Шавкат Мирзиёев маҳаллаларни рақамлаштиришни топширди
“Маҳалла еттилиги” рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитилади.
Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
"Рақамлаштириш, энг аввало, маҳалладан бошланиши керак", деди давлатимиз раҳбари йиғилишда.
Ҳозир “маҳалла бешлиги” планшет ва компьютер билан тўлиқ таъминланган. Лекин маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли рақамли технологиялардан қанчалик фойдаланаётгани савол остида.
Масалан, ёшлар етакчисига субсидия олиш учун мурожаат қилган фуқаро ҳалигача маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки бандлик бўлимидан ишсизлик тўғрисида маълумотнома олиб келишга мажбур.
“Қачон маҳаллага рақамлаштириш тўлиқ кириб борса, шундагина “Электрон ҳукумат” ишлаб кетди, деб айта оламиз”,
деди Президент.
Мутасаддиларга 1 мартга қадар “Рақамли маҳалла” ягона платформасини ишга тушириш ва “маҳалла еттилиги”ни рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш топширилди.
Шунингдек, Президент 2026 йилда Халқаро информатика олимпиадаси илк бор мамлакатимизда ўтказилишини маълум қилди.
Шу муносабат билан мутасаддиларга “мактаб – туман – вилоят – республика” босқичида танловлар ўтказиб, 5-8 синф ўқувчилари орасидан энг салоҳиятли 100 нафарини танлаб олиш топширилди.
IT яхши ривожланган давлатлардан малакали экспертлар жалб қилинган ҳолда ўқувчилар бўлажак халқаро олимпиадага чуқур тайёрланади.
Бу йил IT соҳаси экспорти Тошкент вилоятида – 100 мингдан 4,4 миллион долларга, Самарқандда – 700 мингдан 3,2 миллионга, Андижонда – 60 минг доллардан 2,8 миллион долларга ошиб, юқори суръатларда ўсди. Сурхондарё ҳам илк бор IT хизматлари экспортини йўлга қўйиб, 1 миллион доллардан оширди.
Лекин, экспорт Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган ва Сирдарёда 500 минг долларга ҳам етмайди.
Ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёшлар IT билан мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотаяпти.
Масалан, фарғоналик ёш дастурчи Брайл алифбосини таржима қиладиган дастур яратиб, АҚШ, Мексика ва Бразилияга 150 минг долларга сотган.