platina.uz

АҚШ ва Исроил тузган ваҳший ва махфий полиция – САВАК

Ҳокимиятни қўлдан беришига сал қолган шоҳ халқни темир тирноқлар орасида ушлаб турадиган, мухолифатга қарши шафқатсиз курашадиган бир тизимга муҳтож эди. Шу боис шоҳ хорижий элчиларнинг маслаҳати билан СAВAКни тузди.

Жаҳон
10 декабрь 2023 йил
АҚШ ва Исроил тузган ваҳший ва махфий полиция – САВАК

1979 йилда ислом инқилоби юз берди. Эрондаги монархиянинг зулм ва адолатсизлигидан сабр косаси тўлган халқ шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни (1919 - 1980) тахтдан ағдарди. Монархияга барҳам берилди, мамлакатда монархиядан кўра демократияга яқин бўлган республикачилик тузуми ўрнатилди. Гарчи республика ва президентлик тузуми бўлса-да, мамлакат қонунлари ислом (аниқроғи, шиа) аҳкомлари асосида шакллантирилиши эълон қилинди.

Эрон Ислом Республикасининг ташкил этилиши Ғарбга ёқмаган ва ҳозир ҳам ёқмайди. Улар шоҳлик давридаги “эркин” тузумни мадҳ этишади, кўчада ярим-яланғоч юрган хотин-қизларнинг суратларини намойиш қилиб, шоҳ даври – ҳуррият даври эди, дея даъво қилишади.

Бироқ шоҳлик даврида мамлакат фаҳш ва зулм, адолатсизлик ва жиноятчилик ботқоғига ботиб кетганини, шоҳ ва унинг шотирлари халқни талаш ҳисобига айшу ишратга ғарқ бўлиб яшаганини эсга олишни исташмайди. Теҳрон шаҳри фоҳишахоналар сони ва таносил касалликларининг қайд этилиши бўйича унча-бунча Европа шаҳарларини ҳам ортда қолдирганини “унутишади” (айнан шу жиҳатлари боис Теҳронга “Шарқ Парижи” деб ном беришган эди бир пайтлар). Эронликлар ҳақсизлик ва адолатсизликдан, репрессиялар, қонунсизлик, коррупция ҳамда порахўр амалдорлардан жабр кўриб, сўз эркинлиги каби оддий неъматлардан ҳам бебаҳра яшаганига кўз юмишади. Бу каби ҳақсизлик ва фаҳшга тўлиқ ҳаёт эронлик ёзувчи Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон” асарида моҳирона тасвирланган.

Нарцисс подшоҳ

Эроннинг охирги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий шоҳлик даврида ўзини аҳамонийлар шоҳи Кир Иккинчига қиёслаган. Ўз мафкураси сифатида паҳлавийликни танлаган, алмисоқдан қолган ва ҳозир ҳам айрим камбағал ва митти давлатлар худди ёпишмаган ямоқ ёки эшакка урилган от эгари каби кўтариб юрган мафкура – Адолф Ҳитлерни илҳомлантирган “орийлик” тамаддунини тирилтиришга уринган.

Шоҳ исломий ақидалардан имкон қадар (халққа ёмон кўринмаган даражада) узоқлашишга интилган. Ҳатто Эрон тақвимини ҳам ҳижрий йилдан эмас, аҳамонийлар сулоласи давридан бошлашга фармон берган. Лекин бироз ўтиб, халқ қабул қилмагани боис бу аҳмоқона қарорини бекор қилишга мажбур бўлган.

1967 йил 26 октябр куни шоҳ ўзига ўзи янги унвон – “шаҳаншоҳ”, яъни шоҳлар шоҳи унвонини берди. Ундан аввал эса ўзига “Ориямеҳр” (орийлар қуёши), “Бузург Артештаран” (Бош қўмондон) унвонларини берган.

1979 йилда рўй берган ислом инқилоби туфайли шоҳ ағдарилган ва бир йил ўтгач, Қоҳирада вафот этган.

Муҳаммад Ризо Исроил давлатининг иттифоқчиси бўлган. Фаластин можаросида ҳам Исроил тарафида турган. Ҳатто унинг ўта шафқатсиз ва золим разведкаси САВАКни ҳам Исроил ҳарбий маслаҳатчилари тузиб берган.

СAВAК – қисқартма сўз бўлиб, форс тилида “Давлат ахборот ва хавфсизлик хизмати” (Созмон-и Иттилоот ва Aмният-и Кивар) деган маънони англатади.

Тахтда қолиш эвазига хоинлик

Шоҳ Ризо Паҳлавий АҚШ ва Ғарб қўғирчоғи бўлган. Бироқ 1951 йилда у тайинлаган бош вазир Муҳаммад Мусаддиқ шоҳ эмас, эрон халқи манфаати учун фаолият юрита бошлаган. Мамлакат нефт конларини национализация қилган. Яъни Ғарб компанияларидан тортиб олиб, Эронга қайтарган.1952 йилда унинг ҳукумати Буюк Британия билан дипломатик алоқаларни узди, барча британиялик мутахассис ва маслаҳатчиларни мамлакатдан ҳайдади. Шоҳ бу бош вазирни ишдан бўшатишга уринган, аммо мамлакат бўйлаб халқ норозиликлари иш ташлар бошланиб кетгани боис, яна жойига қўйишга мажбур бўлган.

1953 йилда халқпарвар бош вазир шоҳдан мамлакатни тарк этишни сўраган. Шоҳ қочишга мажбур бўлган. Бу даврда эса шоҳ зулмидан безиб кетган эронликлар унинг ҳайкалларини ағдариб ташлашга тушди. Шоҳ шахсига сиғиниш барҳам топа бошлади. Монархия ва яккаҳокимлик даври ортда қолгандек туюлди.

Бироқ Буюк Британия Шоҳ жонига ора кирган. Эрон нефт конларидан келаётган даромаддан қуруқ қолганидан ғазабланган инглизлар бош вазирни ағдариш учун “Аякс” операциясини ишлаб чиқишди. 1953 йилда АҚШнинг МРБ директори Мусаддиқни ағдариш учун 1 миллион доллар ажратди. АҚШ ҳукумати МРБга шу мақсадда 19 миллион доллар берди. Буюк Британия ва АҚШ ҳарбийлари ўтказган “Аякс” амалиёти натижасида бош вазир ҳукумати ағдарилди. Эрон тахти яна сотқин шоҳга қайтариб берилди. Шоҳ эса яна нефт конлари ва унга ишлов бериш тизимини Буюк Британия компанияларига қайтарди. Тахтда қолиш эвазига миллат бойликларини хорижликларга сотди.

Ҳокимиятни қўлдан беришига сал қолган шоҳ халқни темир тирноқлар орасида ушлаб турадиган, мухолифатга қарши шафқатсиз курашадиган бир тизимга муҳтож эди. Шу боис шоҳ хорижий элчиларнинг маслаҳати билан СAВAКни тузди.

Махфий зулм органи

СAВAК расман 1957 йил 20 мартда ташкил этилган. Бироқ бу тузилманинг ўзаги америкалик мутахассислар бошчилигида бир неча йил аввал шаклланган эди.

Темур Бахтиёр шоҳ махфий полициясининг биринчи бошлиғи бўлди. 1953 йил 19 августдаги давлат тўнтариши пайтида у Теҳронда шоҳга қарши намойишчиларни отишда қатнашган зирҳли бригадага қўмондонлик қилган. Кейинчалик у Тудеҳ партияси аъзолари ва Муҳаммад Мусаддиқ ҳукумати вазирларига қарши репрессия кампаниясини бошқарган. Унинг шоҳга содиқлигини осонгина тушунтириш мумкин – у шоҳнинг иккинчи хотини Сурайё Исфандарийнинг амакиси бўлган (шоҳ 1951 йилдан 1958 йилгача у билан қонуний никоҳда эди).

Расмий равишда, одатда, давлат хавфсизлик идораларида бўлгани каби, СAВAК Ризо Паҳлавий имзолаган қонунга мувофиқ, жамият хавфсизлигига, Эрон фаровонлигига таҳдид солувчи кучларга қарши кураш олиб бориши керак эди. Бу хизмат матбуот, китоблар ва филмларни цензура қилиш, ҳукмрон режимга содиқликда гумон қилинганларни сўроқ этиш ва қийноққа солиш, шоҳнинг сиёсий рақибларини кузатиш билан шуғулланган.

СAВAК зобитлари AҚШ, Буюк Британия ва Исроил разведка хизматлари томонидан ўқитилиб, тайёрланди. Шунингдек, уларга "тўғри" қийноққа солиш услублари ўргатилди.

Яширин полиция бўлимларида ва ходимларининг формаларида ҳеч қандай таниқлилик белгилари бўлмаган. Улар "кимга керак бўлса, ўзи билади" тоифасидаги полициячилар эди. СAВAК ўз муассасаларини баланд деворлар орқасида яширин тош уйлар ва виллаларга жойлаштирди. Уларда ҳеч қандай ёзув йўқ ёки мавжуд бўлмаган идора ва компанияларнинг лавҳалари қўйилган. Бу деворлар ортида юз бераётган воқеалар эронликлар орасида энг даҳшатли миш-мишларни келтириб чиқарди.

Золим Шоҳ САВАКни ўз соқчиси сифатида кўрар ва унга бюджетнинг асосий қисмини ажратар эди. Фақатгина 1956-1962 йилларда хавфсизлик кучларига (армия, полиция, жандармерия ҳамда САВАК) бюджетнинг 27 %, таълим ва иқтисодий тараққиёт учун мос равишда 12 ва 33 % ажратилган 1972-1973 йилларда САВАК бюджети 255 млн. долларга тенг бўлса, 1974 йилда бу 310 млн. долларга чиққан. Барча харомхўр ва золим ҳукмдорлар каби шоҳ ҳам ўз тахти хавфсизлигини мамлакат ва халқ фаровонлигидан устун кўрган.

1950-йилларнинг охиридан бошлаб "СAВAК" сўзи эронликлар учун давлат томонидан амалга ошириладиган мутлақ қонунсизлик синонимига айланди. Ҳибсга олиш учун ҳеч қандай махфий полиция рухсати талаб қилинмас эди.

Одамларни шунчаки кўчадан ёки уйдан ўғирлаб кетишар, кейин у ҳақда ҳеч қандай маълумот топиб бўлмасди. Ўлигидан ва тиригидан хабар чиқмасди. Энг яхши ҳолатларда, ғойиб бўлган одам бир неча ойдан кейин қийноқлардан ногирон бўлиб, психикаси ишдан чиққан ҳолда уйига қайтиб келар эди.

СAВAК ходимлари ҳеч қандай судсиз қатлларни амалга оширди. Турли вақтларда хизматда 5 дан 15 минггача ходимлар ишлаган (баъзи тадқиқотчилар бу кўрсаткични 60 мингга тенг дейишади). САВАК учун ўнлаб, юз минглаб маълумот берувчи “қулоқ”лар ишлаган. Шоҳ ҳукуматига нисбатан заррача гумон қилган одам САВАК қўлига тушарди. Гумонланувчи қамоқхонага жўнатилган ва қийноққа солинган.

TIME журнали 1979 йил феврал ойида шоҳ ҳокимиятдан ағдарилганда, СAВAКни "шоҳнинг минглаб мухолифларини қийноққа солган ва ўлдирган, Эроннинг энг манфур ва хавфли муассасаси" деб таърифлаган эди.

Яна Исроил кўмакка келди

1972 йилда САВАК тергов ҳибсхонаси СAВAК бўлимларидан бири – Саботажга қарши қўшма қўмита назоратига ўтди. Бу тузилма махфий полициядаги энг йиртқич бўлинма эди. У Исроил ички хавфсизлик хизмати Шабак мутахассислари томонидан тайёрланган энг профессионал терговчилар ва қийновчилардан иборат эди.

Қамоқхона ва тергов изоляторидаги маҳбусларни электр кабеллари билан калтаклаш, қўл ёки оёқларига осиш, сувга чўктириш, электр токи билан қийнаш, суякларини синдириш каби қийноқлар кутиб оларди. Маҳбуслар устига қайноқ сув тўкилган, тишлари ва тирноқлари суғирилган. Энг ёмон қийноқлардан бири – тирик одамнинг бош суягини арралаш эди. Камераларга махсус қувурлар уланган, улар орқали ҳаддан ташқари совуқ ёки жуда қайноқ ҳаво етказиб берилар ва маҳбусларни қийнашда ишлатилар эди.

Тергов ҳибсхонасидаги сўроқ хоналарида ҳайвонот боғидаги қафаслардан ҳам кичкина темир қафаслар бўлган. Унга тергов қилинаётган одамлар жойлаштирилган. Терговчи истаган вақтида қафасга электр токи улар, истаса шунчаки қийнар, истаса куйдириб-қовуриб ўлдирарди.

1972 йилдан 1979 йилгача биргина тергов ҳибсхонасидан 8,5 мингга яқин одам ўтган, улар орасида Эроннинг ҳозирги руҳий раҳбари Оятуллоҳ Aли Хоманаий ҳам бўлган.

Қамоқхоналарда эркаклардан ташқари аёллар ва вояга етмаганлар ҳам қийноққа солинган. Уларнинг ҳаммаси мухолиф сиёсий гуруҳлар билан алоқада бўлмаган. Ўз фикрига эга зиёли қатлам вакиллари ҳам ҳибсга олинган.

Шоҳ ағдарилиши сабабларидан бири

Гарчи СAВAК ташкилоти ҳар қандай ғалаённи бостирувчи репрессив орган сифатида тузилган бўлишига қарамай, у шоҳ ҳокимияти ағдарилишининг асосий сабабларидан бирига айланди.

Иқтисодий вазиятнинг муттасил ёмонлашуви, умумий коррупция, сиёсий эркинликларнинг йўқлиги, яширин қатл ва қийноқлар фонида умидсизлик ғалаёнлари бошланди. Ғалаёнлар аста-секин кенг кўламли намойишларга айланиб борди – СAВAК ҳам, армия ҳам уларни тўхтата олмади.

1978 йил давомида мамлакатда Шоҳга қарши бир неча норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Вазият қалтислашиб бораётганини сезган шоҳ 1979 йил 16 январда худди чўкаётган кемани тарк этган каламуш каби Теҳрондан чет элга қочиб кетди. Ҳимоя қиладиган бошқа одам қолмагани боис ҳарбийлар оммавий равишда намойишчилар томонига ўта бошлади.

1 февралда шоҳ даврида дискредитация қилинган Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Мусовий Ҳумайний Эронга қайтиб келди ва ҳокимиятни ўз қўлига олди. Бу вақтга келиб СAВAК ўзини-ўзи тарқатиб юборди, унинг ходимлари чет элга хуфёна қочишга ҳаракат қилишди. Кимдир бунга муваффақ бўлди ҳам. Масалан, тергов изоляторининг бошлиғи Парвиз Сабети AҚШга қочиб ўтиб, сиёсий бошпана олган.

Янги ҳукумат тарафдорлари кетма-кет 22 йил давомида СAВAКни бошқарган тўрт генерални ҳам қўлга олишга муваффақ бўлишди. Уларнинг барчаси "халқ судидан" кейин отиб ташланган. Баъзи махфий полиция ходимлари қўлга олинган заҳотиёқ қутурган ит каби ўлдириб ташланган. Шоҳ ҳукумати ҳар қанча ўзини ҳимоя қилмасин, халқ ғазабидан қутула олмади.

Теҳрон марказидаги САВАКтергов изолятори шоҳ ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ҳам фаолиятини давом эттирган. Фақат бу гал унда шиа раҳбарларининг мухолифлари сақланган. Бу вақтинча қамоқхона фақат 2000 йилга келиб ёпилди. 2017 йилда бу ерда Ибрат музейи очилди. Бу СAВAК фаолиятига бағишланган мамлакатнинг асосий музейидир. Бу музейда шоҳ ҳукуматининг терговчилари ва улар қўллаган қийноқларга бағишланган манекенлар ва стендлар жойлаштирилган. Музей Эрон халқи бошига кулфат солган қонунсизлик, адолатсиз, шафқатсизлик ва зулмдан ҳикоя қилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+