platina.uz

1945 йил, 9 май: дунёдаги энг даҳшатли урушга 78 йил тўлди

Етим қолган болалар, ногиронга айланган 18 ёшли йигитлар, окоп ичида онасига хат ёзган аскарлар, қулоқни қоматга келтирган ўқ овозлари, бир бурда нонни уруш ўчоғидан кўчириб келтирилганлар билан баҳам кўрган ҳамда 4 мингдан ортиқ болалар тақдири... Инсоният тарихида муҳрланган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғин устидан қозонилган ғалабага бугун 78 йил тўлди...

Жамият
9 май 2023 йил

Бугун 9 май. Юртимизда Хотира ва қадрлаш куни. Ушбу сана уруш ва меҳнат фронтида жасорат кўрсатган нуронийларимизни ёдга олиш учун ўзига хос анъанага айланган.

Биз ҳам қадриятларга содиқ қолган ҳолда, Иккинчи жаҳон уруши, у етказган талафотлар, урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлган аждодларимиз ҳақида маълумотларга эга бўлиш мақсадида Ўзбекистон Миллий архивига ташриф буюрдик.

1999 йилдан буён ҳар йили юртимизда 9 май Хотира ва қадрлаш куни, шунингдек, Ғалаба байрами сифатида нишонлаб келинади. Сабаби бундан 78 йил аввал собиқ совет иттифоқи жаҳон тарихидаги энг катта Иккинчи жаҳон урушида мардонавор ғалаба қозонди.

Ушбу уруш дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди. Бунга эса етарлича асослар бор, албатта.

Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходими Шахноза АБДУРАХИМОВАнинг айтишича, Ўзбекистон миллий архивида Иккинчи жаҳон уруши фаолиятини, ўзбек халқининг ғалабага қўшган ҳиссасини ёритувчи кўплаб архив манбалари мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон СССРга кўчириб келтирилган аҳоли ҳақида, юртимиздан фронтга юборилган маҳсулотлар миқдори ҳақида, аскарларнинг ўз қўллари билан ёзган соғинч мактублари каби ҳужжатлар мавжуд.

Маълумки, уруш даврида аҳолини эвакуация – кўчириб келтириш ишлари амалга оширилган. Ёши катта аҳоли билан биргаликда 200 мингга яқин ёш болалар ҳам кўчириб келтирилган.

Таъкидлаш жоизки, урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлган, 133 мингга яқини бедарак йўқолган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Шахноза АБДУРАХИМОВАнинг архив ҳужжатларига асосланиб айтишича, “Ўша пайтда урушдан қайтган ногиронлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этган. Шунингдек, ҳудудда Ўрта Осиё ҳарбий округи ташкил этилиб, Ўзбекистон СССР ҳудудига ҳарбий госпиталлар кўчириб келтирилган.

Тадқиқотларга кўра, уларнинг сони турлича бериб ўтилган. Ҳозирги кунда аниқланган сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон СССР ҳудудига 129 га яқин ҳарбий госпиталлар кўчириб келтирилган.

Маълумки, уруш даврида аскарлар уруш тафсилотлари, шунингдек, ўзларининг ҳолатларидан хабар бериш учун яқинларига хатлар ёзишган. Буни қайсидир маънода соғинч мактублари ҳам дейиш мумкин.

Ўша йиллари бу хатлар деворий газеталар ҳамда "Қизил Ўзбекистон" газетасида чоп этиб борилган. Бугунги кунда мазкур хатлар жамланмаси ЎзМАда “Аскар мактублари” номи остида сақлаб келинмоқда.

Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходими Саида АДИЛОВА мазкур хатлар билан ишлаш жараёнида жуда кўплаб янги маълумотлар олганини маълум қилди.

“Биз бу хатлар орқали жанг майдонида юз берган воқеалар, кечинмалар, қўйингки, Иккинчи жаҳон уруши ҳақида батафсил билишимиз мумкин. Мактублар орасида мени таъсирлантирганларидан бирида шундай ҳолат ифода этилган: ёш аскар окопнинг ичида ўтирибди. Атрофида танклар. Ўқларнинг овози. Шу пайтда у онасининг меҳрини, онасининг қадрига етмаган кунларини, онасининг эркалашларини, кулгуларини, тандирда ёпган нонларини эслаб хат ёзган.

Чунки бу ёш йигит 3 кундан буён оғзига нон олмаган экан. Шу мактублар ўша вақтда битилиб, бизгача етиб келган” дейди кўзда ёш қалқиб Саида АДИЛОВА мактуб тафсилотларини гапириб бераркан.

Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган маълумотларга кўра, уруш даврида мудофаа фондлари ташкил этилган. Бу фондлар учун аҳоли ўзининг бор қимматбаҳо буюмларини ёки пул маблағларини бера бошлаган.

Ўша уруш йилларида Ўзбекистон халқи томонидан мудофаа фондлари учун 950 миллион рубл миқдорида пул топширилган. Бундан ташқари, 22 миллион қимматли буюмлар, 5 кило олтин, 4 миллион тоннадан ортиқ пахта, 1,5 минг тоннадан ортиқ дон маҳсулотлари, 54,1 минг тонна пилла, 482 минг тонна сабзавотлар, 57,5 минг тонна мева маҳсулотлари фронт учун етказиб берилади.

Бугунги кунда юртимизда истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши ва фпронт орти қатнашчилари сони 174 нафарни ташкил этади. Фашизмга қарши урушда мардонавор жанг қилган, оғир машаққат ва мусибатларни бошдан кечирган қаҳрамонлар ва халқимиз асрлар давомида орзу қилган эркинлик учун ўз жонини қурбон қилганлар хотираси ҳамиша ёдимиздадир.

Одинахон ДЕҲҚОНОВА тайёрлади

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+