Бразилия илк бор жаҳон чемпиони бўлди
Platina.uz 29 июнь санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.

Platina.uz 29 июнь санаси билан боғлиқ муҳим воқеликларни жамлади.
Халқаро тропиклар куни. Халқаро тропиклар куни тропиклар, улар дуч келадиган муаммолар ва улар олиб келадиган янги имкониятлар ҳақида хабардорликни ошириш учун нишонланади.
Тропиклар – Ернинг саратон тропиклари ва улоқча тропиклари ўртасидаги ҳудуди. Топография ва бошқа омиллар иқлим ўзгаришига ҳисса қўшган бўлса-да, тропик жойларда одатда иссиқ об-ҳаво ва кунлик ҳароратнинг озгина мавсумий ўзгариши кузатилади. Тропикларнинг муҳим хусусияти экватор яқинидаги нам ички қисмда ёғингарчиликнинг устунлиги, экватордан узоқлашган сари ёғингарчиликнинг мавсумийлиги ортиб бориши ҳисобланади. Тропик минтақа иқлим ўзгариши, ўрмонларнинг кесилиши, урбанизация ва демографик ўзгаришлар каби бир қатор муаммоларга дуч келмоқда.
Тропик мамлакатлар сезиларли ютуқларга эришди, аммо улар турли муаммоларга дуч келишмоқда. Шу муносабат билан барқарор ривожланишга эришиш учун ушбу соҳадаги бир қатор кўрсаткичлар ва маълумотларга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.
Тропиклар дунёнинг қайта тикланадиган сув ресурсларининг ярмидан сал кўпроғига эга (54%), аммо уларнинг аҳолисининг деярли ярми сув танқислиги туфайли заиф деб ҳисобланади.
Қашшоқликнинг юқори даражаси туфайли тропикларда дунёнинг бошқа минтақаларида яшовчи одамларга қараганда кўпроқ одамлар тўйиб овқатланмайдилар.
2014 йил 29 июнь куни Нобел мукофоти лауреати Аунг Сан Су Чи Тропик ҳисоботини тақдим этди. Ҳисобот тропикларни ўрганиш билан шуғулланувчи ўн иккита етакчи илмий муассасаларнинг тадқиқот натижалари асосида тайёрланган. Унда тропик минтақаларнинг сайёрамиз учун ниҳоятда муҳимлиги қайд этилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ҳисобот эълон қилинганининг бир йиллигини ҳисобга олиб, резолюция қабул қилди ва унда 29 июнни Халқаро тропиклар куни деб эълон қилишга қарор қилди.
Воқеалар
- 1868 йил – Туркистон генерал-губернаторининг буйруғига асосан Зарафшон округи ташкил топди. Унинг таркибига Бухоро амирлигининг собиқ Самарқанд ва Каттақўрғон бекликлари киритилди. Округ бошлиғи эса «Зарафшон округини вақтинча бошқариш тўғрисидаги Низом»га биноан тайинланди. 1870-1871 йилларда эса Зарафшон округи таркибига Зарафшон дарёсининг юқори қисмидаги кичик бекликлар қўшиб олинди. Зарафшон округи Самарқанд ва Каттақўрғон бўлимларига бўлинган.
- 1914 йил – Арктикада самолётда биринчи парвоз амалга оширилди.
- 1922 йил – Россия ва Хоразм республикалари ўртасида янги Иқтисодий битим имзоланди. Шартномани Россия томонидан Бутун Россия Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ комиссарлар советининг Туркистон ишлари бўйича комиссия раиси, Россия ташқи ишлар халқ комиссарлигининг Ўрта Осиё бўйича Махсус вакилининг ўринбосари, Хоразм томонидан Халқ нозирлар кенгаши раиси имзолади.
- 1925йил — жилосиз қопламали лампочка патентланди.
- 1946 йил – "Агата" операциясида Фаластинда 2,7 минг яҳудий ҳибсга олинди.
- 1958 йил – Бразилия футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлди.
- 1964 йил – телевизорни масофадан бошқариш пульти яратилди.
- 1985 йил – Жон Ленноннинг собиқ Роллс-Ройc автомобили Нью-Йоркда 2,229 миллион долларга сотилди.
- 1993 йил – Вазирлар Маҳкамасининг “Амир Темур ҳайкалини яратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда жаҳон тарихида чуқур из қолдирган буюк давлатнинг асосчиси, Шарқнинг улуғ саркардаси, илм-фан ташкилотчиси ва ҳомийси, миллий маданият ва меъморчилик санъатини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган шавкатли соҳибқирон Амир Темур хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон мустақиллигининг икки йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида Амир Темур ҳайкали ўрнатилиши белгиланди.
- 1995 йил — Сеулда (Жанубий Корея) савдо маркази биноси қулаши оқибатида 500 киши ҳалок бўлди ва 900 киши жароҳатланди.
- 1996 йил– Ўзбекистонда Олимпия ўйинларига бағишланган “Олимпиада – 96” почта маркалари туркуми тайёрланиб, муомалага чиқарилди. Маркаларда спортнинг футбол, от спорти, бокс ва велоспорт сингари оммавий турлари тасвирланган. Марка расмларини рассом Ю.Левинский ишлаган.
- 1999 йил – Андижон вилоятида Хўжаобод ерости газ омборининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
- 2001 йил – Кофи Аннан иккинчи муддатга БМТ Бош котиби этиб қайта сайланди.
- 2007 йил – АҚШда биринчи iPhone сотувга чиқди.
- 2014 йил – Ироқ ва Шом Ислом Давлати ўзи босиб олган Сурия ва Ироқ ҳудудларида исломий халифалик тузилганини эълон қилди.
- 2017 йил – Ўзбекистон Президентининг “Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
- 2018 йил – Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
- 2020 йил – Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди.
- 2022 йил – Ўзбекистон Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган.
Таваллудлар
- 1900 йил – француз ёзувчиси, шоири Антуан де Сент-Экзюпери;
- 1957 йил– Туркманистоннинг 2-президенти (2007-2022) Гурбангули Бердимуҳамедов;
- 1968 йил — ўзбек тадбиркори, Korzinka савдо мажмуалари асосчиси Зафар Ҳошимов;
- 1978 йил — Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, қўшиқчи Бегис Темирбаев;
- 1995 йил — ўзбек футболчиси, ҳужумчи, Италия А сериясининг “Специя” клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Элдор Шомуродов.