Қозоғистонда 2022 йил январ воқеалари иштирокчиларига ҳукми ўқилди
Олмаота шаҳрида 2022 йил январда рўй берган оммавий тартибсизликларнинг 25 иштирокчисига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. “Казинформ” ахборот агентлиги шу ҳақда хабар берган.
Олмаота шаҳар Бостандик туман суди кўриб чиққан иш материалларига кўра, судланувчилар биноларга ноқонуний кириш, транспорт воситаларини ўғирлаш, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ўғирлаш, давлат хизматчиларига ҳужум қилиш, уларнинг мол-мулкига зарар етказиш ва йўқ қилиш билан ўта йирик миқдорда ўғирлик каби жиноятларга қўл урган.
Бундан ташқари, судланувчилар қўриқланадиган объектларга, жумладан, хавфли ишлаб чиқариш объектига ноқонуний равишда кириб, катта миқдорда зарар етказган.
“Судда барча айбланувчилар амнистия қилинди. Қозоғистон Республикаси “Амнистия тўғрисида”ги қонунни қўллаган ҳолда 20 кишига 9 ойдан 1 йилу 9 ойгача бўлган шартли қамоқ жазоси тайинланди. Тўрт судланувчига амнистия ҳақидаги қонун қўлланиб, жазодан озод этилган. Иштирокчилардан бири аввал вафот этгани боис, унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш ёпилган. Суд ҳукми ҳали кучга киргани йўқ”, дея хабар берган туман судининг матбуот хизмати.
Судланувчиларга жазо тайинлашда уларнинг тўла ёки қисман пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, ёшлиги, ҳуқуқбузарликни содир этишдан аввалги ва кейинги хулқ-атвори, вояга етмаган фарзандларининг мавжудлиги, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноятнинг фавқулодда ҳолат шароитларида содир этилгани каби жиҳатлар инобатга олинган.
Қозоғистонда 2022 йилнинг январ ойи бошида келиб чиққан оммавий норозиликларга Ғарбий Қозоғистондаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар оширилиши сабаб бўлган эди. Кейинроқ норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олмаотага ҳам тарқалди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади.
БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимларидир.