Ракета отишдан кимга фойда?
"Сешанба кунидан бери Ғазо секторига ракета отилиши натижасида қурбонлар сони 31 нафарга етди, деб хабар берган Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Вазирликнинг қайд этишича, ҳалок бўлганлар орасида олти нафар бола ва уч аёл ҳам бор. 93 фаластинлик, жумладан 32 бола ва 17 аёл яраланган.
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 9 май, сешанба кунидан бери Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини тўхтатгани йўқ.
Бундан ташқари, жума куни эрталаб яна бир ҳаво ҳужуми натижасида турар-жой биноси бутунлай вайрон бўлган.
Фаластиндаги жангари гуруҳлар ҳам ўз навбатида Исроил ҳудудига ракета ҳужумлари билан жавоб бермоқда.
Натижа эса ҳар доимгидек бўлади. Фаластинни озод қилиш бўйича бирор натижага эришилмайди. Фаластинликлар отган қўлбола ракеталарнинг 95 фоизи Исроилнинг "Темир гумбаз" - ҳаводан ҳимоя тизими воситасида ушлаб қолинади. Ҳеч бир исроиллик жабр кўрмайди, қурбонлар деярли бўлмайди, биноларга зарар етмайди - ҳатто бирорта ҳожатхона ҳам қуламайди. Лекин фаластинликлар орасида қурбонлар кўпаяди, ўнлаб бинолар вайрон бўлади, Исроил ҳарбийлари эса ракета отган жангариларни ушлаш ва ракета отилган жойларни аниқлаб, йўқ қилиш баҳонасида бемалол фаластин маҳаллалари ичига кириб, навбатдаги тинтувлар ва қамоққа олишлар учун зўр баҳонага эга бўлишади. Халқаро ҳамжамият ҳам исроилликлар тарафида бўлади. "Фаластинлик террорчилар дастидан азоб чекаётган бечора исроилликлар" дея телелавҳалар тайёрлашади.
Хўш, бу ракета ҳужумларидан кимга фойда-ю, кимга зиён экан? Ақли расо одам бу ракета ҳужумлари айнан фаластинликларга зарар беришни истаётган ёвуз кучлар томонидан ташкиллаштирмоқда, деган ўйга бориши табиий.
Аввало аниқлаштириб оладиган бўлсак, доимий қамал остида яшайдиган фаластинликларт қўлига ракеталар қаердан келиб қоляпти? Тўғри, уларнинг аксарияти қўлда ясалган бўлиб, даладаги чумчуқларни қўрқитишга ярайди холос. Лекин улар орасида ростмана жанговар ракеталар ҳам мавжуд. Буларни эса фалатинлик жангариларга Эрон етказиб бермоқда.
Умуман, Эрон қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва тарқатишда пешқадамлик қилмоқда. Яманда хусийлар билан тўполонлар тинчиб, оташкесим эълон қилиниб, сулҳ тузилганига қарамасдан, хусийларга ракета ва дронлар етказиб беришда давом этмоқда. Украинадаги тинч аҳолини қирғин қилиш учун Россияга камикадзе дронлар ва ракеталар жўнатмоқда.
Ливан, Сурия ва Ироқдаги шиаларни, жумладан ярим асрлик доимий "фарзанди" - "Ҳизбуллоҳ"ни ҳам қуроллантиришга вақт топа оляпти.
Айни соатларда эса "Исломий жиҳод" ҳаракатининг қуролли қаноти бўлмиш "Ал-Қудс бригадалари" Исроил шаҳарларига ракета ҳужумларини қайта бошлаганини эълон қилди.
Ғазо секторидан Исроил шаҳар ва қишлоқларига ракета ҳужумлари давом этмоқда. Исроилнинг Ашкелон ва Ашдод шаҳарларида, шунингдек, Ғазо сектори атрофидаги аҳоли пунктларида сиреналар янгради. Исроил ҳарбий самолётлари ҳам Фаластин ҳудудларига рейдларини давом эттирмоқда.
Яна ўша савол: кимга фойда?..