Фарғонада мактаб ўқувчиси ўзини 16 қаватли уй томидан ташлашга уринди
14 ёшли мактаб ўқувчиси ўгай отаси билан ўзаро жанжаллашиб қолиши натижасида 16 қаватли уйнинг томига чиқиб олган.
Жамият
12 март 2023 йил
Ижтимоий тармоқда Фарғона шаҳрида мактаб ўқувчиси бўлган қиз ўзини 16 қаватли уйнинг томидан ташламоқчи бўлгани ҳақида хабар тарқалган.
Бош прокурорининг матбуот котиби Хаёт Шамсуддинов ҳолат бўйича Platina.uz'га расмий маълумот берди.
Аниқланишича, 14 ёшли қиз Д.К. (мактаб ўқувчиси) ўгай отаси билан ўзаро жанжаллашиб қолиши натижасида Фарғона шаҳрининг Тарона кўчасида жойлашган 16 қаватли уйнинг томига чиқиб олган ҳамда у ердан пастга ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.
Воқеа жойига борган Фарғона шаҳар ИИБ ва ФВВ ходимлари Д.К.ни томдан соғ-омон тушириб олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.