"Маданият ва маърифат" телеканали номи ўзгармайдиган бўлди — Озодбек Назарбеков

Жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган масала – "Маданият ва маърифат" телеканали атрофидаги жўшқин баҳсларга адолатли нуқта қўйилди.
Жамият
13 апрель 2023 йил
"Маданият ва маърифат" телеканали номи ўзгармайдиган бўлди — Озодбек Назарбеков

Маданият ва туризим вазири Озодбек Назарбеков Маданият ва маърифат телеканали номи билан боғлиқ мунозаралар бўйича хулосаларини очиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Карвон” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси (ИД-78167 (В-1) тайёрланиб, бир неча кун аввал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – project.gov.uz'да  эълон қилинган эди.

Вазир мазкур қарор лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олингани ҳамда ижтимой тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан қувонганини билдирди.

"Ҳафта давомида трендга чиққан “Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги фикр-мулоҳазалар миллатимиз зиёлилари, телеижодкорлар юрагида йиғилиб қолган дардларни ҳам ошкор қилди. Бу жўшқин чиқишлар тўлқинида эътиборимни тортган масалалар қаторида қуйидагиларни алоҳида белгилаб олдим:

  •  Телеканал номини ўзгартирмаслик;
  • Илмий-маърифий, адабий-бадиий лойиҳаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш;
  • Моддий-техник база масаласига ечим топиш;
  • Меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш масаласини ҳал қилиш;
  • Бадиий ва ҳужжатли филмлар, умуман, барча жанрдаги медиамаҳсулотни эфирга узатишда лицензия билан боғлиқ масалалар.

Бу ва бошқа ёндош масалалар босқичма-босқич ҳал этилиши лозим, бу жараёнларда эса бутун жамоа бирлашиши, баҳс-мунозара майдонида кўрсатган қатъиятини иш майдонида ҳам намоён этиши зарур деб биламан. Зеро шу юрт, шу халқ вакиллари сифатида барчамиз умумий мақсад йўлида – миллатни юксалтириш, юрт равнақига ҳисса қўшиш йўлида камарбастамиз.  

“Маданият ва маърифат” телеканали атрофидаги жўшқин баҳсларда холис иштирок этган барча зиёлиларга юракдан ташаккур айтаман.  

Ойдин кунларга етишмоқ йўлидаги хайрли сайъ-ҳаракатларимиз яхши самараларга етказсин, барчаларимизни муборак кунлар фазилатидан насибадор қилсин", - дейди Озодбек Назарбеков

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+