Хотин-қизлар қўмитаси ҳукуматга ўтказилди
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
“Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–208-сон, 21.12.2023 й.) қабул қилинди. Фармонга кўра, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди.
Қўмита фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:
- Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими жорий этилди.
Шунингдек, Қўмита раиси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;
- вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари – вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари лавозими;
- туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари – туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозими киритилди.
Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 2022 йил март ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги таркибида ташкил этилганди. 2022 йил декабридаги ислоҳотлар вақтида қўмита Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги таркибига ўтказилди.