Йил одами – Шавкат Мирзиёев!

Platina.uz талқинида йил одами мақомига Шавкат Мирзиёев лойиқ кўрилди. Қуйида бунинг сабабларига тўхталамиз.

Сиёсат
29 декабрь 2023 йил
Йил одами – Шавкат Мирзиёев!

Platina.uz талқини бўйича 2023 йил одам сифатида президент Шавкат Мирзиёев лойиқ кўрилди. Бунинг бир неча сабаблари бор. Қуйида уларга тўхталиб ўтамиз.

3 марта афв

Шавкат Мирзиёев шу йилнинг ўзида учта афв эълон қилди. Биринчиси Рамазон ҳайити (541 нафар маҳбус), иккинчиси Мустақиллик байрами (286 нафар маҳбус) ва учинчиси Конституция куни (334 нафар маҳбус) муносабати билан чиқарилди. Масалан, 2022 йилда 2 марта афв эълон қилинган.

Референдум ва сайлов

2023 йилда иккита муҳим сиёсий воқеа юз берди. Бири референдум, иккинчиси президент сайлови. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Конституция тубдан ўзгартирилди, замонга мослаштирилди, инсон қадри бирламчи мақсадга айлантирилди.

Шунингдек, ўз келажагига ишонган халқ навбатдан ташқари президент сайловида Шавкат Мирзиёевга катта фарқ билан овоз берди. Президент лавозимига киришар экан, биринчи навбатда инсон қадрини улуғлаш, экологияни яхшилаш каби ғояларни илгари сурди.

Янги Тошкент

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳридан четроқда Янги Тошкент бунёд этилади. Ваъда қилишларича, бу пойтахт экологик тоза, яшил ҳудудга айланади.

Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент қурилади.

Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади. Давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.

Лойиҳани амалга оширишда замонавий урбанизация ёндашувлари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. “Яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади.

Шу мақсадда 100 минг автомобил учун ерости тураргоҳлари қурилади. Машина қатнови учун 14 та замонавий тунеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.

Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади. Яъни бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилиб, ёзда эса совитилади.

Янги Тошкент лойиҳасида сув тежовчи технологиялар ҳисобига сув сарфи 2 баравар камаяди. Оқова сувлар ҳам замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.

Янги шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Энергетика

Президент ташаббуси билан бу йил энергетикага катта ва алоҳида эътибор қаратилди. Бир қатор хорижий давлатлар билан иссиқлик, шамол, гидро электр станциялар қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари бошланган.

Масалан, Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр станциясини барпо этиш лойиҳасини якунлади. Шунингдек, Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.

Бундан ташқари, Хитойнинг China Gezhouba Group компанияси Бухоро ва Қашқадарёда умумий қуввати 1000 мегаваттлик қуёш станцияларининг биринчи босқичи қурилишини тугатди.

Жами қиймати 2 миллиард долларлик ушбу станциялар тўлиқ ишга тушса, икки миллионта хонадон узлуксиз электр энергияси билан таъминланади, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.

Хорижий сафарлар

Шавкат Мирзиёев 2023 йилда 18 та давлатга ташриф билан борди. Жумладан, Қирғизистон, Россия, Озарбайжонга 3 марта сафар қилган.

  • Январ - Қирғизистон, Сингапур;
  • Феврал - Миср;
  • Март - Озарбайжон, Туркия;
  • Май - Германия, Россия, Хитой;
  • Июн - Қирғизистон, Туркия, Италия, Эрон;
  • Июл - Саудия Арабистони;
  • Август - Туркманистон, Венгрия, Озарбайжон;
  • Сентябр - Тожикистон, АҚШ, Германия;
  • Октябр - Қатар, Россия, Қирғизистон, Хитой;
  • Ноябр - Қозоғистон, Озарбайжон, БАА;
  • Декабр - Россия.
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+