12 ёшли қизнинг ўлими билан боғлиқ суд иши ёпиқ ҳолда кўриб чиқилади
Жорий йилнинг 31 январь куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилганди.
![12 ёшли қизнинг ўлими билан боғлиқ суд иши ёпиқ ҳолда кўриб чиқилади](https://cp.platina.uz/media/CACHE/images/photo_2023-05-11_09-56-56_DWjefrH.f340f5f16e31.webp)
Жорий йилнинг 31 январь куни Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг ўлимида айбланиб ушланган шахснинг иши ёпиқ суд мажлисида кўрилади.
Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж», «з», «о» бандлари, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «в» банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 137-моддаси (одам ўғрилаш) 3-қисми «б» банди ва 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган А. Т. (1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган) га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг иш юритувига келиб тушди.
Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.