platina.uz

Жамиятдаги энг катта душман

Ҳар бир одам ўзини “бу нарса менга боғлиқмас” ёки “менинг ишиммас” каби баҳоналарни рўкач қилса, жамият апатия ҳолатига тушади.

Мақола
11 декабрь 2023 йил
Жамиятдаги энг катта душман

“Дунё яшаш учун хавфли жой – ёвузлар эмас, балки ҳеч нарса қилмайдиган одамлар туфайли”, деган Алберт Эйнштейн.

Лоқайдлик бу фақат инсоннинг ўзигагина боғлиқ эмас. Ҳар бир одам ўзини “бу нарса менга боғлиқмас” ёки “менинг ишиммас” каби баҳоналарни рўкач қилса, жамият апатия ҳолатига тушади. Огоҳликка чақирувчи воқеа-ҳодисалар, муаммоларни санайвераркансиз, ҳар кимнинг унга нисбатан баҳонаси бор. Ер сайёрасида ичимлик суви тугаб бормоқда, жамиятнинг аксарият қисми бефарқ. Табиатдаги дарахтлар кесилиб кетяпти, ҳаво ифлосланяпти, одамлар бефарқ. Худди чўкаётган одамга “сиз чўкяпсиз”, деса, “ҳеч ким мени қутқармаяпти”, “сувдан чиқиш менинг ишим эмас”, дейишдек бир гап.

Platina.uz яқинда аҳоли ўртасида “Бюджет маблағлари қаерга сарфланаётганинга қизиқасизми?” саволи билан сўровнома ўтказганди. Одамларнинг кўпчилиги “сиёсатга аралашмайман”, деган жавобни, қолганлари эса “фақат ўзимнинг ҳаётим қизиқ”, каби жавобларни берди. “Маънавият учун энг катта хавф – бу аксарият одамларимизда лоқайдлик ва бепарволик кучайиб бораётганида”, деган эди Шавкат Мирзиёев. Президентнинг 2021 йилдаги ушбу сўзлари йилдан-йилга долзарблашмоқда. Нега одамлар лоқайдлашяпти? Буни бир неча сабаблар билан изоҳлашади.

1. Шахсий ҳаётдаги муаммолар кўплиги. Жамият хоҳлайсизми-йўқми, шахсий ҳаётингизга таъсирини ўтказмай қолмайди. “Сен сиёсатга аралашмасанг, сиёсат сенга аралашади” деган гап бор. Ҳар бир одам ҳаётида жамиятнинг ҳеч бўлмаганда бир стеоротипи бор. Шахсий ҳаётидаги йўқ деганда битта муаммога айнан мана шу стреотиплар сабаб. Одамлар ўзлари шахсий муаммолари ортидан психологик апатияга тушиб қолади. Ўзини-ўзи ўзгартириши, депрессияни енгиши ва ундан ҳам ёмони депрессион ёлғизликни ёқтириб қолмаслиги фақат мана шу чигалликлар билан яшамаслиги учун ҳам аввало ўзига нисбатан лоқайдликни йўқотиши керак.

Масалан, китоб ўқимасликка бўлган лоқайдликни, ижтимоий тармоқларга қаттиқ ўрганиб қолиш, жуда кўп вақтни ижтимоий тармоқда бесамар ўтказиш лоқайдлиги, фарзандлар тарбиясига бўлган лоқайдлик, фарзандлар таълими бўйича лоқайдлик, атроф-муҳитга, табиатга, атмосферага бўлган лоқайдлик, шу каби бир қатор лоқайдликларга эътибор қаратиб, уларни йўқотса, бу жамиятга қўшилиш, ўзидаги ва жамиятдаги лоқайдликнинг бир қисмини бартараф этади. Жамият аслида бу сиз, сиз жамиятнинг бир қисмисиз. Сизнинг ҳар бир воқеа-ҳодисалар ва муаммоларга бўлган муносабатингиз ўзингиз ва бошқалар ҳаётига таъсир ўтказади.

2. Жамиятда фаол бўлмоқчилик нияти билан ижтимоийлашиб кетиш. Фақат ижтимоийлашиб кетиш ҳам бошқа муаммоларни кўрмай, пайқамай қолишдир. “Оврўпа халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари. Оврўпаликлар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжалллари. Оврўпа шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жуғрофия ва табиат ўқутиш ва ўқутмаслик ихтилофлари давом этади”, деганди Мунавварқори Абдурашидхонов 1923 йилда. Жамиятда ишсизлик, ижтимоий ҳимоя, таълим тизими, экологик муаммолар, бюджет маблағлари, шахсий ривожланиш, миллат адабиёти каби бир қатор муаммолар турса ҳам, бизга қайсидир актирасининг калта кўйлаги, кимдир эридан ажрашгани, маҳалламиздаги фалончининг тўйи қайси тўйхонада бўлганию кимдир яхши сеп қилмагани ҳақидаги мавзулар қизиқ. Мана шунинг учун ҳам жамиятнинг кемтиклари кўп, аммо ютуқлари камайиб кетмоқда.

3. Оммавий онгсизланиш ёки онгсизлантириш. Кўрганларингиз, ўқиганларингиз сизни шакллантиради. Томошабин савияси деган нарса бор. Жамиятда оммавийлашаётган, замонавий айтадиган бўлсак, “трендлашаётган” нарсалар мана шу савиянинг даражасини кўрсатади. Ижтимоий тармоқ, телевидениеда оммавий тамоша қиладиган контентлар қанчалик ўзимизга ва онгимизга эътиборлилигимизни кўрсатмаяптими? Хўп, ўзи яхши контент, яхши кино яратилмаяпти экан, нега барибир уни томоша қиламиз? “Ахлат” деб улоқтириб юбормаймиз. Иштаҳамизга қараб ҳамма нарсани оғзимизга тиқишмоқда. Ҳар нарсани еявериш ҳам яхшимас. Аралаштиришнинг оқибатида миямиз бузилган ошқозонга ўхшаб қолиши мумкин.

4. Ҳуқуқларини билмаслик ёки уларга менсимаслик билан қараш. Ўз ҳуқуқларини билмаслик ёки улардан фойдаланмаслик сайлов жараёнларида кўпроқ билинади. Бир ҳинд филмида айтилганидек “5 соат ишлатиладиган ҳашаротларга қарши воситани ярим соат суриштирасиз. Ҳиди ёмон эмасми? Ҳашаротни ўлдирадими? Зарари йўқми? Аммо 5 йил ҳокимиятда сиз учун қарор қабул қиладиганлар билан қизиқмайсиз”. Ўзбекистон Конституцияси шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилади ва кафолатлайди. Ўзингиз ва бошқаларнинг ҳуқуқларини билишингиз ва чуқур англашингиз зарур. Келажагингизга боғлиқ қарорлар қабул қилишда фаол қатнашишингиз, ўз позициянгизни кўрсатишингиз, уйғоқ бўлишингиз муҳим аҳамиятга эга. “Ҳақ олинур, берилмас”, деган Беҳбудий ҳақ эди.

Бундай сабабларни яна қўшишингиз лоқайдликни оқлайдими-йўқми – буни ўзингиз таҳлил қилишингиз керак. Сиз фақат ўз ҳаётинигиз эмас, жамиятни қурмоқдасиз. Сиз учун ҳаётни ҳеч ким қуриб бермайди. Шахсий ривожланишингизда ўзингизни топишингиз керак. Донишмандларнинг фикрича: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Лоқайд одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.

Фазилат Соиб

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+