“СПА” салонлари илк бор қаерда ва қандай пайдо бўлган?

Туркиядаги бебаҳо мерос, термал булоқлар ўлкаси Афёнкараҳисар ва шифобахш сув маданияти тарихи ҳақида.

Жаҳон
31 май 2023 йил
“СПА” салонлари илк бор қаерда ва қандай пайдо бўлган?

Ер ости ва ер усти шифобахш минерал булоқлар каби сув ресурсларидан даволаш воситаси сифатида фойдаланиш термализм деб аталади. Термализм Европада қадим замонлардан то ҳозирги кунгача кенг қўлланилган амалиётдир. Ғарбда ўзига хос архитектура анъаналарига асосан қурилган “СПА” иссиқлик иншоотлари бўлган кўплаб аҳоли пунктлари мавжуд.

МАЪЛУМОТ УЧУН: “СПА” сўзи аслида бутун Европада шифобахш сувлари билан донғи кетган Бельгиянинг Спа курорти номидан олинган. Кейинчалик барча шифобахш иссиқ суви ёки ҳовузи бор сиҳатгоҳлар ана шу курорт номидан келиб чиқиб “СПА” деб атала бошланган.

Туркиядаги шифобахш сув маданиятини Европанинг бебаҳо мероси, деб ҳисоблаш мумкин.

Туркияни термал булоқлар ўлкаси, деб бежиз айтишмайди. Чунки мамлакатдаги кўплаб шаҳарларда, жумладан, Памуккала, Денизли, Карахайит, Кизилкахамам, Балчова, Султония, Айдер ва Эрзурумда термал булоқли курортлар ва сиҳатгоҳлар ҳамда СПА салонлари хизмати яхши йўлга қўйилган.

Афёнкараҳисар – термал туризм пойтахти

Айниқса Афёнкараҳисар шаҳри улар орасида алоҳида ажралиб туради. Афёнкараҳисар шаҳри азалдан ва тарихан термал туризм пойтахти ҳисобланади. Бу тарихий шаҳар, шунингдек, маданият, табиат ва ошпазлик санъатининг муҳим марказларидан бири ҳамдир. Афёнкараҳисар 5000 йилдан зиёд тарихга эга. Шаҳар Хет, Фриг, римлик, византиялик, салжуқий ва усмонийлар каби кўплаб империялар таркибида тараққий этиб келган. Ушбу тарихий шаҳарда илк асрлардан бери давом этиб келаётган термал анъана бугунги кунгача авлодлар оша давом этиб келмоқда.

Бу шаҳардаги булоқлардан чиқаётган қайноқ сув кўплаб шифобахш хусусиятларга эга.

Саломатликка фойдаси

Термал сувда ва термал қайноқ булоқларда чўмилиш, айниқса, инсон терисига катта фойда келтиради. Терини кислород билан таъминлаб, намлантиради ва зарур моддалар билан озиқлантиради. Хусусан,  ёғли терилар учун термал сув тикловчи малҳам ўрнини босади. Теридаги турли доғ ва тошмаларни кеткизади, қичишиш ва қизаришларни йўқотади.

Умумлаштириб айтилса, термал булоқлар суви атопик дерматит, псориаз, себорияли дерматит, контакт дерматит, кексалик билан боғлиқ тери қичишиши, қуёш таъсирида пайдо бўлган эритема каби хасталикларга даво бўлади. Термал сувлар, шунингдек, депиляция, лазер терапияси ва чуқур пилинг каби амалиётларнинг ножўя таъсирини кетказишда ҳам самарали натижа беради.

Шифокорларнинг тавсия қилишича, ревматизмдан азоб чекаётган ва жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморлар термал ҳорвузларда тез-тез чўмилиб туришлари лозим.

Нафақат чўмилиш, балки ичиш ҳам мумкин!

Термал сувда нафақат чўмилиш, балки уни ичиш ҳам мумкин. Бундай амалиёт умумий саломатликни ва кайфиятни яхшилайди. Ер ости қайноқ сув оқимларидан олинадиган сув бир неча босқичли фильтрлардан ўтказиб истеъмол қилинади. Термал сув минерал сув, яъни маъданли сувдан анча фарқ қилади. Термал сувда маъданли сувга нисбатан натрий моддаси кам, яъни ширинроқ бўлади. Лекин фойдали минерал микроэлементлари – селен, марганец, кальций, кремний, мис, рух ва темир моддалари кўпроқ.

Афёнкараҳисарнинг геотермал булоқлари ва ошхонаси

Туркиянинг Афёнкараҳисар шаҳрида бир неча геотермал булоқлар мавжуд. Бу ердаги термал ҳовузлардаги сув ҳарорати 42 даражадан ошмайди. Шу боис уларда ёзда ҳам, қишда ҳам бемалол чўмилиш мумкин. Шу жиҳати билан Афёнкараҳисар шаҳри ҳар йили бутун дунёдан миллионга яқин сайёҳни ўзига жалб этади. Бу шаҳарда кўплаб меҳмонхоналар, жумладан, 5 юлдузли меҳмонхоналар ҳамда термал сувли ҳовузлари мавжуд пансионатлар жойлашган. Бу ердаги термал ҳовузлар бир вақтнинг ўзида жами 25 минг кишига хизмат кўрсата олади.

Шу билан бирга, Афёнкараҳисар шаҳри ўзининг қаймоғи, локуми, гўшт маҳсулотлари, картошкали нони ва бошқа маҳсулотлари билан машҳур. Афёнкараҳисар ошхонаси 2019 йилда ЮНEСКО гастрономия соҳасидаги Ижодий шаҳарлар тармоғига киритилган.

Ҳозирда дунёнинг 36 та шаҳри киритилган мазкур тармоққа Афёнкараҳисар Туркиянинг Газиантеп ва Ҳатайдан кейин қўшилган шаҳар ҳисобланади.

Афёнкараҳисарда тўй таомларининг ажралмас қисми бўлган Кешкек таоми оддий усулда ёки қаймоқ қўшиб тайёрланади.

Бу минтақа ошхонасининг яна бир кўп асрлик ажралмас қисми – бу тандир печи бўлиб, унда қўзичоқ гўшти уч соат давомида пиширилади, бир кун тиндирилади, сўнгра гуруч ёки нон билан дастурхонга тортилади.

Афёнкараҳисарнинг сут ва гўштлари машҳурлиги ортида албатта шаҳарнинг бой биохилма-хиллиги туради. Ҳудудда ўсадиган шифобахш ўтлари билан боқиладиган чорва моллари ҳам минтақанинг мазали гўшт ва сутининг сифатини таъминлайди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+