731,6 млн сўмлик давлат хариди бекор қилинди – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Бекор қилинган давлат хариди эса Урганч шаҳар Ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати буюртмачилигида иссиқ овқат билан таъминлаш бўйича аутсорсинг хизмати учун ўтказилган.
Давлат харидлари
4 апрель 2023 йил
731,6 млн сўмлик давлат хариди бекор қилинди – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган мониторинг натижасида Урганч шаҳар Ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати буюртмачилигида иссиқ овқат билан таъминлаш бўйича аутсорсинг хизмати учун 2023 йил 29 март куни ўтказилган 731,6 млн сўмлик давлат харидида бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Бунда,  хусусан,  Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 19-моддаси (давлат буюртмачилари), 23-моддаси ( харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси), 42-моддаси (иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари) ва 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, давлат харидида иштирок этган 2 та МЧЖнинг раҳбари ва таъсисчиси бир киши эканлиги яққол кўриниб турган бўлсада, мавжуд аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмаган ва ноҳалол рақобатни келтириб чиқарганлиги ўрганилмаган ҳамда ҳолат бўйича танловни ўтказишни вақтинчалик бекор қилиш чоралари кўрилмаган.

Шунингдек, харид комиссияси раиси, аъзолари (овоз бериб баҳолаш ваколатига эга) ва комиссия котиби томонидан ўртача 2023 йил 29 март куни соат 17:37 дан 17:41 гача, яъни ўртача 5 минут вақт ичида IP-манзили бир шахсга тегишли бўлган компьютер орқали харид натижалари баҳоланиб, баённома расмийлаштирилган ҳамда иштирок этган ва ғолиб деб топилган тадбиркорларнинг ҳужжатлари, маълумотлари қонунга зид равишда буюртмачи фойдаланган компьютер орқали электрон платформага юкланганлиги маълум бўлди.  

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида Агентлик томонидан 2023 йил 30 март куни буюртмачига тақдимнома киритилди.

Урганч шаҳар Ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати томонидан 2023 йил 31 март куни Агентликка тақдим этилган хатга кўра, Агентликнинг тақдимномасида қайд этилган камчиликлар бартараф этилиб, харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир ойда давлат харидларига оид жами 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар бергандик

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+