
Туризм элчиси Софи Ибботсон Ўзбекистонда сайёҳлик тараққиётига тўсқинлик қилаётган 3 муаммо ҳақида
2019 йилдан бери Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм брэнди элчиси сифатида фаолият юритаётган Софи Ибботсон мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар сони туризм самарадорлигини ифода этмайди, деган фикрда. “Бу рақамга боғланиб қолмаслик керак” дейди у.
“Ўзбекистон нафақат мамлакат ичкарисида, балки мамлакат ташқарисида ҳам туризмни ривожлантириш учун улкан салоҳиятга эга. Бу салоҳиятдан қанчалик фойдаланилаётганини ҳамда натижаларни сарҳисоб қилишда негадир мамлакатга ташриф буюрган сайёҳлар сонига асосланишади. Бироқ бир йилда фалон миллион сайёҳ ташриф буюрди, дейиш билан ишлар самарадорлигини баҳолаб бўлмайди. Бу рақамга боғланиб қолмаслик керак. Асил натижани сайёҳларнинг маҳаллий иқтисодиёт учун сарфлаётган маблағлари миқдори ҳамда туризм соҳасида яратилаётган иш ўринлари сони билан ўлчаш лозим. Жаҳон туризми стандартларида ҳам, халқаро статистик ҳисоб-китобларда ҳам туризм тараққиётининг даражасини шу рақамлар билан баҳолашади. Бу рақамлар мамлакатга кириб келаётган сайёҳлар сонидан кўра анчайин қимматли натижа ҳисобланади”, дейди Софи Ибботсон.
Албатта ҳар қандай хорижлик Ўзбекистонга саёҳат қилишдан олдин юртимизда меҳмон бўлган сайёҳларнинг фикрлари ва тақриз ҳамда тавсияларига таянади. Ибботсон хонимдан брэнд элчиси эмас, оддий бир сайёҳ сифатида Ўзбекистон туризмининг ривожланишидаги ютуқлар, ҳали қилиниши зарур бўлган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича фикрларини сўрадик. Шунингдек, сайёҳларга Ўзбекистоннинг қайси манзилларини кўришни тавсия этишига қизиқдик.
– Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича ютуқлар борми? Соҳада ўсиш кузатиляптими?
– Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон туризми ривожланиб бормоқда. Буни шунчаки бир меҳмоннинг хушомади сифатида қабул қилманг. Туризм ривожланиб бораётганини, юқорида айтганимдек, муҳим кўрсаткич ва рақамлардаги ўзгаришлардан ҳам кўрса бўлади. Бу натижаларни нафақат мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимининг кўпайгани ёки туризмдан тушаётган даромадларнинг ошганидан, балки кўплаб янги меҳмонхона ва ресторанлар очилаётгани, шаҳарлардаги транспорт тизимининг такомиллашаётгани, ўтказилаётган фестиваль ва тадбирлар сонининг ошганидан ҳам билса бўлади. Шу ўринда янги ресторан ва меҳмонхоналарнинг кўпайиши сайёҳлар оқимининг кўпайгани билан изоҳланишига урғу беришни истардим. Чунки бу соҳалар жуда нозик бўлади. Барқарор мижозлар оқими бўлмаса, тез орада ёпилиб кетишга маҳкум бўлади. Иқтисодиётнинг талаб ва таклиф қонуниятидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда туризм секин-аста бўлса-да, ривожланиб бормоқда.
Масалан, мен ўзим бу ўзгаришларга гувоҳ бўлаётган бир мутахассис сифатида Ўзбекистонда кўплаб тарихий ёдгорликларнинг реставрация қилинаётганидан мамнун бўлдим. Чунки улар нафақат сайёҳларни жалб этишга хизмат қилади, балки келажак авлодга мерос бўлиб қолади. Узоқ ўтмишда рўй берган воқеаларга гувоҳ бўлган обида сифатида Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ҳақида сўзлаб беради.
– Ўзбекистон туризми соҳасида ҳал қилиниши зарур қандай муаммолар бор? Уларга қандай ечим таклиф этасиз?
– Сайёҳлик учун нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро аренада ҳам кузатиладиган энг катта муаммо – бу барқарор ривожланиш ҳисобланади. Кўплаб меҳмонхоналар қуриб ташлаш, ўнлаб тарихий обидаларни таъмирлаш ва сайёҳларни жалб этиш чораларига зўр бериш осон. Лекин оқилона йўл тутилмаса, бу фаолият табиатга, маданият ва жамиятга, мамлакатнинг барқарорлигига путур етказиши мумкин. Яъни туризмни ривожлантириш чораларининг атроф-муҳитга нохуш таъсирини камайтириш устида ҳам бош қотириш лозим. Ўзбекистон ўзининг тараққиёт старатегиясида барақарор ривожланишни биринчи ўринга чиқариши керак. Шунингдек, барқарорликни таъминлаш харажатларини ҳисобга олиш, кўрилаётган ҳар бир чора-тадбирларда бунинг оқибатларини юмшатишга интилиш мақсадга мувофиқ бўлади.
– Сайёҳликни ривожлантириш йўлида тадбиркорларга берилаётган қайси имтиёзларни самарадор, деб ҳисоблайсиз?
– Ўзбекистон ҳукумати туризмни ривожлантириш учун кўплаб молиявий рағбатлантиришларни йўлга қўйган. Турли тадбир ва анжуманлар ҳам шулар сирасига киради. Бундай молиявий рағбатлантиришларнинг амалий ифодасини сайёҳлик операторларининг харажатларини субсидиялашда, жумладан, уларнинг хорижда ўтказилувчи йирик халқаро туристик ярмаркаларда ва маданий тадбирларда иштирок этиш учун сарфлаган харажатларини қоплаб беришда кўриш мумкин. Бундай ҳаракатлар албатта ўз самарасини бермай қолмайди. Чунки бундай туроператорлар хориждаги тадбирларда Ўзбекистонни тамсил этишади, унинг туристик салоҳиятини тарғиб этишади.
– Туризм тараққиётига тўсқинлик қилаётган 3 муаммони 3 сўз билан айтсангиз.
– Режалаштириш, сиғим ва персонал.
– Шахсан ўзингиз Ўзбекистон туризм ривожига қанчалик ҳисса қўшдингиз?
– Мен аслида узоқ йиллардан бери Ўзбекистонни туристик йўналиш сифатида тарғиб этиб келаман. Лекин 2019 йилда мени туристик бренд элчиси этиб тайинлашганидан кейин бу борадаги фаолиятим ўта қизғин тус олди. Жумладан, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти таҳлил этилган китоб ёздим. Бу китобим илк марта Bradt Travel Guides да нашр этилиб, тез орада бестселлерга айланди. Ҳозирда китобнинг учинчи нашри тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, халқаро журналистлар учун Ўзбекистонга ўнлаб пресс-саёҳатлар уюштириб, уларнинг мазмунли ва самарали ўтишига бош-қош бўлдим.
Бундан ташқари, мунтазам равишда Ўзбекистон ҳақида мақолалар эълон қилиб, суратлар чоп этиб боряпман. Шунингдек, кўплаб ўқув юртлари ҳамда анжуманларда маърузаларим билан қатнашишни канда қилмайман. Турли хорижий ва ўзбек нашрларига интервью бериб тураман. Бир сўз билан айтганда, менинг бутун фаолиятим ва ҳаётим Ўзбекистонни кашф этишга, бу ажиб ва гўзал диёр ҳақида имкон қадар кўпроқ одамларни хабардор қилишга қаратилган.
– Сайёҳларга Ўзбекистоннинг қайси манзилларини кўришни тавсия қилган бўлардингиз?
– Ўзбекистонга биринчи бор ва қисқароқ муддатга келаётган сайёҳларга албатта Тошкент, Самарқанд ва Бухорони томоша қилишни тавсия қилган бўлардим. Агар сайёҳларнинг вақтлари кўпроқ бўлса ёки қайта ташриф буюришган бўлса, уларга Ўзбекистоннинг чеккароқ ҳудудларини айланишни таклиф қиламан. Жумладан, қадимий Хива шаҳридаги ҳамда Қорақалпоғистондаги археологик ёдгорликлар билан танишиш катта руҳий ва маданий завқ беради.
Экотуризм ишқибозлари эса Сурхондарё табиати гўзалликлари билан ошно бўлишлари мумкин. Ўзбек халқининг маданий мероси билан танишишни истаганларни Фарғона водийсидаги халқ ҳунармандчилиги марказларини зиёрат қилишга ундаган бўлардим.
Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Мен фақат ўзимга ёққан ва бошқалар ҳам албатта кўришларини истаган жойларни санаб ўтдим, холос.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ суҳбатлашди