platina.uz

Айрим туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳайфсан олди

Президент айни пайтда бўлаётган йиғилишда айрим ҳокимлар осон йўлни танлаб, қуёш панеллари ўрнатиш бўйича қўйилган вазифани тайёр бюджет маблағлари ҳисобидан бажаришга ўрганиб қолганлигини маълум қилди.

Сиёсат
11 май 2023 йил
Айрим туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳайфсан олди

Президент Шавкат Мирзиеёв тадбиркорлар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларда кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда жойлардаги мутасаддилар томонидан оқсоқликка йўл қўйилаётганини танқид қилди.

Жумладан, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича Самарқанд, Жиззах, Бухоро вилоятлари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий вилоятлари анча орқада.

Туманлар кесимида Сергели, Чилонзор, Учтепа, Нукус, Беруний, Бекобод, Паркент, Пискент, Қизилтепа, Гулистон, Сирдарё, Арнасой, Бағдод, Фурқат, Термиз, Олтинкўлда ишлар аҳволи қониқарли эмас.

Тадбиркорлар билан ишлаш аҳволи ҳам бирорта ҳудудда талаб даражасида эмас. Улар томонидан 790 мегаватт қувват яратиш режа қилинган бўлса-да, бугунги кунга қадар бор-йўғи 50 мегаваттли қувватлар ишга тушган.

Туманлар кесимида Сайхунобод, Когон, Жондор, Мирзаобод, Шароф Рашидов, Пахтакор, Янгиариқ туманлари, Янгиер, Урганч шаҳарлари ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган. Ушбу туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан берилиши, икки ойда ўзгариш қилмаса, ишдан кетиши белгиланди.

Айрим ҳокимлар осон йўлни танлаб, қўйилган вазифани тайёр бюджет маблағлари ҳисобидан бажаришга ўрганиб қолгани кўрсатиб ўтилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+