Плацебо – тиббиётга ва фирибгарларга бирдек фойдали
У шифокорлар қўлида хасталикка қарши кураш, товламачилар қўлида эса пул топиш ва фирибгарлик воситасидир.
Ишонч – ғаройиб нарса. Одам ўзини ўзи ишонтириши ҳам мумкин. Ҳар куни ўзига “мен яхшиман ва омадлиман” деб такрорлайдиган ва бунга ишонадиган одамларнинг ҳақиқатан ҳам ишлари юриша бошлайди. Зеро, “одам ўзини қанчалик бахтли деб ҳисобласа, шунчалик бахтлидир” дея бекорга айтишмаган.
Ишонч – мўъжизага қодир куч
Албатта, ишонч ва эътиқод мўъжизаларга қодир. Масалан, худога ишонган, ундан нажот сўраган ва сўраган нарсасини беришига ишонган одам ҳақиқатан ҳам мақсадларига эришиши кундалик ҳаётда деярли ҳар куни ўз исботини топади.
Бу хасталар ва уларнинг шифо топишида ҳам кўринади. Нафақат руҳий хасталиклар, ҳаттоки тегишли моддий даволаш талаб этиладиган физиологик хасталикларда ишонч шифо келтирган ҳолатлар қайд этилган.
Масалан, астма билан хасталанган бир киши дўсти билан сафари давомида бир меҳмонхонада тунаб қолади. Кечқурун астмаси хуруж қилиб, нафаси қисади. Дўсти хонага тоза ҳаво кирсин, деб деразани очмоқчи бўлади. Чироқ ёқадиган тугмани топа олмай, ним қоронғуда ялтираб турган дераза томон югуради. Уни оча олмайди. Хаста эса хириллашга тушади. Ваҳимага тушган дўсти жон аччиғида қўлига илашган оғир шамдон билан деразани синдиради ва дўстининг олдига югуради. Хаста одам ҳам дераза очилганидан хурсанд бўлиб, эркин нафас ола бошлайди. Шу билан тинчиб, ухлаб қолишади.
Эрталаб туриб қарашса, дераза бутун, хона чеккасидаги тош ойна синдирилган экан. Ишонч кучи шунчалик эканки, хатто махсус дорисиз “қўйиб юбормайдиган” астмани ҳам вақтинча бўлса-да, даволай олар экан.
Шу боис хасталарни кўргани борганда ёлғондан бўлса-да, “бугун кўринишингиз яхши”, деймиз. “Уч кунда тузалиб қоласиз, касалингиз арзимас” экан, дея кўнглини кўтарамиз. Ишончи кучли одамлар ҳатто шу далдадан тузала бошлаганини ўзи билмай қолади.
Айрим фирибгар табиб ва “фолбин”ларнинг одамларни “даволагани” ҳақида эшитиб ҳайрон қолмаслик керак. Мингта одамдан биттаси шу фирибгарга ишониб, эътиқод кучи билан шифо топиши мумкин. Бу плацебо эффекти билан боғлиқ.
Плацебо – ширин ёлғон, лекин самара беради
Тузалиши қийин, давоси йўқ хасталарга баъзан плацебо ҳапдориларини бериб туришади. Плацебо – лотин тилда “унга ёқаман” деган маънони билдиради. Тиббиёт анча юксак даражаларга кўтарилган ҳозирги даврда ҳам плацебо дориларидан фойдаланишади. Плацебо фойда ҳам, зарар ҳам келтирмайдиган дорилардир. У таблетка ёки суюқлик шаклида бўлиши мумкин. Таблеткалари крахмал ёки шакардан тайёрланади. Суюқликлари эса қонда мавжуд ва зарарсиз натрий хлорид суюқлигидан тайёрланган бўлади. Уни ичириш, томир орқали ёки тери остига юбориш ҳам мумкин.
Ҳатто электрга уланмаган физиотерапея қурилмалари ёки жарроҳлик операцияси имитацияси ҳам плацебо эффектини беради. Бу ҳолда беморга наркоз бериб ҳушсизлантирилади. У ўзига келганида баданида юзаки тилинган ва тикилган чокларни кўриб, кўнглида хотиржамлик ҳосил бўлади. Бунга қаттиқ ишониб, тузала бошлайди баъзан.
Шунинг учун ҳам гомеопатия (“аччиқни аччиқ билан кесиш”, “заҳарнинг оз миқдоридан фойдаланиш” каби усуллар), акупунктура (бадандаги муҳим “нуқта”ларга игна ва куйдириш орқали таъсир қилиш) ва аюрведа (гиёҳлар билан бадандаги заҳарларни ”ҳайдаш” ва боқша усуллар) каби сохта тиббий йўналишларнинг айрим ҳолларда хасталарга шифо олиб келишини замонавий тиббиёт плацебо эффекти билан боғлайди.
Плацебо фойда беришининг сабаблари
Психологлар плацебо эффектининг таъсир қилиш механизмини “созлама” билан боғлашади.
“Созлама” – бу шартли рефлекс каби онгсиз жавоб, ҳаракатга олдиндан ўрнатилган тайёргарликдир.
Масалан, Павлов тажрибасини эсга олсак, итга чироқ ва қўнғироқ чалиб овқат бериб юришади. Бу бир неча марта такрорлангач, овқат беришмаса ҳам қўнғироқ чалиш ва чироқни ёқиб ўчириш итларда сўлак ажралишига сабаб бўлган. Яъни шартсиз рефлекс шаклланади.
Ёки оқ халат кийган шифокор билан шунчаки суҳбатлашсангиз, анча енгил тортасиз. Касалингиз тенг ярмига аригандек туюлади. Шифокорга борсам, даво топаман деган созлама, бошқача айтганда, шартли рефлекс миямизга ўрнашиб қолган бўлади.
Баъзан эса таъсири деярли йўқ, лекин “бир амаллаб” синовлардан ўтиб, сотувга чиқарилган ҳақиқий дорилар ҳам айнан плацебо эффекти боис айримларга шифо беради ва фрамацевтика бизнеси соҳибларини янада бойитади.
Физиологик нуқтаи-назардан эса, плацебо мияда периферик асаб тизими, қон томир ва эндокрин тизимлар орқали маълум бир йўналишда тананинг жавобини аниқлайдиган ҳаддан ташқари қўзғалиш фокусининг мавжудлигидан келиб чиқади.
Плацебо – фақат алдов воситаси эмас!
Плацеболар янги дори воситаларини синаб кўриш ва уларнинг самарадорлигини баҳолашда ҳам кенг қўлланилади.
Масалан, бир гуруҳ беморлар ҳақиқий, янги яратилган дорини қабул қилади, бошқа гуруҳ эса ташқи кўриниши ҳақиқий доридан фарқ қилмайдиган, фақат шакар ва крахмалдан иборат плацебо дорисини қабул қилади. Беморлар кимга плацебо ва кимга ҳақиқий дори берилаётганини билишмайди. Тадқиқот ташкилотчилари текширилаётган дори таъсирини баҳолаш учун таҳлил ўтказишади. Чунки ҳаммага дори бериб синов ўтказилса, айрим хасталиклар дори эмас, бошқа сабабларга кўра тузала бошласа, бу тадқиқотчиларни чалғитиши мумкин.
Юқорида зикр этилганидек, гомеопатия – катта суюлтириш натижасида олинган "махсус" дориларни қўллашга асосланган муқобил тиббиёт тури ҳам плацебо эффектига асосланади. Расмий академик тиббиёт ҳар доим гомеопатияни рад этади. Aммо шифокорлар орасида ҳар доим ўз амалиётида гомеопатиядан фойдаланган бир нечта "инноваторлар" топилиб туради. Бундан ташқари, уларнинг баъзилари гомеопатия шунчаки плацебо деган фикрга қўшилади ва ундан яхши мақсадларда фойдаланиш керак, деб ҳисоблайди.
Қизиғи шундаки, ўзларини гомеопат деб атайдиган баъзи шифокорлар гомеопатия – плацебо эканига ишонишдан бош тортади. Улар гомеопатик дорилар таркибида шифобахш таъсирга эга ҳақиқий фаол модда (айниқса, асбоб-ускуналар томонидан аниқланмайдиган кичик концентрацияларда) борлигига одамлар ишонишади ва бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қилишади. Ва бундан-да қизиғи – гомеопатик “дори” унинг самарасига чин дилдан ишонган, “ихлос” қилган беморларга яхши таъсир қилади. Ишонмаганларга эса фойда бермайди.
Худди шифокор билан гаплашганга ўхшаб, барча дориларнинг плацебо таъсири мавжуд. Ҳатто тиббий анализларни топшириш ва текширувлардан ўтишнинг ўзи ҳам плацебо эффектини яратади. Масалан, айрим одамлар анализ топшириб, текширувлардан ўтади ва диагнозини аниқлаб олгандан кейин, хотиржам бўлиб уйларига қайтишади. Бироқ даволанишга шошилмайди. Чунки анализ топширишнинг ўзидаёқ унинг организмида касалликларга қарши янги куч ва ишонч яратади. Ёки касалим жиддий эмас экан, дея хотиржам бўлади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам хасталикни давлашни ортга сурмаслик керак. Ўз вақтида даволанишнинг самараси қандайлигини кўпчилик билади, лекин риоя қилмайди.
Олимлар ҳатто плацебо таъсирининг кучини ҳисоблаб чиқишди: у дорининг ўртача умумий терапевтик таъсирининг 30% гача етиши мумкин экан!
Айри ҳолларда беморнинг хасталиги енгил ва ўзи тузалиб кетиши мумкинлигини, ўткир дорилар қабул қилиш шарт эмаслигини аниқласа (масалан енгил чарчоқ, кучсиз оғриқ ёки тушукунликда), унга плацебо дорисини буюради. Плацебо беморнинг даволанишим керак деган эҳтиёжини қондиради. Чунки тиббий препаратларнинг фойдасидан ташқари, ножўя таъсирлари ҳам бўлади, албатта. Енгил ҳолатларда эса плацебо кайфиятни ва ишончни кўтарадиган айни муддао бўлади.
Плацебо эффектининг турлари
Ижобий плацебо эффекти. Дори таъсирини, шифобахш хусусиятларини оширади. Плацебонинг энг кенг тарқалган тури.
Салбий плацебо эффекти. Дорининг терапевтик таъсирини нейтраллаштиради ва ҳатто бемор вазиятини ёмонлаштириши ҳам мумкин.
Нейтрал плацебо эффекти. Бу ҳолда плацебо эффекти бўлмайди. Бу жуда камдан-кам ҳолларда кузатилади.
Умуман олганда, плацебо эффектини психотерапевтик таъсир усулларига боғлаш керак.
Психотерапиянинг ишонтириш (ёки ишончини қайтариш), диққатни бошқа нарса билан чалғитиш, гипноз, онг ости билан ишлаш каби механизмлари билан бир қаторда, плацебо эффекти ҳам даволовчи таъсир кўрсатиши мумкин. Тиббий тажрибага эга деярли ҳар бир шифокор ўз амалиётида деярли ҳар куни интуитив тарзда плацебо эффектидан фойдаланади.
Плацебо эффекти қачон кучли бўлади?
Бирор-бир дорининг қабул қилинишини мисол келтириб, плацебо эффектининг барча жиҳатларини кўриб чиқиш мумкин:
Дорини ким буюрган? Дорини ёзиб берган ва тавсия қилган шифокорнинг обрўси ва ваколати плацебо кучига бевосита таъсир этади. Бемор ишонмайдиган, ёқтирмайдиган ёки қўрқадиган шифокор ёзган дори салбий плацебо эффектини келтириб чиқариши мумкин.
Дори-дармон нархи. Кўпинча жуда оғир хасталикда жудаям арзон дориларни қабул қилиш салбий плацебо эффектини бериши мумкин.
Дори воситасини топиш осон ёки қийинлиги. Узоқдан олиб келинган ва қийинчилик билан топилган дори жуда катта ижобий плацебо эффектига эга.
Дорининг қадоқ қутиси ва ва ташқи кўриниши ҳам плацебо эффектининг самарадорлиги ва йўналишига бевосита ижобий ёки салбий таъсир қилади.
Бошқа одамларда бу дори ҳақида қандай маълумотлар бор? Танишларнинг тавсиялари ва ишонтиришлари, миш-мишлар, муваффақиятли ва ишонарли реклама ҳамда тарғибот, яқинлар орасида маълум фойдаланиш тажрибаси – буларнинг барчаси плацебо эффектининг самарасига таъсир қилади.
Дорини қабул қиладиган одамнинг психологик хусусиятлари. Хавотир ва тушкунлик, шубҳага мойиллик, инфантилизм ва категорик фикрлаш каби хусусиятлар кескин плацебо эффекти юзага чиқишига ёрдам беради.
Дорилар ва уларни қабул қилишдан ташқари, плацебо эффекти мулоқотда ҳам иш беради. Масалан, профессорга ўхшаб кийинсангиз, профессор деб ўйлашади ва шунга яраша муомала қилишади. “Қиролдек кутиб олишлари ва ҳурмат қилишларини истасанг, ўзингни қиролдек тут” деб бекорга айтишмаган.
Плацебо эффекти, шунингдек, савдо ва бизнесда реклама ҳамда хизматларни тарғиб этишда, сиёсатда ғоя ва шахслар тарғиботида ва ҳаётимизнинг бошқа соҳаларида кенг тарқалган.
Плацебодан воз кечиш керакми?
Асло йўқ! Плацебо эффекти нафақат дори-дармонларни синаб кўришда, балки бошқа имкони қолмаган хасталарга ёрдам бериб келаётган эффектга эга ва у замонавий академик тиббиёт томонидан тан олинган. Плацебо – шифокорлар қўлида хасталикка қарши кураш воситаси бўлади. Товламачилар қўлида эса шунчаки пул топиш ва фирибгарлик воситасидир. Плацебодан фойда бор бўлса борки, зарар йўқ. Фақат алданиб қолмасангиз кифоя.