Туркия президенти куч йиғмоқда. У ҳамон сайловларда ғолиб чиқиши мумкин

Эртага Туркияда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Номзодлар орасида фаворитлар йўқ. Ҳар бир номзод ўзига хос устун ва кучсиз жиҳатларга эга. Ҳатто 20 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган Эрдўғон ҳам жиддий синовлар олдида турибди.

Жаҳон
13 май 2023 йил
Туркия президенти куч йиғмоқда. У ҳамон сайловларда ғолиб чиқиши мумкин

Шундай шароитда амалдаги Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон сиёсий  вазиятни ўз фойдасига ўзгартириш учун барча давлат ресурсларини сафарбар қилмоқда. 

Масалан, Эрдўғон  ўзини яхши кўрсатиш учун охирги бир ярим йил ичида энг кам иш ҳақи миқдорини 3 марта ошириб, давлат Ғазнасидан фойдаланди. 

Унинг сиёсий рақиблари давлат телерадиоэфирпларида деярли кўринмайди, лекин Эрдўғоннинг чиқишлари тўлалигача трансляция қилинади. Қолаверса, сайловларни назорат қилувчи Сайлов комиссиси яқинда бир шубҳали баёнот бердики, бу ҳам амалдаги президент фойдасига талқин қилиниши мумкин. 

Лекин шуларга қарамасдан, Эрдўғон барибир сайловларда ютқазиши мумкин. 

Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровларнинг кўрсатишича, Эрдўғон асосий рақиби Камол Қиличдорўғлидан сиёсий “пойга”да анча орқада қолмоқда. Ҳатто Қиличдорўғли шу ой охирида ўтказилиши мумкин бўлган иккинчи турга ҳам ўтиши тахмин қилинмоқда. Чунки сиёсий рақибларининг фикрича, Эрдўғоннинг ҳокимият тепасида қолиши унинг автократик бошқаруви ҳамда туркларни янада камбағалликка ботираётган доимий юқори инфляция боис Туркияни янада кучсизлантириши мумкин. 

"Сайловлар адолатсиз, лекин улар эркин ўтади, шунинг учун Туркия олдида сиёсий ўзгаришлар истиқболи турибди», — дейди Истанбулнинг EDAM Тадқиқотлар гуруҳи директори Синан Улген. “Истиқбол мавжуд ва у ҳозирданоқ ўзини билдирмоқда”, деди Улген.

Ғарб экспертларининг айтишича, Эрдўғон суд тизимини ўзига мойил мулозимлар билан тўлдирган ва сўз эркинлигини чеклаган ҳолда мамлакатдаги демократик институтларга путур етказди. Унинг асосий сиёсий рақиби Қиличдорўғли эса сайловларда ғалаба қозонса Туркияда демократияни тиклашга ваъда берган

Шунга қарамадсан, Эрдўғоннинг сайланмай қолиши нафақат Туркияда, балки бутун минтақа ва жаҳон сиёсий саҳнасида глобал ўзгаришларгп олиб келиши мумкин. Яқинда Қиличдорўғлинниг Россияни Туркиядаги сайловларга аралашишда айблаб баёнот бергани ва у президентликка сайланса Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқишини айтганини унутмайлик. Камол Қиличдорўғли, Эрдўғондан фарқли ўлароқ, ҳатто Россияга қарши Ғарб санкцияларига қўшилишва бу йўлда “помидорлар экспорти ва сайёҳлик борасида” Россияга боғлиқликдан воз кечишини ҳам яширмаган. Туркиядаги сайёҳларнинг аоссий қисми россияликлар экани ва Туркиянинг Россияга мева-савбзавот экспорти катта даромад келтириши боис, бу жиҳатлар сиёсий дастак ўлароқ ишга солиниши мумкинлиги яқин тарихда кўп кузатилди. 

Агар Туркия Россияга қарши сиёсат йўналишини танласа, Озарбайжон-Арманистон  можорасида Туркия-Россия махфий келишувларига путур етади. Туркия Озарбайжонга яқин иттифоқчи бўлишдан воз кечиши ҳам Қиличдорўғли баёнотларида айтилган. Натижада бу можарода Арманистонга ён босмай келаётган Россия ҳукумати ҳам ўз фикрини ўзгартириш мумкин. 

Қолаверса, Сурия можаросидаги кучлар мувозанати ҳам бузилади. Туркия Украинадаги урушдаги, хусусан, Украина буғдойини экспорт қилиш учун хавфсиз денгиз коридори  очишдаги воситачилик ролидан айрилади. Бу ҳам жаҳонда халқаро сиёсий муносабатлар мувозанатига путур етказиши ва мувозанат тиклангунига қадар катта куч ва ресурслар сарф бўлишига олиб келиши мумкин.

Лекин шу билан бирга, Туркиядаги сайловларни нохолис, дейиш қийин. Эрдўғон ва унинг партияси шу пайтгача сайловларда доим ҳаққоний, ҳеч қандай ғирромликларчсиз, рақибларига босим ва куч ишлатмасдан ғалаба қозониб келган. Бу жиҳатлар инобатга олинса, эртага – 14 май куни Туркияда ўтадиган сайловлар натижаси борасида интрига сақланиб қолади. 

Нима бўлганда ҳам вақт олий ҳакам. Барчаси Туркия халқининг сиёсий иродасига боғлиқ  бўлиб қолмоқда. Барча жанг ва тортишувлар, тахмин ва хавотирлар эртага сайлов қутиларида ўз ниҳоясига етади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+