Нархи ошаётган “овоз”лар: “Open Budget” ғолиблиги учун “кимўзар” ҳақида
Уч йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йиллар давомида ҳудудларда аҳолини қийнаб келган у ёки бу масаланинг ечими учун “тепадаги”ларнинг қош-қовоғига қарашга чек қўйди. Аҳолида ҳам ташаббускорлик, ўз ҳудуди учун фидойилик кўрсатиш янада шаклланди. Ўтган йилларга қараганда бу йил мазкур лойиҳага киритилган таклифлар кўп, ғолибликка даъвогарлар ҳам. Сабаби одамлар аллақачон бу лойиҳанинг “мазасини тотди”, “иссиқ-совуғини” ҳис қилди. Яъни аҳолининг асосий қисми бу лойиҳа кўпгина масалаларга ечим топиш имкони эканлигини англади. Бу эса ўзи ўзидан рақобатни юзага келтирмоқда. Аҳоли эса ўз ҳудудига оид таклиф ғолиб бўлиши учун бор имконини ишга соляпти. Бугун кўча-кўйда, гавжум жойларда 10-15 минг сўмгача пул ёки турли турли хил энергетик ва газли ичимликларни таклиф қилиб, битта овоз беришни сўраётганларга кўзи тушмаган одам бўлмаса керак. Айниқса бу жараёнда республикамизнинг турли вилоятларидан пойтахтга келиб овоз йиғаётган юртдошларимиз анча фаол.
Жамоатчиликнинг бундай ёндашувини кимдир қораласа, баъзилар қўллаб-қувватламоқда. Яъники, одамларимизнинг фаоллиги, жамоатчилик ташаббуслари кимнидир қувонтирмоқда, баъзилар эса буни тизимнинг нохолислигига йўймоқда. Мутахассис бу ҳолатга изоҳ бераркан, жараёнда фуқароларнинг регионал ҳуқуқлари чекланмаган, деди.
Аммо лойиҳа жараёнида кишини ранжитадиган, унинг холислигига соя солаётган ҳолатлар ҳам кузатилдики, бунга бефарқ қараб бўлмайди. Аввалига ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий овоз беришга мажбурланган ҳолатлари кузатилган бўлса, ўқувчиларни ҳам овоз беришга жалб қилган мактаб директори қилмиши шулар жумласидан. Барча масъуллар бунга қарши чиқди ва бу лойиҳанинг холислигига, адолатлилига соя солувчи бундай ҳаракатларни қоралашди.
Олий Мажлис Сенати ҳам алоҳида мурожаат билан чиқди ва ижтимоий тармоқларда тарқалган бу каби ҳолатлар Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси томонидан атрофлича ўрганилаётганини, натижалари бўйича қўшимча равишда маълумот беришини билдирди.
Хулоса ўрнида қайд этмоқчимизки: ташаббускорлик холис ва адолатли бўлсин! Ғолибликка шундай эришайликки, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин!
Аббос ИМОМОВ