platina.uz

Фаластинликлар Россия ва Хитой воситачи бўлишини истайди

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос қон тўкилишини тўхтатиш учун Исроил билан музокаралар бошлашга тайёр. Маълумки, беш кун давомида ўзаро ракета зарбалари алмашилгани натижасида фаластинликлар орасида қурбонлар кўп бўлди. Ниҳоят Миср воситачилигида музокаралар ўтказилиб, оташкесим эълон қилинди. Бироқ Маҳмуд Аббос фақат шу билан чекланиб қолмоқчи эмас. 

Жаҳон
16 май 2023 йил
Фаластинликлар Россия ва Хитой воситачи бўлишини истайди

У икки халқ ўртасида доимий тинчлик ўрнатиш тарафдори. Бироқ фаластинликлар Исроил билан музокараларда воситачи ролини АҚШ эмас, балки Россия ёки Хитой ўйнашини маъқул кўради. i24 нашри хабар беришича, яқиндан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари шундан дарак бермоқда.

Сўровда қатнашган фаластинликларнинг камида 80 фоизи музокараларда Хитой воситачи бўлишини истайди. Улар Пекин худди Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатларни яхшилагани каби, Фаластинга ҳам фойда беришидан умид қилишади

Сўралганларнинг 60 фоизи эса америкалик воситачиларни нохолис деб ҳисоблаб, уларга умуман ишонмаслигини айтган.

Маълумот учун, ультрамиллатчилик ғояларига мойил Биньямин Нетаньяхунинг Исроил ҳукумати тепасига келгани Фаластин-Исроил можаросини янада кескинлаштирди. Исроил ҳукуматининг Фаластинга тегишли ерларда яҳудий кўчкиндилар учун ноқонуний турар-жойлар қуриш ҳажмини оширгани, фаластинликлар яшовчи ҳудудларда полиция текширувларининг кескинлашгани, “Исломий жиҳод” ташкилоти раҳбарларининг қамоққа олингани ва ўлдирилгани ҳамда Ақсо масжиди атрофида провокациялар ортиши фаластинликларнинг норозилигига сабаб бўлди.

“Исломий жиҳод” жангарилари эса ўз раҳбарларининг ўлими учун қасос олиш мақсадида Исроил томонга юзлаб ракета учиришди. Исроил ҳам бу зарбаларга ракета ёғдириш билан жавоб қилди. Натижада 33 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Исроил томонида қурбонлар бўлмади. Бу ҳолатга Миср воситачалигида барҳам берилган бўлсада, фаластинликлар минтақада тинчлик ўрнатиш фақат Москва ва Пекиннинг қўлидан келади, деб ишонишади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+