platina.uz
Жамият

Ўзбекистонда ёшлар кўпроқ қайси касб эгаси бўлмоқчилиги аниқланди

10-22 ёшли болалар ўртасида ўтказилган сўровнома ёшларда тиббиёт йўналишидаги касбларга қизиқиш катталигини кўрсатди. Кейинги ўринларни ўқитувчи, IT мутахассислиги, иқтисодчи (соҳалар бўйича), тадбиркор каби касблар эгаллади. Аммо ҳали келажакда қайси касб эгаси бўлиш ҳақида бир қарорга келмаганлар ҳам бор.
Ўзбекистонда ёшлар кўпроқ қайси касб эгаси бўлмоқчилиги аниқланди

Бугун шиддатли ўзгаришлар жараёнида янги соҳалар, даромадли касблар кенгайиб бормоқда. Айниқса ёшлар орасида тил ўрганиш ва IT технологиялар сири билан “тиллашиш” оммалашаётганига гувоҳ бўляпмиз. Ота-оналар ҳам фарзандларини келажакда тўғри танлов қилиб, замон талабига мос касбларнинг эгаси бўлишини исташи бор гап. Мактаб давриданоқ бунга пойдевор қўйишга ҳаракат қилишади, фарзандлари аниқ бир йўналиш, соҳани мукаммал эгаллаши учун инвестиция кирита бошлашади. Хўш, бугун ота-оналар фарзандларининг келажакда қайси соҳа эгаси бўлишига қанчалик қизиқишади, ёшлар учун эса қай бири афзал?

Бу саволга жавобни Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари ўтказган тадқиқот натижалардан топишга уринамиз.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, фарзандлар тарбияси ва уларнинг касб танлашида ота-оналарнинг роли, шунингдек, бунинг беташвиш кексалик гаштини суришдаги аҳамиятини аниқлаш учун ўтказилган тадқиқотда 10 ёшдан 22 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари ҳам қатнашган.

Тадқиқотда иштирок этган ота-оналарнинг аксарияти (80,2%) фарзандларини маълум касб бўйича етук мутахассис бўлиб, элга таниладиган инсон сифатида кўриши маълум бўлди. Моддий таъминланганлик ва мулк эгаси бўлиши иккинчи орзу бўлиб қолмоқда (7,9%). Шунингдек, маълум бўлишича, ёшларда тиббиёт йўналишидаги касбларга (15,5 фоиз) қизиқиш катта.

Кейинги ўринларни ўқитувчи (9,7 фоиз), ИТ мутахассислиги (9,3 фоиз), иқтисодчи (соҳалар бўйича) (8,2 фоиз), тадбиркор (7,7 фоиз) каби касблар эгаллаган. Респондентларнинг 2,5 фоизи фарзандлари келажакдаги касби ҳақида ҳали қарорга келмаганини таъкидлаган.

Қизлар кутилганидек кўпроқ шифокор (16,3 фоиз) ва ўқитувчи (13,8 фоиз) касбларини танлаган бўлса, ўғил болалар биринчи ўринда ИТ мутахассислиги (18,7 фоиз), кейин эса шифокор (13,7 фоиз), иқтисодчи (13,2 фоиз) ва тадбиркор (11,2 фоиз) касбларини афзал кўрган.
Фарзандининг касб тўғрисидаги қарори қандай бўлмасин, ота-оналарнинг 81,6 фоизи бу қарорни бажонудил қабул қилишини, 12,7 фоизи эса ушбу қарорни ўзгартириш кераклигини илтимос қилишини айтган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid