига асос солинган.
  • 2009 йил – Эрондан Арманистонга учаётган Ту-154 самолёти ҳалокатида 168 киши ҳалок бўлди.
  • 2016 йил – Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш бошланган. Бу кун Туркия тарихида қонли фожеа сифатида ёдга олинади. Туркия Қуролли кучлари ичига сизиб олган ва Фетуллахчи террористик ташкилоти (FETÖ) аъзоси бўлган ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишнинг мақсади Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга суиқасд уюштириш, конституцион тузум ва парламент тизимини ағдариш бўлган.

Бу уриниш чоғида Анқара ва Истанбулда бир вақтда бошланган бўлиб, Истанбулда Бўғозичи ва Фотиҳ Султон Меҳмет кўприклари, Отатурк номидаги аэропорт ва Вилоят Ички ишлар Бошқармаси забт этилди, Анқарада эса Миллий хавфсизлик ташкилоти, Ички ишлар бош бошқармаси ва Гўлбаши полиция махсус хизмат маркази каби стратегик идораларга бомбали ҳужумлар уюштирилди.

Жумҳурият тарихида илк марта Президент Девони, Бош вазир девони ва Туркия Буюк Миллат Мажлисига қуролланган тўда томонидан қўлга киритилган самолётлардан бомба ёғдирилди. Бунинг натижасида тинч аҳоли вакилларидан 250 киши ҳалок бўлди, 2000 дан ортиғи эса яраланди.

Президент Эрдўған ўз мурожаатида халқини демократияси ва миллий иродасини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқиб, бу террористик ҳаракатга қарши туришга чақирди ва Туркиянинг барча вилоятларида юзминглаб халқ тўнтаришчиларга тўсқинлик қилиш учун кўчаларга чиқишди.

Турк халқининг демократияни ҳимоя қилиш мақсадида кўрсатган қаршилиги бутун дунёнининг диққатига сазовор бўлди.

Таваллудлар

  • 1949 йил – режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Рустам Ҳамидов;
  • 1961йил – футбол мураббийи ва собиқ футболчи, ҳозирда Ўзбекистон U-22 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров;
  • 1962йил – журналист, ёзувчи, таржимон, собиқ депутат, парламент аъзоси ва сиёсатчи, 90-йиллар журналистикаси ва сиёсати тарихидаги кўп қиррали шахс, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси Карим Баҳриев;
  • 2004йил – ўзбек футболчиси, “Нефтчи” клуби ва Ўзбекистон U20 футбол терма жамоаси дарвозабони Асрорбек Кенжаев.
© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+