XX асрни ихтиро қилган кашфиётчи – Никола Тесла
Машҳур ихтирочи ҳаётида хонавайрон бўлиб, кунига 2 доллар эвазига ариқ қазишга ҳам мажбур бўлган.
Tesla сўзини эшитганда Илон Маск компанияси ишлаб чиқараётган машҳур электр автомобиллари кўз олдимизга келади. Бироқ бу брендга ном берган шахс ҳам машҳурликда ундан қолишмайди.
Никола Тесла (1856-1943) – сербиялик таниқли ихтирочи, физик, муҳандис, юздан ортиқ ихтиролар муаллифи бўлиб, уларнинг аксарияти инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.
Агар Тесла ихтиролари бўлмаганда эҳтимол ўзгарувчан ток ва уни узатадиган электр тармоқларини кўрмасмидик. Бу электрдан қувват олиб ишлайдиган барча қурилмалар, ҳатто компютер ҳам ихтиро қилинмас эди.
Никола Тесла ўзгарувчан токда ишлайдиган қурилмаларни яратиш, шунингдек, эфирнинг мавжудлиги ғоясини изчил ҳимоя қилиши туфайли бўлган. Айтганча, магнит индукция зичлигини ўлчаш бирлиги ҳам ихтирочининг номи билан (Тесла (Тл) аталади.
Ибтидо
Никола Тесла 1856 йил 10 июлда Хорватиянинг Смилян қишлоғида (ўша пайтда Aвстрия-Венгрия ҳудуди) туғилган. Унинг ота-онаси Милутин ва Жоржина илм-фандан узоқ инсонлар бўлишган – отаси насроний руҳонийси, онаси эса саводсиз уй бекаси эди.
Николанинг отасига янги диний даража берилгач, беш фарзанддан иборат катта оила Госпич шаҳрига кўчиб ўтди. Бу ерда ёш Никола дастлаб бошланғич мактабнинг учта синфини тугатди ва 1870 йилда ҳақиқий гимназия сертификатини олди.
Никола Карловац шаҳрида жойлашган Олий реал мактабга (ҳозирги Грац техника университети)га ўқишга кирди. Бу ерда Никола Тесла электротехника соҳаси билан қизиқиб қолди. У тез орада ўзгармас ток билан ишловчи техник қурилмалар мукаммал эмаслигини тушуниб етди. Натижада профессор Ж.Пешлдан “гап эшитиб” олди. Профессор бутун курс олдида электр моторларида ўзгарувчан токдан фойдаланиш мумкин эмаслиги ҳақида намойишкорона маъруза қилди.
Мустақил ҳаётнинг бошланиши
Никола Тесла отасининг ўлимидан сўнг Госпичдаги гимназияда дарс бера бошлади, лекин бу иш унга унчалик ёқмади. Теслани доим пул етишмаслиги қийнар эди. У амакилари Павел ва Петарнинг кўмаги билан Прагага кўчиб ўтди ва маҳаллий университетнинг фалсафа факултетига ўқишга кирди. Aммо бу ерда ҳам сурункали пул етишмовчилиги боис, биринчи семестрдан кейин Никола Будапештдаги телеграф компаниясига электротехника муҳандиси бўлиб ишга кирди.
У компанияда телефон коммуникацияларини ётқизиш ва телефон станцияларини қуриш билан шуғулланган. 1882 йилда Тесла айланувчи магнит майдондан электр моторида фойдаланиш имкониятини англаб етди, бироқ телеграф компаниясидаги иш унинг режаларини амалга оширишга тўсқинлик қилди. Бу эса интилувчан олимни Томас Эдисоннинг “Континентал” компаниясига ишга ўтишга мажбур қилди.
Aйни пайтнинг ўзида у Париж ва Страсбургда ҳам ишлади. Страсбургда маҳаллий темир йўл станцияси учун электр станциясини қуришда иштирок этди. Aйнан Страсбургда Тесла синхронлашмаган электр мотор моделини ишлаб чиқди ва уни шаҳар ҳокимияти биносида синаб кўрди. Тесла электр станциясидаги ишларни тугатгандан сўнг, ўзига тегишли 25000 AҚШ доллари миқдоридаги бонусни кутган ҳолда Парижга қайтиб келди, лекин тез орада пулдан умидини узиб, бутунлай ишдан кетди.
Эдисон билан келиша олмаган ходим
Ниҳоят Тесланинг “Континентал” компаниясидаги ҳамкасбларидан бири C.Белчор уни AҚШга боришга кўндирди ва ҳатто Томас Эдисонга тавсиянома ҳам ёзиб берди. 1884 йил июн ойида олим Ню-Йоркка келди ва Edison Machine Works компаниясига электр жиҳозларини таъмирлаш бўйича муҳандис сифатида ишга кирди, шу билан бирга ихтирочилик фаолиятини давом эттирди.
Тесланинг катта илмий иштиёқи ҳақида билган ва лекин унинг ғояларига ҳақиқатан ҳам ишонмаган Эдисон ўз ҳамкасбига ўзгармас электр токида ишловчи машиналарини такомиллаштириш вазифасини топширди. Бунинг учун ўша пайтда ақлга сиғмас маблағ – 50 минг доллар ваъда қилди. Никола бу ишга иштиёқ билан киришди ва жуда қисқа вақт ичида машинани оптималлаштиришнинг 24 та вариантини ҳамда янги регулятор ва калитни тақдим этди. Томас барча ишланмаларни маъқуллади, лекин Тесланинг инглиз тилини ёмон билишини ва америкача ҳазилни тушунмаслигини айтиб, пулни бермади. Бундан қаттиқ хафа бўлган ихтирочи компаниядан кетишга қарор қилди.
Орзулар ушалмади
Эдисонни тарк этгач, Тесла энди ўз қариндошларининг ҳимоясига умид қилолмаслигини яхши тушунди, лекин бу вақтга келиб у янада қимматли нарсага – илмий доираларда обрў ва ўз ғоялари тўғрилигига ишончга эришди. 1885 йилнинг баҳорида патент ҳуқуқи бўйича машҳур адвокат Л.Суррелл билан биргаликда бир хил ёруғлик чиқарадиган ёй чироққа оид биринчи патент аризасини топширди. Шундан сўнг, бирин-кетин қимматли ихтиролар дунё юзини кўра бошлади.
Кейинчалик у Ню-Жерсидаги ишбилармонлар билан ҳамкорлик шартномаси тузди, улар олимнинг лойиҳаларини молиялаштиришга рози бўлишди ва унга пул беришди. Ушбу маблағлар эвазига Тесла компания ташкил этди. Энди ҳаёт яхшиланаётгандай туюлди. Бироқ тадбиркорлар содда Теслани алдаб, унга бир қисм акцияларни берган ҳолда компанияни тортиб олишди. Никола хонавайрон бўлди ва кунига 2 доллар эвазига ариқ қазиш билан шуғуллана бошлади.
Ёруғ кунлар келганида
Тесланинг сабр-тоқати тақдир томонидан мукофотланди ва 1887 йилда Никола ҳамкасблари ёрдамида «Tesla Electric Light & Manufacturing company»ни ташкил қилди. Бу компания тезда Эдисон империясининг жиддий рақобатчисига айланди. Матбуот бу қарама-қаршиликни "токлар уруши" деб атади ва "жанг майдонида" Тесла кўпинча ғолиб бўлди.
Ўзгармас ток тарафдори бўлган олим, “кашфиётлар қироли” Томас Эдисон ўз даврида йирик физик сифатида Теслани “шарманда” қилишга, унинг ғояларини обрўсизлантиришга кўп бор уринган. Эдисон “ўзгармас ток – бўлмағур нарса, унинг келажаги йўқ”, дея кўп бор таъкидлаган. Ҳатто ўзгарувчан токнинг хавфли эканини исботлаш учун ҳамманинг кўзи ўнгида бир итни ўзгарувчан ток урдириб ўлдириб, том маънода “қовуриб” ташлаган.
Бироқ Тесла ўзгарувчан токнинг самаралироқ эканини исботлаш уринишларини тўхтатмади. У ўзгарувчан ток олиш арзонга тушишини исботлади. Ниҳоят 1888 йилда Тесла Aмерика электротехника муҳандислари институтида ўзгарувчан ток генератори ҳақида маъруза ўқиди ва миллионер Жорж Вестинхаус дарҳол бу ихтирони сотиб олиш учун 1 миллион доллар таклиф қилди. Натижада, у кўп фазали токни узатиш ва тарқатиш технологиялари учун бир неча патентларни қўлга киритди ва бу ғояларни Ниагара шаршарасида гидроэлектростанция қуриш учун ишлатди.
Тесла Эдисонга келажак ҳақидаги сўзларига жавобан журналистларга берган интервьюсида шундай деган эди: “Мен энди ҳозирги замон учун эмас, келажак учун меҳнат қиляпман. Келажак менга тегишли”.
Тесла то 1895 йилгача ўз лабораториясида магнит майдонлари ва юқори частоталар назарияси бўйича фаол ишлади. Натижада, кўплаб патентлар, жумладан, юқори ва ўта юқори частотали электр генераторлари, тўлқинли радио узатгич ҳамда резонанс трансформаторлари каби ихтиролари учун патент олди.
Бироқ Тесла илмий дунёни ҳайратга қолдиришдан тўхтамас эди. 1892 йилда у Буюк Британия қироллик академиясида нутқ сўзлаб, қўлида ёниб турган электр чироғи билан йиғилганларни ҳайратда қолдирди. Энг қизиғи, бу чироқлар токка уланмаган эди. Бу ихтироси учун Теслани Майкл Фарадейнинг фахрли курсисига ўтқазишди. Радиотўлқинлар назарияси устида ишлаётган Тесла "телеавтоматик" – масофадан бошқариладиган ўзиюрар қурилмани ўйлаб топди.
1895 йил май ойида Тесла лабораториясида ёнғин содир бўлиб, аллақачон яратилган ишланмалар ва сўнгги лойиҳалар, шу жумладан, масофадан хабар узатиш усули ва механик оциллятор ёниб кетди. Кейинчалик бу ёнғин рўй беришида рақобатчиларнинг, ҳатто Томас Эдисоннинг ҳам қўли борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди.
Бироқ гигантлар ўртасидаги кураш 2007 йилда – Ню Йорк шаҳар электр тармоқлари бутунлай ўзгарувчан токка ўтганида Никола Тесланинг ғалабаси билан якунланди.
Маълумотларни масофадан узатиш
Тесла феноменал хотирага эга олим эди. У ўз ёзувларини тиклади ва тадқиқотларини давом эттирди. Бу орада “Ниагара шаршаралари” компанияси янги лаборатория яратиш учун унга 100 минг доллар берди. Натижа узоқ куттирмади – 1896 йилда олим 48 км.дан ортиқ масофага симлар ёрдамисиз сигнал узатишга муваффақ бўлди.
1899 йилда электр компаниясининг таклифига биноан Тесла Колорадо Спрингсда чақмоқларни ўрганиш бўйича лаборатория яратди. Бу ерда ўтказилган тажрибалар ёрдамида Ер сайёрасида қувват манбалари кўплигига ва барқарор электромагнити мавжудлигини исботлашга эришди.
Кейинчалик ихтирочи Ню-Йоркка қайтиб келди ва маълумотлар ва электр қувватини сайёрамизнинг исталган нуқтасига масофадан узатиш учун станция қуришга қарор қилди. Бунинг учун у Лонг-Aйлендда кичик бир ер участкасини сотиб олди, меъмор В.Грой эса ёғоч минора лойиҳасини яратди.
Ниҳоят 1902 йилда 47 метр баландликдаги Варденклифф деб номланган мазкур иншоот қуриб битказилди. Аммо унинг умри қисқа бўлди. Чунки ушбу лойиҳани молиялаштириб турган тадбиркор Д.Морган пул беришни тўхтатди.
Бироқ олим бу билан тўхтаб қолмади ва кейинги йилларда ҳам кўплаб тажрибалар ўтказиб, инновацион технологияларни ривожлантиришда давом этди. Минора 1901 йилдан 1917 йилгача мавжуд бўлган.
Тесланинг "махфий" ихтиролари
Бироқ Теслани машҳур қилган фақат шу минора эмасди – у бошқа ихтиролар устида ҳам ишлашни тўхтатмади. XX аср бошларида Никола электр ҳисоблагич ва частота ўлчагични яратди, буғ турбиналарини такомиллаштирди. Локомотив, самолёт, автомобил ва станокни ишлаб чиқишга раҳбарлик қилди.
Айрим фикрларга кўра, Тесла АҚШда Эдисон қўли остида ишлаганида, Эдисон унинг кўплаб ғояларини ўзлаштириб, ўз номидан эълон қилган эмиш. Бироқ Тесланинг ўзи бу ҳақда ҳеч нарса демаган. “Менинг ғояларимни ўғирлашганидан хавотир олмайман. Уларнинг ўз ғоялари йўқлиги кўпроқ мени безовта қилади”, деган эди Никола Тесла ўз интервюларидан бирида.
Никола Тесланинг "парвоз аппарати"
Тесла даврига келиб, самолёт ва вертолётлар концепцияси мавжуд эди. Илк прототиплар ҳам қўллаб кўрилган эди. Бироқ Тесланинг фикрича, келажакда учиш аппаратлари мутлақо бошқача қиёфада бўлади. “Булар мутлақо янги тамойиллар бўйича – газ баллонлари, қанотлари ва парракларсиз самолётлар бўлади. Улар об-ҳаво, ҳаво “чуқур”лари ва ҳаво оқимидан қатъи назар, исталган йўналишда жуда юқори тезликда ҳаракат қилишади”, деган эди Никола Тесла.
Танганинг иккинчи томони
Афсуски, буюк олим лабораториясида катта вайронкорлик кучига эга қуроллар яратилгани ҳақида ҳам тахминлар мавжуд. Тесла ўлимидан сал аввал 10 минг самолётни йўқ қила оладиган ақл бовар қилмайдиган энергияни масофадан узатишга қодир "ўлим нури"ни яратгани ҳақида маълум қилди.
1931 йилда эса у тажриба ўтказилган бир ҳафта давомида қайта қувватланмасдан ҳаракатланадиган, ўзгарувчан ток двигателига эга электр автомобилини оммага намойиш этди. Тесланинг сўзларига кўра, машина 150 км/соатгача тезликка эришиши мумкин бўлган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Тесланинг нур қуроллари ҳақидаги ғояси яна қайта кўриб чиқила бошлади. Унинг лойиҳаларининг нусхалари Оҳаё штатидаги Паттерсон ҳарбий ҳаво кучлари базасига жўнатилди. Ишга "Ник лойиҳа”си деган махфий ном берилди. Бироқ тажрибалар нима билан тугагани ҳамон сирлигича қолмоқда.
1952 йилда Тесладан мерос қолган дафтарлар ва чизмалар унинг жияни Савага берилди, энди коммунистлар қўлига ўтган Белград шаҳрига олиб кетилди ва музейга қўйилди. Ғарб журналистларига бу музейга кириш рухсат берилмади. Бироқ совет олимлари бу дафтар ва чизмалардан нусхалар олишди. Таъкидлаш керак, Хрушчевнинг 1960 йилда “СССР яна фантастик қуролларни яратишга қодир” дея баёнот бергани, советларнинг Тесладан мерос қолган қандайдир ишланмалардан фойдаланишга уринганига ишора бўлиши мумкин.
АҚШда эса Тесланинг “Нур қуроли” ғояси устида илмий тадқиқотлар давом эттирилди. 1958 йилда "Сисе" ёки “Кўринмас арра” деб номланган дастур ишга туширилди. 10 йиллик тадқиқотлар учун жами 20 миллион доллар сарф этилди. Бироқ тадқиқотлар кутилган самара бермади. Афтидан лойиҳа устида ишлаётган олимлар Тесланинг кўзқараши ҳақида зарур тасаввурга эга бўлишмаган.
Интиҳо
Ўлимидан сал олдин Никола Теслани машина уриб юборди ва қовурғалари синди. Aсорат туфайли ўпкада зотилжам бошланди. У меҳмонхонада ёлғиз яшаган, ҳеч кимга олдига киришига рухсат бермаган. Шу тариқа олим 1943 йил 8 январга ўтар кечаси юрак етишмовчилигидан – тромбоздан вафот этган. Тесланинг жасадини 2 кун ўтгач топишган.
1943 йил 10 январда Ню-Йорк мэри ажойиб олим шарафига мақтов маърузасини ва 12 январда унинг жасади ёқилгач, хоки 2000 киши иштирокида, оркестр ижро этган Aве Мария куйи остида тантанали дафн этилди.
Бироқ бутун ҳаётини табиат сирларини очишга бағишлаган, ўзидан кўплаб сирли лойиҳалар қолдирган олимнинг ўлими ҳам сир-синоатларга бой. Масалан, нега унинг жасади куйдирилган? Чунки олим бундай васият қилмаган ёки унинг қариндошлари ҳам бундай қарорга келмаган.
Яна бир сирли жиҳати шуки, Тесланинг жасади меҳмонхонадан олиб кетилганидан кейин АҚШ Федерал қидрув бюроси ходимлари унинг барча ёзувларини олиб кетишган.
Тесланинг илмий мероси
Тесладан олимлар тан олган ва ҳозир ҳам инсониятга хизмат қилаётган кўплаб ихтиролар қолди. Улардан айримлари қуйидагилардир:
- юқори частотада ишловчи электромеханик генератор ҳамда юқори частотали электротрансформаторни яратди;
- электр хавфсизлиги қоидаларини ишлаб чиқди (Тесла электр билан ишлаш давомида уларни ўзида синаб кўрган);
- унинг юқори частотали ток билан ўтказган тажрибалари электротерапея ва тиббий тадқиқотлар учун асос бўлди;
- айланадиган магнит майдони ҳодисани илмий жиҳатдан тасвирлаб берди;
- кўп фазали электр машиналарига патентлар олди, улар кейинчалик гидроэлектростанциялари яратиш учун хизмат қилди;
- дастлабки тўлқинда ишловчи радио яратди;
- радиоалоқа тамойилларини чуқур ўрганди;
- «Тесли ғалтаги » – чақмоқлар генераторини яратди;
- “симсиз қувватлаш” тамойилларини ишлаб чиқди (фақат 2010 йилларга келиб у кундалик ҳаётимизга кўчди);
- электр автомобиллари ва аккмуляторлари ғояларини такомиллаштирди;
- сувости кемаларини радиотўлқин ёрдамида аниқлаш тамойилларини ишлаб чиқди (бу ғоялар асосида кейинчалик радиолокация тизимлари яратилди).
Кўпгина истеъдодли одамлар сингари Никола Тесла ҳам “ғалати” хулқ-атвори – ёввойилиги ва бироз қўполлиги билан танилган эди. Aммо у метафизикани ва табиат қонунларини ақл бовар қилмайдиган даражада тушуна оларди. Бунинг натижаси ўлароқ у бутун инсоният тараққиётини тезлаштирган ёрқин кашфиётлар қилди.
Тесланинг рақиби Томас Эдисон минглаб ихтиролари билан тарихда қолган. Электр чироғи, кинопроектор аппарати, товуш ёзиш қурилмаси – фонограф, электр токини узатиш тармоқлари Эдисон шарофати билан инсоният ютуқларига айланди. Ҳатто Эдисон ҳам 1920 йилларда “Бўлди, биз инсон учун керакли ҳамма нарсани ихтиро қилиб бўлдик. Бундан кейин йирик кашфиётлар бўлмайди”, деб айтган экан. Бироқ Эдисондан кейин инсониятнинг энг буюк ихтиролари – компютер, ахборот технологиялари, сунъий ақл, роботлар ва бошқа кўплаб йирик ва ўта муҳим ихтиролар юзага чиқди.
Бироқ Тесла ҳеч қачон бундай фикрда бўлмаган. Қуйидаги жумлалар ҳам Теслага тегишли: “Инсон мавжудлигининг буюк сирлари ҳали очилмаган; ҳатто ўлим ҳам интиҳо бўлмаслиги мумкин”.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.
Телеграмда кузатиб боринг!