“Пабжи” эпидемияси

Бир кунда 10 соат “пабж” ўйнайдиган ёшлар ҳақида нима дейиш мумкин?

Мақола
21 май 2023 йил
“Пабжи” эпидемияси

Албатта, салбий фикр билдириш тўғридек туюлади. Негаки, бу вақтни бекорга сарфлаш ва ҳоказо. Лекин биз масаланинг бошқа бир томонларига эътибор бермаган бўламиз.

Бир дўстим қишлоғига борса, 4-5 соат футбол ўйнашини айтганди. Футбол бу спорт, у эса соғлиқ учун фойдали, дейишга шошилманг. Дўстим бугун стадионга бориб, соғломроқ бўлишим керак, деб ўйнамагани аниқ. Ундан сабабини сўраганимда “мазза қилиш учун” деган жавобни олдим. Айнан шу икки ҳолатнинг умумий нуқтаси ҳисобланади. Одамлар нега куну тун “пабж” ўйнайди, деган саволга ҳам худди шундай жавоб бериш мумкин. (“Пабж” шунчалик машҳурки, сиз уни мобил ўйин эканлигини дарҳол тушунган бўлсангиз керак)

Лекин нега?

Мен бир нечта “пабж”чилар билан суҳбатлашдим. Улардан кетган вақтингизга ачинасизми, деб сўраганимда барчаси “ҳа” дея жавоб беришди.
Унда нега ўйнашни тўхтатмайсиз? – дедим.

Бу саволимга эса баъзи бирлари ўйинга наркотик каби боғланиб қолишганини тан олишди.
Саволлар кўп эди, мен эса жавоблардан тушунганларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Тартибсиз бўш вақтлар
Биз қайси соҳада ишлашимиз ёки ўқишимиздан қатъи назар маълум даражада бўш вақтларимиз бўлади. Кўпинча у умуман режалаштирилмайди.
Ижтимоий тармоқлардан ҳам зерикканлар виртуал ижтимоийликни янги бир даражага кўтарган “пабж”га қарам бўлиб қоладилар. Чунки унда ҳам ўйнаш, ҳам суҳбатлашиш, ҳам танишиш ва ҳатто севишиш мумкин.

Натижада сиз умуман бошқа виртуал дунёда яшай бошлайсиз. Бу эса шахсий ривожланишингиз учун сизга вақт ҳам, имконият ҳам қолдирмайди. Шунинг учун бўш вақтни режалаштириш керак.

Ота-оналар эса фарзандларининг қизиқишларидан келиб чиқиб уларнинг ҳаётини йўналтирганлари маъқул. Акс ҳолда ўзи қизиқмаган машғулот билан шуғулланишни истамаган болалар бошқа қизиқарлироқ мобил ўйинларга берилишларига тўғри келади.

Ялтироқ ўрамлардан фойдаланиш

“Пабж”, умуман, мобил ўйинлар, ижтимоий тармоқлар сизга жуда жозибали кўринади. Улар сизга завқ бағишлайди. Аксар фойдали ишлар эса қийин ва оғриқлидек гўё.

Шу ўринда бир устозимнинг китоб ўқиш борасидаги маслаҳатини эслаш фойдали. Унга кўра, китобнинг маълум бир қисмини ёки бутунлай ўқиб бўлганингиздан кейин ўзингизга ниманидир совға қилишингиз керак. У ҳар хил кўринишда ёки шаклда бўлиши мумкин.
Таққослаш учун: болаларни ўз домига тортган “пабж” ўз ўлжасига жуда кўп нарсаларни совға қилади: кийимлар, қуроллар, мулоқот мимикалари, рақслар ва ҳоказо. Улар шунчалик ўйинчиларни қизиқтирадики, баъзилар уни пулга ҳам сотиб олишади. Суҳбатдошларимдан бири шунинг учун 700 АҚШ доллар сарфлаганини айтиб берди. Энди тушунгандирсиз, нима демоқчилигимни.

Шундай экан, фойдали ишларингиз учун ўзингизга бонус беринг.

Муқобилликнинг камлиги
Ҳаётимизда муқобилликнинг кам бўлиши кўпчиликнинг айнан бир нарса атрофида тўпланиб қолишига олиб келади. Тасаввур қилинг: мактаб ўқувчисининг дарсдан бўш вақтини моделлаштирмоқчимиз.

Шаҳарлардаку нисбатан имкониятлар кенг. Аммо қишлоқларда-чи?

Мактабдан қайтган ўқувчига нима таклиф қила оламиз? (чорвани боқишдан бошқа). Ахир аксар қишлоқларда санъат мактаблари, спорт иншоотларию турли тўгараклар йўқ!

Улар замонавий дунё учун анчайин содда ҳаёт кечиришади. Лекин уларнинг қўлида мобил телефон бор. Энди айтинг-чи, вазият уларни қайси томонга етаклайди?

Манимча, айб сутканинг тўртдан бир, туннинг учдан бир қисмида мобил ўйин билан банд бўлаётганларда эмас. Тартибга солинмаган ҳаёт ва мавжуд вазият уларни шунга мажбур қилаётган бўлиши мумкин. Биз қачонки сабабларни ўзгартирсак, оқибат ҳам ўзгара бошлайди.

Бобур ШАВКАТОВ

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+