platina.uz

Фақат бир томонлама ишлаётган кредит-модул тизими

Олийгоҳлар фақат ўзига манфаатли қисмини ишга тушириб, тизимнинг талабалар ҳам эркин фойдаланадиган томонини унутишган чоғи.

Жамият
7 декабрь 2023 йил
Фақат бир томонлама ишлаётган кредит-модул тизими

Ривожланаётган даврда ҳамма фаолият турлари ва ҳар бир тизим рақамлаштирилмоқда. Шу қаторда талабаларнинг мустақил юксалиши, баҳолашнинг осонлашиши ва шаффофлашиши учун халқаро баҳолаш тизими кредит модул тизими респулика олий таълим тизимига жорий этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Олий таълим муассасаларида таълим жараёнларини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модул тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Унга кўра, таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида олий таълим муассасаси кенгаши қарорига асосан, талабаларга фан доирасида профессор-ўқитувчиларни танлаш имконияти берилади. Бунда талабалар таълимни бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқув семестри бошида 1 ҳафта муддат давомида ўзи танлаган профессор-ўқитувчининг машғулотида қатнашиш учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтади.

Халқаро талабалар бемалол фойдаланадиган бу тизимда талабаларимизни ҳам “эшик қисган”. Яъни олийгоҳлар фақат ўзига манфаатли қисмини ишга тушириб, тизимнинг талабалар ҳам эркин фойдаланадиган томонини унутишган чоғи. Талабалар фан доирасида ўзи учун хоҳлаган ўқитувчини танлаш ҳуқуқи аслида ишламайди.

“Мен ўқиган қишлоқ мактабида қизиқ бир қоида бор эди. Чет тили ўқитувчиси йўқ бўлса, ўрнига ашула дарси ўтиларди, физика муаллими келмай қолса, кўпинча шу тарзда “ўқитиларди”. Билмадим, ё ўқитувчилар етишмасмиди, ё ашула муаллимимиз шунақа зўрмиди… Энди эсласам, ашула дарсини “Яллама ёримдан”дан бошқасини билмайдиган бир амаки ўтар экан”, деганди марҳум ёзувчи Шароф Бошбеков. Бизнинг талабалар ҳам мутахассис ходим танлолмай, “Яллама ёр”чиларга айланмоқда. На ўқитувчи берган дарсларини у тайёрлаган тақдимоту мавзуга оид китобларни платформадан тополади, на бутун дунё талабалари каби фан мутахасссисини билими ва кўникмасига қараб танлай олади. Мана шу тизим орқали талабадан пулни олаётган ОТМлар қачон талаба ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ўйлайди?

Маълумот учун: кредит-модул тизимининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар эътироф этилади:

  • ўқув жараёнларини модул асосида ташкил қилиш;
  • битта фан, курс (кредит)нинг қийматини аниқлаш;
  • талабалар билимини рейтинг бали асосида баҳолаш;
  • талабаларга ўзларининг ўқув режаларини индивидуал тарзда тузишларига имкон яратиш;
  • таълим жараёнида мустақил таълим олишнинг улушини ошириш;
  • таълим дастурларининг қулайлиги ва меҳнат бозорида мутахассисга қўйилган талабдан келиб чиқиб ўзгартириш мумкинлиги

Кредит модул тизими тарихи

Кредит илк маротаба XVIII ва XIX асрларда АҚШ университетларида жорий этилган бўлиб, ўқув жараёнларини либерализация қилиш, талабанинг ҳафталик академик юкламасини белгилаб бериш мақсадида яратилган.

1869 йилда Ҳарвард университети президенти, Америка таълимининг таниқли арбоби Чарлз Уилям Элиот “кредит соати” тушунчасини истеъмолга киритади. Шундай қилиб, 1870-1880 йилларда кредит соатлари билан ўлчанадиган тизим жорий қилинади. Кредит тизими билан ўқиш ва ўқув дастурларини ўзлаштириш талабаларга ўқув жараёнини мустақил равишда режалаштириш, унинг сифатини назорат қилиш, таълим технологияларини такомиллаштириш учун имконият яратиб берди.

Кредит тўплаш ўлчовининг киритилиши талабага катта эркинлик бериш билан бир қаторда, келажакда танлаган соҳасининг рақобатбардош мутахассиси бўлиб етишиши учун академик жараённи мустақил режалаштириш имконини ҳам тақдим этди. Айни чоғда баҳолаш тизими ва таълим технологияларининг такомиллашишига ҳам олиб келди.

Болоня декларациясида кўзда тутилганидек, кредит-модул тизими айнан мустақил таълимга урғу қаратгани ҳолда, асосан, иккита функцияни бажаришга хизмат қилади:

  • талабалар ва ўқитувчиларнинг мобиллигини, яъни бир олий таълим муассасасидан бошқа ОТМга тўсиқларсиз, эркин равишда ўтишини (ўқишни ёки ишни кўчириш)ни таъминлайди;
  • талабанинг танлаган таълим йўналиши ёки мутахассислиги бўйича барча ўқув ва илмий фаолияти учун академик юклама – кредит аниқ ҳисоблаб борилади. Кредит йиғиндиси талабанинг танлаган дастури бўйича нимани қанча ўзлаштирганини намоён этади.

Фазилат Соиб

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+