“Фантом оғриқлари”: россиялик депутат Ўзбекистон шаънига хавотирли баёнот берди

Россияга қарши ҳозирча эътироз билдирмай келишларидан руҳланган рус амалдорлари энди жиноят кодексидаги “хорижий уруш ва армияларга ёлланишга” тақиқни ҳам олиб ташлаш тарафдори.

Жаҳон
3 июнь 2023 йил
“Фантом оғриқлари”: россиялик депутат Ўзбекистон шаънига хавотирли баёнот берди

Россия давлат думаси депутати Сергей Миронов Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўз фуқароларини, Россия ҳукуматининг таъбири билан айтганда, “махсус ҳарбий операция”, аслида эса Россиянинг Украинага қарши урушда қатнашгани учун қамоққа ташлашларини бемаънилик деб атади.

Шунингдек, Миронов бу давлатлар EОИИ аъзоси ва кузатувчиси эканини таъкидлаб, бу масалани халқаро даражада ҳал этишни таклиф қилди.

Сергей Миронов Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Украинада жанг қилаётган ўз фуқароларига нисбатан жиноий жавобгарлик қўллаётганидан норозилигини Twitter’даги саҳифасидаги видеомурожаатида маълум қилган.

“Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида аъзо ва кузатувчилардир. Aгар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга рус фуқароси ўз тарихий ватанига ёрдам беришга ва МҲОга боришга қарор қилса, у қамоққа жўнатилади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани халқаро даражада ҳал қилишни таклиф этамиз!”, деган Сергей Миронов.

Гап шундаки, Марказий Осиёнинг деярли барча давлатида хорижий армияларда ҳарбий хизмат ўтиш катта жиноят ҳисобланади ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишлари мумкин. Илк прецедент Қирғизистонда рўй берди: Украинадаги урушда Россия тарафида уришиб омон қолган қирғизистонлик 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Россия ҳукумати ўзаро келишувлар ва Марказий Осиё халқининг ҳурматига беписандлик қилиб, меҳнат муҳожирларини турли воситалар ва услублар билан муттасил урушга ёллаш учун ҳаракат қилиб келмоқда. Россияга қарши ҳозирча эътироз билдирмай келишларидан руҳланган рус амалдорлари энди жиноят кодексидаги “хорижий уруш ва армияларга ёлланишга” тақиқни ҳам олиб ташлаш тарафдори.

Қайд этиш жоиз, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг 700 минг рус фуқароси ушбу адолатсиз ва ноинсоний урушда қатнашишни истамагани боис мамлакатни тарк этиб, хавфсиз давлатларга чиқиб кетган.

Украинанинг 4 вилоятини аннексия қилиб, қолган қисмини ҳам босиб олиш учун олиб бораётган урушда айрим манбаларга кўра, 300 мингга яқин рус аскари ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган. Пашшадек қирилаётган рус армиясини тўлдириш учун Россия ҳукумати асосан қамоқдаги маҳбусларни, этник рус бўлмаган фуқароларни, шунингдек, марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини алдов ва қўрқитиш йўллари билан урушга жўнатишга уриняпти. Ҳатто бегуноҳ мигрантларга наркотик ташлаб ёки наркокурьерликка жалб қилиб, қамоққа олиб, кейин урушга жўнатишяпти.

Айрим экспертларнинг билдиришича, бу аввало, мамлакатда халқ норозилиги келиб чиқишидан ҳадиксираш бўлса, иккинчидан Россиянинг миллатчи ҳукумати шу йўл билан рус бўлмаган миллатларни уруш баҳонасида йўқ қилиб, ўзига хос этник тозалаш ўтказмоқда. Жангларда нафақат собиқ мигрантлар, балки Россиянинг этник республикалари – Бурятия, Чувашия ва Доғистон каби ҳудудларда яшовчилар кўпроқ ҳалок бўляпти.

Сергей Мироновни ҳам бир жиҳатдан “тушуниш” мумкин. Тиббиётда “фантом оғриқлари” тушунчаси бор. Қўл ёки оёғи кесиб ташланган инсонлар ҳам баъзан қўл-оёқлари қичишаётгани ёки қаттиқ оғриётганидан шикоят қилишади. Бу миядаги таъсир марказларининг қўл ёки оёқ йўқотилганидан бехабарлиги билан боғлиқ дейишади. Айни пайтда рус амалдорларининг бу каби чиқишларини “фантом оғриқлари” десак бўлади. Россия ўз мустамлакаларидан айрилган эса-да, ҳамон “фантом оғриқлари”ни ҳис қилиб туради.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+