Молдова МДҲдан чиқиб кетмоқчи

Молдова парламенти спикери Игор Гросу 15 май куни унга МДҲ Парламентлараро ассамблеяси аъзолигидан чиқиш имконини берувчи тартибни бошлашини маълум қилди.

Жаҳон
16 май 2023 йил
Молдова МДҲдан чиқиб кетмоқчи

"Парламент раиси сифатида мен Молдованинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  Парламентлараро Ассамблеяси таркибидан чиқиши бўйича ташаббусимизни эълон қиламан", — деган Гросу.

Унинг қўшимча қилишича, у мазкур ташаббусни фуқаролар, ҳокимиятдаги партиянинг Ҳаракат ва бирдамлик (PAS) парламент фракцияси, шунингдек, президент Майя Санду билан муҳокама қилган.

Гросу ўз ташаббусини бош вазир Дорин Речануга етказиш ва парламент Доимий бюросининг навбатдаги йиғилишига қонун лойиҳасини тайёрлаш ниятида эканлигини таъкидлади.

"МДҲ асосчиси Россия Украинага ваҳшиёна ҳужум қилганидан кейин бу ташкилотни энди ҳамдўстлик деб аташ мумкин эмас. Бу Украина ташкилотдан чиқиб кетганидан кейин географик жиҳатдан ажралиб турган қолган мамлакатнинг МДҲ таркибидан чиқиши йўлидаги биринчи қадам бўлади", — деди спикер.

"Биз ёвузлик, уруш ва қашшоқлик манбасидан ажралиб чиқишга тайёрмиз. 30 йил давомида биз фаровонлик ва демократия, яхши келажак сари интилаётганимизни исботладик. МДҲ собиқ иттифоқ республикаларини назорат остида ушлаб туриш учун Россия томонидан СССР харобаларида тузилган ташкилотдир. Биз энди тажовузкор давлат билан бир хил музокара столида қола олмаймиз", деган Гросу.

Ҳозирча Молдова МДҲ аъзоси ҳисобланади. Лекин жорий йилнинг апрель ойида Молдова МДҲ доирасидаги айрим шартномаларни денонсация қилишни бошлади.
2022 йил март ойида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширганидан кейин, Молдова президенти Майя Санду унинг мамлакати Европага аъзо бўлиш йўлида етарлича олға силжишга эришгани, мамлакат МДҲдан чиқиш йўлини танлаганини айтган.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+