Туркия келажаги бугун ҳал бўлади

Бугун Туркияда президентлик ва парламент сайловлари ўтказилмоқда.

Жаҳон
14 май 2023 йил
Туркия келажаги бугун ҳал бўлади

Деярли чорак асрдан бери мамлакатни бошқариб келаётган амалдаги президент Ражаб Таййиб Эрдўғон учун бугунги сайловлар муҳим сиёсий палла ҳисобланади. Аввалги икки муддатга сайланиш Эрдўғонга унча қийинчилик туғдирмаган. Аммо бугун эса...

Дастлабки муддатга сайланиш пайтида барча янги сайланган президентлар каби ҳамма сиёсий-иқтисодий муаммоларни аввалги маъмуриятга тўнкаш мумкин. Кейинги муддатда эса Эрдўғон нафақат турк халқининг ҳурматини қозона олди, балки халқаро ҳамжамиятда Туркия обрўсини кўтарди. Дунёнинг йирик ва қудратли мамлакатлари қаторида ўз сўзига ва таъсир кучига эга мамлакатга айлантирди.

Аммо бугун эса... Бугун Эрдўғон гарчи сиртига чиқармаса ҳам хавотирланишга арзигулик вазиятда турибди. Айни пайтда Туркия аҳолисининг каттагина қисми Эрдўғондан “зериккан”.

Унинг автократик сиёсати ва Европа Иттифоқига кириш ниятидан қайтиб, 2018 йилдан буёғига Европага юзланиш бўйича бирорта ҳам музокараларда иштирок этмагани айрим қатламларнинг манфаатига зид келди.

Табиийки, Ғарб давлатлари ҳам Эрдўғоннинг кетишини истайди. Чунки уни кўпчилик сиёсатчилар “икки фронтга ўйновчи” раҳбар сифатида кўришади.

Масалан, Эрдўғон Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан эълон қилинаётган санкцияларга қўшилмади. Россия етакчиси Владимир Путинга ёвуз махлуқ эмас, балки музокаралар ёрдамида қалбига йўл топиш мумкин бўлган мураккаб раҳбар сифатида қаради.

Бу хатти-ҳаракатлари билан албатта Россия раҳбариятининг ҳам “илиқ” жавобларига сазовор бўлди. Франция президенти уруш бошланганидан кейин Путин билан энг кўп мулоқот қилган раҳбар сифатида мақтанган бўлса-да, унинг учрашувлари ва ўнлаб телефон сўзлашувлари ҳал қила олмаган масалаларни Эрдўғон бир-иккита сўзлашувлардан кейин ҳал қилиб бера олди.

Хусусан, Украина ғалласини экспорт қилиш учун хавфсиз коридор очилиши фақат Эрдўғоннинг ғалабаси, десак муболаға бўлмайди.

Аммо шу билан бирга, у буткул Россия тарафда “ўйнагани” ҳам йўқ. Қрим масаласида, умуман,  Украинанинг ҳудудий яхлитлиги масаласида Эрдўғоннинг қарашлари жаҳон ҳамжамиятининг фикрига айни мос келади. Агрессия бошланганидан бери Туркия Украина тарафида турди.

Қурол-яроғ етказиб беришда, жумладан, “Байрактар” дронларини етказиб беришда Украинага устуворлик берди. Ҳатто Россиянинг бу дронларни сўраган мурожаатига ҳам рад жавоби берилди. Ўндан зиёд дронлар ва уларга керакли жиҳозлар ва ракеталар Украинага беғараз ҳадя қилинди.

Қрим масаласида Туркия тутган позициядан Қримдаги антироссия мухолифати етакчиси Мустафо Камол Жемилиев ҳам қониқиш ҳосил қилган ва миннатдорлигини яширмаган.

Яқинда берган интервьюсида “Ҳеч ким қрим халқини Ражаб Таййиб Эрдўғон каби қўллаб-қувватламаган”, дея баёнот берган Қримтатар миллий ҳаракати раҳбари Жемилев.

Россия босқини туфайли жабр кўрган, ота-онаси ва уйидан ажралган украин болаларининг бир қанчасига ҳам Туркиядан жой берилди. Уларни қайноқ қучоқ очиб кутиб олишди.

“Азовстал”ни қамал қилишганида ва ундан кейин асир олинган “Азов” жангчиларини Украинага қайтариш бўйича музокаралар ҳам Туркияда ва турк маъмурияти воситачилигида ўтказилди. Бу жиҳатдан Ғарб Эрдўғондан миннатдорлигини яшира олмайди.

Ғарбнинг Туркиядан миннатдорлиги бу билан чекланиб қолмайди. Суриядаги уруш оқибатида бошпана излаб Европага йўл олаётган миллионлаб суриялик қочқинларни ҳам Туркия ўзида олиб қолгани ва уларга шароит яратиб бергани билан Эрдўғон Европани маънан “қарздор” қилиб қўйди.

Албатта бунинг учун тегишли миллиардлар олинди, бироқ Европанинг манфаатлари самарали ҳимоя қилинди.

Шу жиҳатдан олганда Эрдўғоннинг мигрантларга муносабати ҳам ислом талаб қиладиган тоқатга асосланади. Ҳатто Туркиянинг ўзидаги айрим гуруҳлар суриялик арабларни ҳайдашни талаб қилишганида ҳам Эрдўғон ўз қарорида собит турди.

Лекин шуларга қарамасдан, Эрдўғоннинг “курсиси лиқиллаб қолди” дейиш учун ҳам асослар етарли. Эрдўғон даврида Туркия иқтисодиёти гуллаб-яшнамади, аксинча инфляция ва инқирозга учради.

Халқ орасидаги каттагина қатлам, ҳатто аввал Эрдўғонни сайлаган одамлар орасида ҳам бугун “раис”га қарши овоз беришга шайланган одамлар топилади.

Эрдўғоннинг қудратли сиёсий фигурага айлангани унинг сиёсий рақиблари томонидан ҳам тан олинган. Эрдўғондек “тебранмас” сиёсатчини ағдариш учун мухолифатдаги олти партия бирлашиб, айни пайтда ягона номзод – Камол Қиличдорўғлини кўрсатишди.

Бу партиялар ичида исломий қадриятлар учун курашувчи партиялар борлиги ва улар ҳам Эрдўғонга қарши туришгани алоҳида эътиборга молик.

Мазкур олти партия – СHP, Iyi Parti, Saadat partisi, Demokrat parti, Demokrasi ve Atilim Partisi ҳамда Gelecek’нинг камида 3 таси – Saadat, DEVA ҳамда Gelecek сайлов дастурига қараганда исломий партия ҳисобланади.

Қолган партиялар ҳам номзодлари президентликка сайланса, мусулмонлар иродаси билан ҳам ҳисоблашиб сиёсат юритишини маълум қилган.

Айниқса Saadat аввалдан исломий партия бўлиб, унга мусулмонларнинг тан олинган етакчиларидан бири, собиқ бош вазир, кашфиятчи ва олим Нажмиддин Эрбақон асос солган.

DEVA ҳамда Gelecek партиялари эса Эрдўғоннинг АК parti’даги собиқ маслакдошлари, хусусан собиқ президент Абдуллоҳ Гул, собиқ вазирлар – Али Баажан ва Ахмет Давутўғли томонидан таъсис этилган ва улар Эрдўғонга қарши туриш учун СНР вакили Камол Қиличдорўғли билан иттифоқ тузишган.

Амалдаги президентга хос ўзгаришлардан бири Ражаб Эрдўғоннинг 20 йиллик бошқаруви даврида Туркия отатуркчиликдан воз кечиб, консерватив ва диний ғояларга қайта бошлади.

Эрдўғоннинг ўзи бир неча бор Отатуркнинг ислоҳотларини танқид қилди — унга айниқса давлат диндан ажратилган дунёвийлик тамойили ёқмаган. Бунинг ўрнига Эрдўғон Туркиянинг исломий ўзига хослигини мустаҳкамлаш тарафдори эди.

Амалдаги президентнинг мамлакат ичидаги мухолифлари у Туркияда янги шарқона мустабид тузум қураётганини айтишса, Эрдўғон ташқи сиёсатда минтақадаги таъсирини кенгайтириш учун барча ишни қилмоқда. Анқара Россия, Эрон ва Қатар билан алоқаларни ривожлантирди, Сурия ва Ливиядаги манфаатларини ҳарбий воситалар орқали белгилади ва ҳимоя қилди.

НАТО аъзоси ҳисобланган Туркия Финландия ва Швециянинг алянсга қўшилишида муаммо туғдирди ва бу билан ўзининг таъсири фақат Қора денгиз минтақаси ва Яқин Шарқ билан чекланиб қолмаслигини намойиш этди.

Хўш, Эрдўғон ютқазиши учун асослар борми?

Бунинг 2 та асосий сабаби ва битта қўшимча омил мавжуд.

Биринчи сабаб — иқтисодиёт. Қачондир мамлакатни дунёнинг етакчи иқтисодиётларидан бирига айлантиришни ваъда қилган президент учун бу улкан муваффақиятсизликдир. Қолаверса, Туркиядаги инқироз инсон қўли билан яратилди.

2021 йил кузида лира курси пасая бошлаганида, Эрдўғон назоратидаги Марказий банк президентнинг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қила бошлади.

Эрдўғоннинг пул-кредит сиёсати бўйича қарашлари эса базавий иқтисодий қонунлар ва соғлом ақлга тўғри келмади.

Натижада инфляция сўнгги 24 йилликдаги рекорд даражага етди, барча маҳсулотларнинг нархи кўтарилди. Бунинг оқибатида азалдан Эрдўғоннинг тарафдорлари бўлганлар ҳам ундан юз ўгира бошлади.

Иккинчи сабаб — бирлашган мухолифат. Олти партия Эрдўғонга қарши ягона номзод кўрсатиш мақсадида бирлашди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш сўровлари эса президент машҳурликда асосий рақиби Камол Қиличдорўғлига ютқаза бошлаётганини кўрсатди.

Сайлов куни белгиланиши ортидан Туркияда даҳшатли зилзила юз берди. Ва бу ҳам овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатадиган омил эди.

Табиий офатлар сиёсатчилар иродасига бўйсунмайди, аммо Эрдўғоннинг бошқаруви даврида гуллаган коррупция ва қариндош-уруғчилик табиий офат кўламларига таъсир қилди.

Ўн минглаб кишилар ҳалок бўлди, миллионлаб кишилар бошпанасиз қолди. Сўнгги зилзила ўн миллионлаб сайловчилар яшайдиган жануби-шарқдаги 11 та провинцияни қамраб олди, бу ҳудудлар аҳолиси эса азалдан Эрдўғонни қўллаб келарди.

Агар бугунги сайловларда Эрдўғон ғалаба қозонса, мамлакат сиёсий ҳаётида нималар юз беришини олдиндан айтса бўлади.

Табиийки, у 20 йилдан бери қўллаб келган сиёсатини давом эттиради. Ислом бирдамлигиомилини важ қилиб, мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади.

Туркия аста-секин НАТОдан ҳам узоқлаша бошлайди. Европа эса — Туркиянинг энг йирик савдо ҳамкори экани инобатга олинса, оғир вазиятдаги мамлакат иқтисодиёти учун Ғарб билан қарама-қаршиликни чуқурлаштириш эмас, балки уларни бартараф этиш анча муҳимроқдир.

Бироқ, Эрдўғон сайловларда ғолиб чиққан тақдирда ҳам мамлакатни бошқариши қийин кечади. Бугун президентлик сайловлари билан бирга парламент сайловлари ҳам ўтказилмоқда.

Эрдўғоннинг партияси катта эҳтимол билан ютқазиши мумкин. Чунки, Туркиянинг 600 ўринли парламентига ўтиш учун партия 7 фоизлик тўсиқдан ўта олиши лозим. Бу эса ҳукуматда Эрдўғон тарафдорларининг камайишига олиб келади.

Камол Қиличдорўғлининг партияси кўп йиллардан буён Туркия Камол Отатурк бошлаб берган йўлдан юришни, яъни динни давлатдан ажратишни маъқул кўради.

Улар бугунги сайловларга парламент республикасига қайтиш ва президент ваколатларини чеклаш ваъдаси билан келди. Аммо бунинг учун алянс парламентдаги 600 ўриндан 400 тасини қўлга киритиши керак бўлади. Ижтимоий сўровлар асосида эса парламент таркиби қандай кўриниш олишини тахмин қилиш осон эмас. Парламент ваколатларининг бир қисмини бой берганига қарамай, унда ҳамон Эрдўғоннинг ҳаётини қийинлаштириш учун таъсир кучи сақланиб қолган.

Эрдўғоннинг тақдири ҳақида башорат қилишга уриндик, бироқ Қиличдорўғли ғолиб чиқса нима бўлади?

Қиличдорўғли президент этиб сайланса, ўта мураккаб вазиятдаги, иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган мамлакатни “мерос” қилиб олади. Тўғри, мухолифат ушбу вазиятни ўзгартириш бўйича таклифлари ёзилган 250 саҳифали ҳужжатни эълон қилди. Аммо ундаги кўп бандлар келажакни аниқ башорат қилиш учун жуда мавҳум кўринади, уларда аниқ режа ва қадамлар белгилаб берилмаган.

Шунга қарамасдан, Қиличдорўғлининг ваъдалари ташқаридан кузатувчилар учун жозибали кўринади. Унинг сайловолди дастуридаги инсон ҳуқуқлари учун кураш, коррупция ва қариндош-уруғчиликка чек қўйиш, НАТО бўйича иттифоқчилар билан келишмовчиликларни ҳал қилиш, Эрдўғон юритган ноанъанавий иқтисодий ва молиявий сиёсатдан воз кечиш, сиёсий маҳбусларни озод этиш каби моддалар Ғарбнинг кўзига “оловдек” кўринади, албатта.

Халқаро сиёсатдаги тенденциялар эса анча аниқроқ. Масалан, мухолифатдаги коалиция аллақачон F-35 қирувчи самолётлари муаммосини ҳал этиш истагида “ёнмоқда”.

Эрдўғон қачонлардир 100 та жанговар самолёт сотиб олишни ва бу қирувчиларни ишлаб чиқарувчи халқаро консорциумнинг бир қисми бўлишни хоҳлаган. Аммо у россияликларнинг С-400 зенит-ракета тизимларини сотиб олгач, консорциумга етакчилик қилувчи АҚШ Анқарага F-35 дастурида иштирок этишга рухсат бермади.

Туркия россияликларнинг С-400 тизимларидан воз кечсагина, дастурга аъзолигини тиклаши мумкин. Россиянинг айрим нашрлари аллақачон Қиличдорўғли С-400 тизимларини Украинага бериб юборишидан хавфсирай бошлади.

Қолаверса, мухолифат номзоди ғалаба қозонган тақдирда Туркия учун йирик савдо ва инвестиция ҳамкор ҳисобланувчи Евроиттифоқ билан муносабатларни яхшилашни режалаштирмоқда.

Лекин барибир Ғарб билан айрим келишмовчиликлар сақланиб қолиши мумкин — масалан, Сурия масаласида бир тўхтамга келиш эҳтимолдан узоқ.

Сўнгги йилларда Эрдўғон ва Башар Асад ўртасида ҳақорат ва айбловлар алмашинуви кузатилган, улар бир-бирини террорчи ва ўғри деб аташган. Аммо буни ўзгартириши мумкин бўлган жиддий омил бор — қочқинлар.

Туркияда ҳозирда тўрт миллионга яқин суриялик қочқин истиқомат қилади, Анқарадагилар эса уларни ватанига қайтаришдан мамнун бўлган бўларди. Аммо бунинг учун Асад билан мулоқот қилиш зарур. Қиличдорўғли эса бундай қадамни ташлашга тайёр.

Қиличдорўғли иқтидорга келса, Туркиянинг Россия билан муносабатларида ҳам ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда.

Маълумки, Россия президенти Владимир Путин ва Ражаб Эрдўғон ўртасида ҳамиша илиқ муносабатлар ҳукмрон бўлган. 2015 йилга қадар уларни ҳатто “дўстона” деб аташ мумкин эди, аммо қатор можаролардан кейин икки етакчи ўртасига совуқчилик туширди: аввал Туркия Россия бомбардимончи самолётини уриб туширди, кейин Россиянинг Анқарадаги элчиси отиб ўлдирилди.

Россия ва Туркия Сурия ва Ливияда ҳам ўзаро манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ вазиятларга кўп марта дуч келишган. Аммо бу икки сиёсатчи ҳар доим дарров ярашиб ва келишиб олишган.

Бу каби тушунмовчиликлар ҳеч қачон ишга халал бермаган: Туркия Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуасини сотиб олган, Туркия оқимини очишган, Россиянинг Газпром компанияси эса шу кунларда Туркиянинг Ўрта Ер денгизи соҳилларида атом электр станцияси қурилишини якунлади.

Россияга деярли бутун дунё санкция қўллаб, уни қутурган ҳайвон каби иҳоталаб ташлаганларида ҳам Путин икки асосий ҳамкори — Хитой ва Туркия у билан мулоқот қилишда давом этди.

Аммо Хитой — Путин тенг шартлар асосида гаплашиши мумкин бўлган мамлакат эмас. Туркия эса бу жиҳатдан “қулайроқ” давлат. Ҳозир ҳам Туркия Россия билан иқтисодий алоқаларни давом эттирмоқда, ўз ҳудудида газ ҳаби ташкил этилиши ғоясига иштиёқ билан қарайди.

Ва, албатта, Туркия Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ҳам ёрдам бермоқда — бу эса НАТО бўйича ҳамкорларининг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Қиличдорўғлидан вазият бўйича қарашларини сўрашганида, у шундай жавоб қайтарган:

“Россия — бизнинг муҳим қўшнимиз ва вазият талаб қилганда минтақадаги ҳамкорлик бўйича шерикларимиз. Албатта, минтақада тинчлик ва барқарорлик сақланиши учун биргаликда ҳаракат қилсак ҳам, айрим масалаларда турлича қарашларга эга бўлишимиз мумкин. Мен ўзаро муносабатларимизни ўзгартириш учун қандайдир сабаб бор, деб ўйламайман.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қиличдорўғли ҳокимият тепасига келса, НАТОга устувор эътибор қаратган ҳолда Россия билан яқин ҳамкорликни ҳам сақлаб қолмоқчи.

Аммо сайловга икки кун қолганида Қиличдорўғли ўз твиттерида рус тилида Россияга мурожаат қилиб, турк давлатидан қўлини тортишга чақирди.

“Азиз рус дўстлар, кеча бу мамлакатда фош қилинган монтажлар, фитналар, Deep Fake контенти ва ёзувлари ортида сиз турибсиз. 15 майдан кейин ҳам дўстлигимизни давом эттирмоқчи бўлсангиз, Турк давлатидан қўлингизни тортинг. Биз ҳамон ҳамкорлик ва дўстлик тарафдоримиз, — дея ёзган номзод.

Гап президент Эрдўғон ўз тарафдорларига кўрсатган видеоёзувлар ҳақида бормоқда. Видеода Камол Қиличдорўғли барчани сайловга боришга чақираётгани акс этган, бир сония ўтиб эса кадрда террорчи деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси етакчиси кўриниш беради.

Журналистлар видеони таҳлил қилиб, ёзув ҳақиқий эмас, деган хулосага келишган — у махсус монтаж қилинган.

Кремлдагилар фейкка алоқадор эмаслигини билдириб, аксинча, “Туркия билан икки томонлама муносабатларни жуда ва жуда қадрлаши”ни билдирган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков “Россия бошқа ички ишларига аралашмайди, бундай фикр билдираётганлар эса ёлғончилар”, дея муносабат билдирди.

Экспертларнинг тахминларига кўра, Қиличдорўғли сайлангудек бўлса, Анқара Швециянинг НАТОга киришига тўсқинлик кўрсатмайди. Шу билан бирга, Туркия С-400 тизимларидан воз кечса ва ракетага қарши мудофаа архитектурасини НАТО стандартлари бўйича қурадиган бўлса, бу бутун Европадаги вазиятни жиддий даражада ўзгартиради.

Биринчи навбатда Россия бундай ўзгаришларга рози бўлмайди. Путинда эса кучли таъсир воситалари бор: газ таъминоти, яқинда очилган Аққую АЭС, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ҳамда туристлар оқими шулар жумласидандир.

Қиличдорўғли албатта ҳамма нарсадан воз кечса ҳам, АЭСдан воз кечгиси келмайди ва чиқиш йўлини топишга ҳаракат қилади.

Аммо Қиличдорўғли ғалаба қозонган тақдирда, дастлабки вақтларда асосий ички муаммолар билан шуғулланишига тўғри келади. Эрдўғон тез-тез халқаро ютуқлар билан ўз рейтингини кўтаришни ёқтирарди.

Афсуски, охирги пайтларга келиб турклар ўз президентлари жаҳон нашрларининг биринчи саҳифаларида неча марта кўриниш беришига аҳамият бермай қўйишди. Халқ учун ҳозирги шароитда энг муҳим масала — зарур озиқ-овқат маҳсулотларини яна арзонроқ нархларда сотиб олиш имкониятига эга бўлишдир.

Бир сўз билан айтганда...

Бир сўз билан айтганда, ҳар икки номзод – Эрдўғонда ҳам, Қиличдорўғлида ҳам имкониятлар деярли тенгдек кўринади. Аммо яна бир асосий омилни аввалдан прогноз қилиш қийин – бу халқ иродасидир.

Бугунги сайловлар турк халқи иродасини яна бир марта синовдан ўтказади. Халқнинг аксарияти келажакда қандай ҳаётда яшашни истаса, шу ҳаётни ваъда қилган номзодга овоз беради. Туркларининг бахтига ҳар икки номзод бир-биридан кескин фарқ қилади, сиёсий қутбларни фарқлаш осон.

Ҳамма номзодлари нотаниш ва инкубатордан чиққандек бир хил сайловлар олдида турган халқлардан фарқли ўлароқ, турклар нима истаётганини аниқроқ ифода эта олади бугун.

Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ шарҳлади

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+