
Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди
Марказий банк бошқаруви 2023 йил 4 майдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.
Ушбу қарор иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлаш, шунингдек, март ойидаги асосий ставка пасайтирилишининг ялпи талаб ва таклифнинг мувозанатлашувига ижобий таъсирларини давом эттиришга қаратилган.
Ставканинг ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарорга Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этиб, мос равишда 11,7 ва 11,0 фоиз бўлгани таъсир қилган, дейиш мумкин. Зеро, ушбу пасайишда мавсумий омиллар ва ўтган йилдаги юқори база эффекти ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Жорий йилнинг январь ойида иқтисодиётда инфляцион кутилмалар кескин ошиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий вазият ҳамда нархлар бўйича хавотирлари ошганини намоён қилган эди. Кутилмаларнинг пасайиши ва узоқ муддатли трендига яқин шаклланиши инфляцион жараёнларнинг секинлашуви бўйича умумий тенденцияларнинг келгусида ҳам давом этиши борасидаги мулоҳазаларни кучайтирмоқда.
Айни пайтда, базавий инфляция даражасининг умумий инфляциядан юқорилиги иқтисодиётда маълум бир инфляцион хатарларни сақланиб қолаётганидан дарак беради.
Ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиб бораётгани жаҳон ва минтақавий молия бозорларида тебранувчанликнинг кучайишида намоён бўла бошлади.
Халқаро банк тизимида юзага келаётган хатарларга нисбатан тезкор жавоб чоралари қўлланилишига қарамай, кредитлаш шартларида қатъийлик ва келгуси хатарлар бўйича ноаниқликларнинг йил охиригача сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.
Ўтган йилдаги юқори даражадаги трансчегаравий пул ўтказмалари, жорий йилда давлат бюджети харажатларининг ошиши, шу жумладан, иш ҳақи ва нафақаларнинг оширилиши истеъмол талаби ўсишини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, келгуси чоракларда иқтисодий фаолликнинг юқори бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Иқтисодиётни кредитлаш суръатларининг ўсиши, асосан миллий валютада ажратилган кредитлар ҳисобига, тезлашди. Тижорат банклари томонидан январь-апрель ойларида ажратилган кредитлар ҳажмининг 1,3 баробарга ўсишида аҳолига берилган автокредитлар, микроқарзлар ва истеъмол кредитларининг юқори суръатларда ошгани асосий омил бўлди.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши дастлабки прогнозлардан кўра юқорироқ бўлиши бўйича эҳтимоллар ортмоқда.
Йил якуни бўйича инфляция даражасининг прогноз диапазони 8,5-9,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Инфляцион кутилмалар динамикаси, пул бозоридаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари, асосий маҳсулотлар таклифи бўйича вазиятнинг барқарорлашиб бораётганлиги, инфляциянинг мазкур прогноз коридори ўртасида шаклланиши бўйича ишончни оширмоқда.
Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар даражаси ва инфляцион кутилмаларга таъсирини баҳолашда давом этади. Бунда, қабул қилинаётган қарорлар инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишини таъминлашга қаратилади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 15 июнда ўтказилади.