Зеленскийнинг обрўси туша бошлади
2 ой олдин рўй берган бир глобал муаммо нафақат Зеленскийнинг обрўси, балки АҚШнинг ҳозирги маъмурияти, хусусан, президент Жо Байденнинг ҳам обрўсига, Украинага ёрдам ажратиш режаларига соя солиб қўйди.
Ҳар бир жараённинг кўтарилиши, чўққиси ва пасайиши бўлади. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ҳам обрў-ҳурмати чўққисига чиқа олганини тан олиш керак. Актёр ва бизнесменликдан бутун дунё ҳурмат ва ҳавас қиладиган президентга айланишнинг ўзи қийин.
Бу ерда асосий омил уруш эканини ҳам тан олиш адолатдан бўлади. Умуман, уруш – ҳар қандай давлат раҳбарини синовдан ўтказадиган, унинг кучли ва кучсиз тарафларини яланғочлайдиган омилдир. Аниқ ва кучли таҳдид қаршисида қолган етакчининг ўзини қандай тутиши унинг кейинги маънавий қиёфасини шакллантиради.
Масалан, Афғонистоннинг халқаро ҳамжамият тан олган, ҳозирча охирги сайланган собиқ легитим президенти Ашраф Ғани 2021 йилда Толибон гуруҳининг муваффақиятли ҳужумидан сўнг шошилинч равишда мамлакатни тарк этди ва БААдан паноҳ топди.
Россиянинг Кобулдаги элчихонаси матбуот котиби Никита Ишченко бу борада шундай деган эди:
“Режимнинг қулашига келсак, бу Ғанининг Aфғонистондан қочиб кетгани билан ифодаланади: тўртта машина пул билан тўлдирилган эди, қолган пулни вертолётга жойлашга ҳаракат қилишди, лекин ҳаммаси сиғмади. Пулнинг бир қисми асфалтда қолиб кетди”.
Албатта, давлат раҳбарининг уруш чоғида мамлакатни тарк этиши армия ва халқнинг руҳини тушириб юборади. Шу боис Толибон пойтахтни ҳам осонгина эгаллади. Айрим аскарлар қочиб кетишди, айримлари Толибонга қўшилди.
Зеленский эса Россия Украинага бостириб кирганида ўзини ҳақиқий етакчи каби тутди. Денгизчиларда бир ёзилмаган қонун бор: кема чўка бошласа, капитан ҳаммадан охири кемани тарк этади. Зеленский Евромайдон намойишлари туфайли қўрқиб, оиласи ва пулларини вертолётга солиб, Россияга қочиб кетган собиқ президент Виктор Януковичга ўхшаб иш тутмади. Ҳатто АҚШ разведкаси ҳам “Киев 3 кунда қулайди” дея прогноз берганида, АҚШ ва Зеленскийни эвакуация қилиш ва бошпана беришни таклиф қилганида рози бўлмади. “Менга такси эмас, қурол-яроғ керак” дея жавоб берди.
Зеленскийнинг обрўсини кўтарган яна бир жиҳат – Россия етакчси Путин бутун дунёни қўрқитиб, “ким Украинага ёрдамлашса, шафқатсиз жавоб бераман” дея дағда қилгани боис ёрдамга чўчиб қолган Ғарбни қурол-яроғ ва моддий кўмаклашишга кўндира олди. Тўғрироғи, Украинанинг енгилиши Путиннинг иштаҳасини очиб юбориши ва Европа учун улкан таҳдидга айланишига уларни ишонтира олди.
Қолаверса, Зеленскийнинг Россиядек қудратли давлат тажовузига тик боқа олгани, мамлакатни тарк этмагани нафақат украин ҳарбийларини, балки украин халқини душманга қарши курашга руҳлантириб юборди. Зеро, ақлли ва тадбиркор етакчи бўлмаса, одамлар йиғиндиси шунчаки оломонга айланади, қочишдан ва душманга қуллуқ қилишдан бошқасига ярамайди.
Албатта, бу ўринда Россия армиясининг миси чиқиб қолгани, Киевнинг кескин қаршилигига жавоб қайтара олмасдан чекингани ҳам Ғарбни руҳлантириб юборди. Россия армиясининг ўзи мақтангани ва бошқалар ишонгани каби дунёдаги иккинчи қудратли армия эмаслиги фош бўлгани Европанинг Украинага қўрқмасдан ёрдам қўлини чўзишига ундади. Бироқ Зеленскийнинг бўзчининг мокиси каби давлатма-давлат қатнагани, давлат раҳбарлари билан тинимсиз мулоқот қилгани ҳам ўз самарасини берди.
Қолаверса, Зеленский PR борасида Путинни доғда қолдирди. Путин каби ташқи дунё билан расмий баёнотлар ва ходимлари орқали мулоқот қилмади. Путин каби одамлардан 50 метр узоқда туриб гаплашмади. Протоколга кўра, хорижий давлат раҳбарларига мурожаат қилмади. Зеленский бевосита шу давлатларнинг халқига мурожаат қилди. Уларни ишонтира олди, фикрини Украина фойдасига ўзгартира олди. Зеленскийнинг шахсан ўзи мунтазам видеочиқишлар қилиб турди. Натижада халқ орасида туғилган ижтимоий фикр уларнинг ҳукуматларига ҳам таъсир қилди. Халқ талабидан кейин, давлат раҳбарларининг уларга қулоқ солиш, ўз сиёсий риторика ва режаларини Украина фойдасига ўзгартиришдан бошқа иложлари қолмади.
Шу сабабдан Зеленский нафақат ўз халқи, балки дунё ҳамжамиятининг ҳурматини қозонди. Аксарият тараққийпарвар дунё унинг ҳақ эканини тушуниб етди.
Бироқ сўнгги пайтларда Зеленскийнинг обрўси тушиб кетаётгани кўриниб қолмоқда. Бунинг сабаблари саноқли бўлса-да, мавжуд.
Аввало, содда айтганда, Зеленский, тўғрироғи, Украина армияси қарши ҳужумдан кўзлаган мақсадларига эришмади. Миллиардлаб доллар миқдоридаги текин қурол-яроғ ўзини оқламагандек туюлмоқда. Ўтган муддат ичида украинлар рус қўшинларини ҳеч бўлмаганда бир неча километр узоққа улоқтириб ташлаши, аксарият босиб олинган ерларни қайтариши ва ташаббусни ўз қўлига олиши кутилган эди. Бироқ бундай бўлмади. Ҳар икки томондан минглаб “тирик куч” қурбон бўлди, юзлаб ҳарбий техника йўқ қилинди. Натижа эса мақтанарли эмас.
Буни изоҳлаган Зеленский ҳукумати “айб”ни Ғарбга ағдармоқда. Киевнинг айтишича, Ғарб қурол билан таъминлашда сусткашлик қилди. Зарур ўқ-дори ва янги техникаларни тақдим этиш лойиҳалари Ғарб давлатлари парламентлари томонидан жуда секинлик билан тасдиқланди. Ҳатто Ғарб ҳукуматлари ичида ҳам бу ёрдамни беришдан норози сиёсий кучлар шакллана бошлади. Натижада уруш чоғида қурол билан таъминлашда ҳалокатли паузалар кузатилди. Ҳужум тактикаси ва режалари мавжуд имкониятлар билан мос келмади. Бу паузадан рус армияси муваффақиятли фойдаланди. Аскарлар ва ҳарбий техника захираларини тиклаб олишга эришди. Россияга қўйилган барча санкциялар ҳам бунга катта тўсиқ бўла олмади. Россия санкцияларни айланиб ўтишда ўз имконияти доирасидаги барча имкониятлардан фойдаланди ва бу жараён ҳамон давом этяпти.
Иккинчи тарафдан, Зеленский ҳукумати, хусусан, армия қўмондонлиги ичида Зеленскийнинг етакчилик қобилиятига шубҳа кучая бошлади. Айтиш мумкинки, Украина сиёсий ва ҳарбий элитаси ўртасида жарлик пайдо бўлди. Буни Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужнийнинг The Economist журналига берган интервьюсида ҳам кўриш мумкин.
Генералнинг айтишича, қарши ҳужум, вақт ўтиши билан позицион урушга айланиб қолди. Бу эса яна Россия қўшинларининг фойдасига бўлмоқда. Вақт Россия армияси фойдасига ўйнамоқда. Рус қўшинлари ҳужумга эмас, ўзлари босиб олган ҳудудлардаги позицияларини мустаҳкамлашга асосий эътибор қаратди. Лекин бундай вазият Украинанинг ёрдам олиш борасидаги режаларини пучга чиқариши мумкин.
Учинчидан, Украинанинг асосий молиявий ва техникавий донорлари бўлган Ғарб давлатларида ҳам, гарчи уларнинг ўзлари буни рад этишса-да, “ёрдамда чарчаш” белгилари кўриниб қолмоқда. Зеро, ҳеч қайси давлатнинг бюджети чексиз ва тубсиз эмас. Қолаверса, парламент ва халқ ҳам натижасиз ва фойдасиз уруш учун йиллар давомида ўз солиқлари ва мамлакат бойликлари “исроф” қилинмаслигини талаб этишга ҳақли. Буни Ғарб давлатлари етакчиларининг риторикасида пайқаш мумкин. Жумладан, АҚШ президенти Жо Байден яқинда Украинага мавжуд муваффақиятларни сақлаб қолиш учун мудофаа урушига ўтишни ва қурол-яроғларни ўз ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни маслаҳат берди.
Ундан олдинроқ эса, АҚШ конгресси Украинага ажратилиши керак бўлган 10 миллиардлик ёрдамни рад этди. Бу албатта АҚШнинг Украинага ёрдам беришдан чарчаганини англатмайди. Шунчаки Байден – демократлар вакили, ёрдам лойиҳасига эса республикачилар қарши чиқишди. Бу ҳам етмагандек, гарчи Вашингтон ҳукумати талаб қилаётган бўлса-да, конгрессменлар таклиф этган 2024 йилга мўлжалланган АҚШ бюджетида Украинага ёрдам ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Бундан ташқари Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ, Украинага Россия билан сулҳ тузишни маслаҳат беряпти. Ҳатто Европа Иттифоқи ва НАТО ҳам Украинани ҳозирги ҳудуди бўйича аъзо қилишга розилигини айтган. Яъни донор мамлакатлар урушни тўхтатиш, Россия босиб олган ҳудудлар масаласини музлатиб қўйишни шаъма қилмоқда. Бироқ Зеленский ўз стратегик режасида собит – “Украина ўз ерларидан ва аҳолисидан воз кечиб тинчлик ўрнатмайди”, деяпти. У бутун Украинани рус босқинчиларидан озод қилишга ваъда берган ва бу режа амалга ошмаслиги унинг президент сифатидаги барча меҳнати, обрўси ва ҳатто легитимлилигини ҳам чиппакка чиқариши мумкин.
Қолаверса, 13 декабр куни Оқ уйда Зеленский билан ташкил этилган учрашувдан кейин, матбуот анжуманида Байденга “қачон Украинага тинчлик музокаралари ўтказиш вақти келди, деб айтасизлар?”, дея савол берилганида у аниқ жавоб айтмади. Байден Украина маълум ютуқларга эришганини эътироф этди. Унинг айтишича, украин қўшинлари Россия 2022 йил февралда бостириб кирганидан бери босиб олган ҳудудларнинг 50 фоизини қайтариб олишга, бутун дунёни дон билан таъмилаш учун Қора денгиздан йўл очиш мақсадида Россия денгиз флотига кучли қарши зарба беришга муваффақ бўлди. Қолаверса, Байденнинг маълум қилишича, Украина учун мўлжалланган ҳарбий ёрдамнинг 90 фоизи АҚШда – Украинани қурол-яроғ билан таъминлаш учун, АҚШ захираларини тўлдириш ва ҳарбий саноат ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаш каби масалалар учун сарфланади.
Тўртинчидан, 2 ой олдин рўй берган бир глобал муаммо нафақат Зеленскийнинг обрўси, балки АҚШнинг ҳозирги маъмурияти, хусусан, президент Жо Байденнинг ҳам обрўсига, Украинага ёрдам ажратиш режаларига соя солиб қўйди. Бу – Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашгани билан боғлиқ. Исроилнинг “эркалик ва инжиқликлари” боис, яҳудийлар давлатига ёрдам бериш устувор вазифага айланди. Битта отга эса 2 та арава қўшиб бўлмайди. Ҳаттоки АҚШдек қудратли ва бой давлатнинг бюджетига ҳам Украина ва Исроилни елкасига ортмоқлаб олиш оғирлик қилади. Бунинг устига Исроилнинг шафқатсизларча, барча инсонийлик ва халқаро қонун ҳамда келишувларга, БМТнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги қатор резолюцияларига тупурган ҳолда, Ғазо секторидаги аҳолини қирғинбарот қилаётгани дунё ҳамжамиятидаги ижтимоий фикр ва симпатияни Фаластин томонга буриб юборди. Ҳатто АҚШдаги яҳудийлар ҳам ўт очишни ва Исроилга қурол-яроғ бермасликни талаб қилмоқда. Сўровларнинг кўрсатишича, Байденнинг обрўси тушиб кетяпти. Ҳатто яқинда ўтказиладиган президент сайловларида у иккинчи марта номзодини қўйса, мағлуб бўлиш эҳтимоли мавжуд. Албатта, Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШдаги яҳудий лоббисининг қудрати боис, АҚШ Исроилга сиёсий, молиявий ва ҳарбий-техникавий ёрдамини тўхтатмайди. Аммо бу қатъият Украинага ёрдамни савол остига қўйиши мумкин.
Бундан ташқари, Исроил-Фаластин можароси бошланганида, Зеленский Исроил тарафида эканини маълум қилди. Бегуноҳ тинч фаластинликларнинг исроил бомбалари остида ҳалок бўлаётганига кўз юмди. Бу эса сайёрамизнинг мусулмонлари, ҳатто мусулмон эмас инсонлар орасида ҳам Зеленскийга хайрихоҳлик кайфиятини йўққа чиқармоқда. Бу кетишда Зеленскийнинг Яқин Шарқ ва умуман мусулмон давлатлари раҳбарлари билан учрашувлар натижасида эришган дипломатик муваффақиятлари ҳам ҳавога учиш эҳтимоли бор.
Бу орада эса Россия президенти Путинда ғалабага ишонч пайдо бўлди. Украинага бостириб кирганидан бери “халқ” билан бевосита мулоқот қилмаган Путин куни кеча бундай анъанани қайта тиклади. Унинг, Москва таъбири билан айтганда, “махсус ҳарбий операция”ни тўхтатиш нияти йўқлиги, “қачонки мақсадларимизга етсаккина, тинчлик бўлади” дейишга журъат қилгани ҳам Украина тақдири борасида тушкун прогнозлар ясашга турткидир. Таъкидлаш керак, Исроил-Фаластин можаросидан аввал Путин риторикаси кўпроқ ялиниш ва йиғлоқиликка мойил эди. У ҳар бир нутқида музокаралар столига ўтишни таклиф қилар, “фақат босиб олган ерларимга тегмасанглар ва санкцияларни бекор қилсанглар бас”, деган маънода гапирар эди. Ҳатто истило аввалида айтилган – “Украинани тўлиқ денацификация ва демилитаризация қилиш” мақсадлари ҳам “эсдан чиққанди”. Бироқ Россия президентининг бевосита мулоқот чоғидаги кайфияти ва сўзлари яна 2022 йил феврал ойидаги вазиятни эслатмоқда. Бу ҳам етмагандек, Россиянинг ўз сателлит-давлатларини ҳамкорлик қилишга кўндира олгани (балки мажбурлагани) ҳам халқаро санкциялар кучини йўққа чиқармоқда. Россиянинг ҳали-бери тинкаси қуриб, урушдан воз кечадиганга ўхшмайди. Бу каби сигналлар Украина-Россия можаросининг кейинги йилга ҳам ўтишини англатади.
Исроил-Фаластин можароси нафақат дунё афкор оммасини Украина масаласидан чалғитмоқда, балки Украинага ёрдам бериш муаммосини иккинчи даражага тушириб, Зеленскийнинг ҳам обрўсига путур етказишга билвосита сабаб бўлиб қолмоқда. Бу можаро Украина ва унинг раҳбарига эмас, Россия ва Путинга обрў келтириши мумкин имкониятлар эшигини очмоқда. Масалан, Россия Хитой билан бирга Фаластин муаммосини ҳал этишда воситачилик қилиши мумкинлигини айтди. Ҳатто охирги бевосита мулоқотида ҳам Путин Фаластинда Россия ҳоспитали очиш таклифини бергани, бироқ бош вазир Нетаняҳу “бу хавфсиз эмас” дея унинг таклифини рад этгани эътиборга молик. Бундай қадамлар, гарчи сўзда бўлса ҳам, маълум бир аҳоли қатламлари онгида Путинга фойдали ўзгаришлар ясаши мумкин.
Хуллас, Зеленский олдида урушдан-да мушкулроқ муаммо пайдо бўлди. Ғарбни Украинага ёрдам беришдан тўхтамасликка кўндириш ва қарши ҳужумларда кичик ғалабаларга эришиш талаб этилади. Лекин вақт ҳам, кириб келган қиш ҳам Украина армияси, оқибатда эса Зеленскийнинг зарарига ишлаши аниқ. Агар Украина президенти шу муаммолардан муваффақият билан чиқа олса, унинг аввалги обрўси 2 баравар кучайиб қайтиши мумкин. Акс ҳолда барчаси абас кетади.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.