platina.uz

Сиёсатчига айланган шоу-бизнес вакиллари

Сиёсий майдонда ҳам ўз позициясига эга машҳур шоу-бизнес вакиллари ҳақида эшитганмисиз? Platina.uz шундай сиёсатчиларнинг бир нечтасини жамлади.

Маданият
11 декабрь 2023 йил

Сиёсий майдонда ҳам ўз позициясига эга машҳур шоу-бизнес вакиллари ҳақида эшитганмисиз? Юқори лавозим эгаларининг аксарияти аввал умуман бошқа касб билан шуғулланган бўлади. Айтайлик, президентлар, депутат, вазирлар аввал шоу-бизнесда фаолиятини шакллантирган. Улар бир неча филм ва сериалларда рол ижро этган, айримлари эса филм ҳам суратга олган. Platina.uz шундай сиёсатчиларнинг бир нечтасини жамлади.

1. Владимир Зеленский – Украина президенти

Маълумотларга кўра, Зеленскийнинг сиёсатда тажрибаси етарли эмас. У шоу-бизнесда карьерасини ривожлантирган. Талабалик йилларидаёқ бир неча қизиқарли шоу-дастурлар – КВНда чиқишлар қилган. У бир неча гуруҳлардан сўнг ўз жамоаси аъзолари билан “Кечки квартал” телевизион лойиҳасида иштирок этган. Шунингдек, “Жанг клуби”, “Жаноб Кук”, “Йил қўшиғи”, “Кулги лигаси” ва бошқа дастурларда бошловчилик ҳам қилган. Бундан ташқари, у бир қатор филм ва мусиқий филмларнинг сценарий муаллифи, актёри ва продюсери ҳисобланади. Уларнинг энг машҳурлари – “Совчилар”, “Катта шаҳардаги муҳаббат”, “8 та биринчи учрашув”, “8 та янги учрашув”, “Мен, сен ва у” ва “Халқ хизматчиси” филмларидир. Актёрнинг президент бўлиши янгилик эмас, ундан аввал ҳам бир неча актёрлар сайловларда ғолиб чиққан.

2. Озодбек Назарбеков Ўзбекистон маданият вазири

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, айни пайтда маданият вазири Озодбек Назарбеков 2002 йилдан шоу-бизнесдаги фаолиятини бошлаган. У "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасида яккахон хонанда, Қуролли Кучлар ашула-рақс ансамбли хонандаси сифатида фаолият юритган. Марҳум хонанда Муҳриддин Холиқовнинг таниқли шогирдларидан бири. Шунингдек, у "Катта ҳовли" номли филмда актёр сифатида ҳам рол ижро этган. Сиёсатдаги фаолияти 2018 йилдан бошланган. Дастлаб, маданият вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. Сўнг 2020 йил 22 январдан маданият вазири лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

3. Доналд Трамп – АҚШнинг собиқ президенти

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп профессионал актёр бўлмаган, аммо филм ва телесериалларда эпизодик ролларни ижро этган. “Арвоҳлар бундай қилмайди”, “Уйда ёлғиз-2”, “Вақт саёҳати”, “Эдди”, “Компанён”, “Студия 54”, “Ноқулай сайёра” ва бошқа бир қанча филмларда кўриниш берган. 1988 йилдан буён Трамп ҳар бир сайловда АҚШ президентлигига номзодини қўйган. 2016 йилги сайловларда ғолиб чиққан. У 69 ёшида иш бошлаган Роналд Рейганнинг рекордини янгилаб, АҚШнинг биринчи сайланган энг кекса президентига айланган

4. Шохрух репер депутат

Шоу-бизнес оламига кирганидан қўшиқ куйлашга хобби сифатида қарайдиган Шохрух репер 2019 йилдан сиёсатдаги фаолиятини бошлади. Шохрух Шодмонов ҳаёт фақат қўшиқлардан иборат эмаслигини ва у юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқчи эканини билдириб, депутатликка номзодини қўйган ва 2019 йилнинг декабр ойидан депутат сифатида фаолият юритиб келмоқда. Хонанда бугун сиёсий фаолияти билан бир қаторда ижодини ҳам давом эттирмоқда. Хусусан, уни Инстаграм ижтимоий тармоғида 2,3 миллиондан ортиқ мухлислар кузатиб боради.

5. Ҳема Малини – парламент аъзоси (Ҳиндистон)

"Зита ва Гита"даги ижроси орқали машҳур бўлган актриса Ҳема Малини давлат сиёсатида ҳам ўз ўрнига эга. Актриса сиёсий майдонга 2003 йилда ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси(БЖП)нинг аъзоси сифатида кириб келди. У асосан ҳажвий ва драматик ролларда суратга тушган. “Қасос ва қонун” "Зита ва Гита", “Вир ва Зара”, “Ганга”, "Боғбон" филмларидаги роллари шулар жумласидандир.

6. Арнолд Шварценеггер – Калифорния штатининг 38-губернатори

Ҳолливуднинг машҳур актёри Арнолд Шварценеггер сиёсат оламида ҳам ўз ўрнига эга. Унинг кинодаги илк актёрлик иши “Геркулес Ню-Йоркда” филми бўлган. Кейинчалик "Терминатор" филмлари унга сезиларли даражада муваффақият олиб келди. 2003 йилда узоқ кутилган "Терминатор 3: Машиналар исёни" филмидан сўнг 56 ёшли Арнолд кино саноатини тарк этди. Ўша йили у Калифорния губернаторлигига сайловда ғалаба қозонди ва сиёсатдаги фаолияти бошланди. У губернаторлик пайтида АҚШ президентлигига номзодини қўймоқчи бўлди. Аммо АҚШдан ташқарида туғилгани учун бу насиб қилмади.

7. Роналд Рейган – АҚШнинг 40-президенти

АҚШнинг 40-президенти бўлишдан аввал Роналд Рейган радиоэшиттиришлар компаниясида спорт шарҳловчиси сифатида иш бошлаган. Кейинроқ бўлғуси президент Уорнер Бразерс кинокомпанияси билан етти йиллик шартнома тузиб, Ҳолливуд кино оламига кириб келди. У 50 дан ортиқ киноларда суратга тушди. У актёр ўлароқ илк ролини 1937 йилда суратга олинган "Самодаги муҳаббат" филмида жонлантирди. 1939 йил охирига келиб, 19 та филмда суратга тушди. 1941 йили экспонентлар овозига кўра, Рейган Ҳолливуддаги ёш авлоднинг бешинчи энг машҳур юлдузи, деб топилди. Унинг сиёсатдаги фаолияти 1947 йилда АҚШ кино актёрлари гилдиясининг президентлигига сайланганидан кейин бошланди. Калифорния губернатори этиб сайлангач, 1968 йилдаги президентлик сайловларида қатнашишга аҳд қилди. Сайловларда Рокфеллер, Никсондан кейин учинчи ўриндаги энг кўп сайловчиларга эга номзод сифатида эътироф этилди. Шундан кейин яна бир неча бор номзодини қўйиб, муваффақиятсизликка учради. Аммо таслим бўлмаган Рейган 1980 йилга келиб, яна АҚШ президентлигига ўз номзодини кўрсатди. Рақиб Жимми Картер эди. Роналд Рейган 44 штатда энг кўп овоз олиб, АҚШнинг энг ёши улуғ президенти бўлди.

8. Жозеф Эстрада Филиппиннинг 13-президенти

Эрап тахаллуси билан ижод қилган Жозеф Эстрада сиёсатга қадам қўйишидан аввал кино актёри бўлган. Йигирма ёшида у драма актёри сифатида карьерасини бошлаган, одатда ёмон одам/антагонист ролини ўйнаган. Эстрада кино актёри сифатида машҳурликка эришди ва ўттиз йил давомида актёр сифатида юздан ортиқ филмларда бош ролни ўйнади. У актёр сифатидаги машҳурлигидан сиёсатда ютуқларга эришиш учун фойдаланган. У сиёсатда Филиппиннинг 9-вице-президенти, Филиппиннинг 13-президенти ва мамлакат пойтахти Манила шаҳрининг 26-мери бўлган.

9. Мелина Меркури Юнонистон маданият вазири

Юнонистонлик Мелина Меркури маданият вазири бўлишдан аввал актриса, қўшиқчи сифатида фаолият юритган. У бир неча авлодлар давомида таниқли бўлган сиёсий оиладан чиққан. Меркури актрисалик фаолиятини Греция Миллий театридан бошлаб, 1945-йилда Евгений Онилнинг “Мотам электрга айланади” спектаклида Электр ролини ўйнади. Кейинроқ Меркури Уилям Шекспирнинг Макбет ва Жан Ануилнинг Л’Алоуетте филмларида рол ўйнаган. У 1960 йилдаги филми учун " Оскар" мукофотига номзод бўлган. Сиёсатчи сифатида ПАСОК ва Греция парламентининг аъзоси эди. 1981 йил октябр ойида Меркури биринчи аёл маданият ва спорт вазири бўлди. У Грецияда энг узоқ умр кўрган маданият вазири эди.

10. Питер Роберт Гаррет вазир (Австралия)

Питер сиёсатдаги фаолиятини бошлашдан аввал Midnight Oil рок гуруҳининг солисти бўлган. Ижрочи сифатида у ўзининг ажойиб кал боши, эксцентрик рақс услуби ва "саҳнада ҳайратланарли иштироки" билан машҳур. У 2004 йилги сайловда Австралия табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси президенти бўлиб сайланган. Кейинчалик атроф-муҳит, мерос ва санъат вазири этиб тайинланди. 2010 йилги сайловдан сўнг мактаб таълими, эрта болалик ва ёшлар бўйича вазир этиб тайинланди. 2013 йилдаги раҳбариятнинг истеъфосидан сўнг Гаррет вазирликдан истеъфога чиқди ва 2013 йилги сайловларда сиёсатдан кетишини эълон қилди.

Одинахон Деҳқонова тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+