Янги йилда кўриладиган филмлар ўнталиги
Platina.uz янги йилда кўриладиган филмлар ўнталиги ҳақида маълумотларни тақдим этади.
Баъзан инсон ўзи яшаётган муҳитни тасвирлар орқали кўришни истайди. Яъни уни бадиий, визуал тарзда ҳис қилишни хоҳлайди. Бунда кўп ҳолларда бадиий филмлар қўл келади. Айтайлик, янги йил яқинлашгани сайин қишни ифодаловчи, оппоқ қорга бурканган саҳнали филмларга талаб ортади. Шу талабдан келиб чиққан ҳолда Platina.uz янги йилда кўриладиган филмлар ўнталиги ҳақида маълумотларни тақдим этади.
1. “Уйда ёлғиз”, 1990 йил
АҚШ киноижодкорлари томонидан суратга олинган оилавий комедия. Филм энг кассабоп филмлар рўйхатида "барча даврларнинг энг кўп даромад келтирган комедия филми" сифатида эътироф этилиб, 2011 йилгача етакчи ўринда бўлган. Филмда жажжи актёр Маколей Калкин тасодифан Янги йилда ёлғиз қолиб кетган 8 ёшли Кевин Маккалистер қаҳрамони ролида гавдаланган. 1991 йилда бош рол ижрочиси "Олтин глобус"нинг "Энг яхши филм" ва "Энг яхши актёр" номинацияларида ғолиб бўлди. Бастакор Жон Уилямс "Энг яхши филм мусиқаси" учун Оскар мукофотининг иккита номинациясини олди. Маккалистерлар хонадони ҳаётда ҳам мавжуд бўлиб, унинг манзили – Иллинойс штатининг Уиннетка шаҳрида, Линколн проспектидаги 671-уй. Филмнинг муваффақияти тўғридан-тўғри давоми – “Уйда ёлғиз 2: Ню-Йоркдаги саргузаштлар” филми 1992 йилда экранга чиққан. Иккала филм 2003 йилда ўзбек тилига ўгирилган.
2. “Тақдир ҳазили ёхуд қушдек енгил бўлинг”, 1975 йил
Режиссёр Элдар Рязанов томонидан тақдим этилган филм 1976 йил 1 январда экран юзини кўрган. Камтарона бюджетли, телевидение учун тайёрланган бу романтик комедия собиқ совет иттифоқдаги энг машҳур филмлардан бирига айланди ва миллионлаб мухлислар учун Янги йил рамзи бўлиб қолди. У ҳар йил сўнгида телеэкранларда намойиш этилади. Филм воқеаларида ҳар янги йил арафасида дўстлари билан ҳаммомда ҳордиқ чиқаришга одатланган Евгений бу сафар ғирт маст ҳолда дўстларининг ҳазили туфайли Ленинградга учадиган самолётга чиқиб қолади. Таксида ўз уйининг манзилига етиб келиб, калити билан бировнинг уйига кирганини ҳам билмайди.
3. “Гринч – Янги йил ўғриси”, 2000 йил
2000 йилда экранларга чиқарилган фантастик комедия филм. Филм ғояси Теодор Сеусс қаламига мансуб шу номдаги китобга асосланган. Филмда бош ролларни Жим Керри, Тайлор Момсен, Жеффрей Тамбор, Кристин Барански, Билл Ирвин ва Молли Шеннон ижро этишган. Филмдаги воқеалар узоқ кутилган Рождество байрами ва маҳаллий аҳоли орасида бу ажойиб байрамни ёмон кўрадиган Гринч исмли мавжудот ҳақида ҳикоя қилади. У ҳаммадан узоқда яшайди ва ҳеч ким билан мулоқот қилмайди, чунки болалигидан бери Гринч ташқи кўриниши туфайли бошқа болалар томонидан доимо масхара қилинган. Филм дастлаб танқидчилар томонидан турли баҳоларга эга бўлган, гарчи Керрининг ижроси ва бўяниши мақтовга сазовор бўлса-да, улар буни танқид қилишган. Филм Америка Қўшма Штатларида 1-рақамли филм сифатида тўрт ҳафта ўтказди ва бутун дунё бўйлаб 345,8 миллион доллар йиғиб, 2000 йилда энг юқори даромад келтирган олтинчи филмга айланди.
4. “Чарли ва шоколад фабрикаси”, 2005 йил
2005 йилда Тим Буртон томонидан ишлаб чиқарилган бадиий филм британиялик ёзувчи Роалд Далнинг 1964 йилда чоп этилган худди шу номдаги китобига мослаштирилган. Воқеалар Чарли ва унинг қашшоқликдан жабр кўраётган оиласи атрофида айланади. Бола ота-онаси ва бувиси билан оддий уйда яшайди. Шунингдек, воқеалар давомида Чарли Бакетнинг эксантрик шоколадчи Вилли Вонканинг шоколад фабрикасидаги саргузаштлари тасвирланган. Ролларда Жонни Депп, Фредди Хаймор, Девид Келли, Дип Рой, Ҳелена Бонем Картер, Адам Годли, Анна София Робб иштирок этган.
5. “Омадли жентлменлар”, 1971 йил
“Омадли жентлменлар” криминал комедия филми 1971 йил Александр Серий томонидан суратга олинган бўлиб, унга сценарий Георгий Данелия билан ҳамкорликда ёзилган. Филм катта экранларга 1971 йил 13 декабрда чиқарилиб, тезда машҳурликка эришди. 1972 йилдан телевидение орқали узатилишни бошлаганида, бир йил ичида 65 миллиондан ортиқ марта кўрилди. Бу натижа ўша давр учун мутлақ рекорд бўлиб, ўзининг долзарблигини узоқ вақт сақлаб қолди. Филм ушбу феноменал муваффақиятга ўзидаги иборалар, иқтибос ва суҳбатлар сабаб эриша олди. Филмда ролларни Евгений Леонов, Георгий Вицин, Савелий Крамаров, Раднер Муратов, Эраст Гарин ва бошқалар ижро этган.
Филмнинг суратга олиш ишлари 1970 йил декабрдан то 1971 йил апрелигача давом этган ва анча машаққатли кечган. Филмнинг айрим лавҳалари Самарқандда олинган. 2006 йил филмнинг 35 йиллигига Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида бош қаҳрамонлар учун ҳайкал ўрнатилди. 2012 йилда эса филм “Жентлменлар, омад!” номи остида қайта ишланган. Ундаги барча воқеалар деярли бир хил бўлиб, фақатгина давр ўзгариши: 1970 йилларнинг 2010 йилларга кўчиши кузатилади.
Музлик даври 2002 йилда энг кўп даромад келтирган мултфилмлар рўйхатида 8-ўринни эгаллайди. Ушбу анимацион филм дунё бўйлаб мислсиз шуҳрат қозонган. Филм сценарийси Майкл Ж.Уилсоннинг ҳикояси асосида Крис Вайж ва Карлос Салдана ҳамкорлигида ёзиб чиқилган. Ушбу мултфилм 2002 йил 15 мартда сотувга чиқарилган. "Музлик даври" омма эътиборига ҳавола қилингач, томошабинлар томонидан жуда ижобий кутиб олинган.
Бу филм "Энг яхши анимацион филм" номинацияси бўйича Оскарга лойиқ деб топилди. Филмнинг биринчи қисмидан картина ижодкорлари 383 миллион доллар фойда кўришган. Филм катта саҳналарга чиқарилган ҳафтанинг ўзида 43.3 миллион доллар маблағ йиққан.
7. “Элф”, 2003 йил
Элф – 2003 йилда режиссёр Жон Фавро ва сценарий муаллифи Девид Беренбаум томонидан саҳналаштирилган комедия филми. Филм Америка Қўшма Штатларида 2003 йил 7 ноябрда чиқарилди. Филм Бадди исмли элф ҳақида ҳикоя қилади, у Шимолий қутбда элфлар томонидан тарбияланган. У бошқа элфларга ўхшамаслиги аён бўлгач, ҳақиқий отасини топиш учун Ню-Йоркка боради. Бадди болаларча соддалик ва беғуборликка тўла. У катта шаҳар ҳаётига мослашишга ҳаракат қилади, отаси эса Рождество мўжизаларига ишонмайди.
8. "Санта Клаус”, 1994 йил
Тим Аллен бош қаҳрамон сифатида кўриниш берган комедияда Шимолий қутбга бориб қолган оддий ўйинчоқ сотувчиси Санта Клауснинг ўрнини эгаллашига тўғри келади. Қаҳрамон нафақат янги образга кўникиши, балки байрамни ҳам сақлаб қолиши керак бўлади. Учта қисмдан иборат филм байрам шукуҳини бахш этишига шубҳа йўқ.
9. “Қор маликаси”, 1966 йил
"Қор маликаси" – анимация элементлари бўлган совет тўлиқ метражли эртак филми бўлиб, 1966 йилда режиссёр Геннадий Казанский томонидан Ханс Кристиан Андерсеннинг шу номли эртаги асосида суратга олинган. Филм Евгений Шварц сценарийси ҳамда ўзининг эртак асари асосида саҳналаштирилган. Филмнинг премьераси 1967 йил 6 ноябрда бўлиб ўтган. Қор маликасига афсонавий актриса Мария Бабанова овоз берган.
10. "Соҳибжамол ва маҳлуқ", 1991 йил
1991 йилда Уолт Дисней студияси “Соҳибжамол ва махлуқ” мусиқий фантастик мултфилмини чиқарди. Филм Диснейнинг 30-анимацион бадиий филми ҳисобланади. У ўзининг романтик ҳикоялари, анимацияси (айниқса, бал саҳнаси), персонажлар ва мусиқаси эътирофларга сазовор бўлди. Филм “Олтин глобус” мукофотини қўлга киритди ва бу мукофотни қўлга киритган биринчи анимацион филм бўлди.
Одинахон Деҳқонова тайёрлади.