platina.uz

Фашист олимлари дунёга берган ихтиролар

Фашистлар ҳукумати бутун дунёни босиб олиш йўлида эса илм-фан ва технологияларга катта эътибор қаратган. 

Мақола
5 декабрь 2023 йил
Фашист олимлари дунёга берган ихтиролар

Биз яшаётган дунёга дуализм хос. Яъни ҳар бир нарсанинг яхши ва ёмон тарафлари ҳам бор. Ҳатто биз вайронкор дея атайдиган уруш ҳам билвосита инсоният тараққиётига хизмат қилгани ҳақиқат. Аввалги мақоламизда Биринчи жаҳон уруши сабаб бўлган ихтироларни келтириб ўтган эдик.

Лекин энг манфур саналувчи фашистлар Германияси ҳам Иккинчи жаҳон уруши даврида инсониятга берган кўплаб муҳим ва ҳаётий қимматга кашфиётлари борки, уларни ҳам тан олмасдан иложимиз йўқ

Фашистлар ҳукумати бутун дунёни босиб олиш йўлида эса илм-фан ва технологияларга катта эътибор қаратган. Мукаммал қуроллар, алоқа воситалари, самарали техникалар, ҳатто ҳозир замонавий тиббиёт фойдаланадиган кўплаб муҳим ихтиролар айнан фашист олимлари урушда синовдан ўтказган прототиплар ва фашист тиббиёт ходимлари томонидан турли концлагерларда жонли одамлар устида ўтказилган тажрибалар натижасида дунёга келган. Мавжуд фанларда улкан янгиликлар яратиб, уларнинг ривожи учун катта ҳисса қўшишди.

Кўпгина ихтиролар фашистлар яратган кашфиётлардан кўчирилган ёки улардан илҳомланиб, уларни такомиллаштириш натижасида пайдо бўлган. Хусусан, АҚШнинг илк разведка хизмати уюшмаси, МРБнинг “бобоси” бўлмиш “АҚШ стратегик хизматлари бошқармаси” нинг “Скрепка” махфий операцияси (Operation Paperclip) доирасида Иккинчи жаҳон урушидан кейин нацистлар Германиясининг кўплаб олимлари АҚШга олиб кетилган ва улар кейинги илмий фаолиятини Америка илм-фани тараққиёти учун сарфлашган. Америкаликлар немис олимларига ўта ҳурмат билан муомала қилишган. Ҳаёт ва ижодлари учун барча қулай шароитларни яратиб беришган, юқори маош тўлашган.

СССР эса ўзи асир олган немис олимларини аввал Сталин қамоқхоналарида ва қийноқлар одатий ҳол бўлган терговларда азоблаган. Советлар берган маълумотларга қараганда, Германиядан СССРга Ҳельмут Греттруп (1816-1981) бошчилигида 150 нафар ракетасозлик ва ядро физикаси олимлари мажбурий кўчирилган. Улар маҳбусларнинг ҳаётидан фарқ қилмайдиган шароитларда ишлаб, совет ракетасозлиги, космонавтикаси ва ядро физикасига асос солишган. (Бироқ буни руслар тан олишмайди. Барча ихтирокларни руслар амалга оширган дея иддао қилишади) Ўз олимларини хўрлаб қамоққа ташлаган ёки отиб ташлаган қонхўр коммунистлар учун нацист олимларининг қадри товуқ ўғриларининг қадридан ҳам паст бўлган. Нацист олимларининг СССРда ишлаб, яратган ихтироларига рус “конструктор”лари эга чиқишган. Немис олимларининг қамалмай қолган ва тирик қолганлари имкон туғилган заҳоти Германия Федератив Республикасига қайтишган.

(Урушдан кейинги даврларда ҳам деярли барча ғарб ихтиролари ва техникалари совет разведкаси томонидан ўғирланган ёки Ғарбда ишлаб чиқарилган модел асосида СССРда гўёки бошқа конструкторлик бюроларининг ишланмаси сифатида бошқа ном остида, лиценция ва рухсатсиз, муаллифлик ҳуқуқларини қўпол бузган ҳолда ишлаб чиқарилган).

Фашист олимларининг қуйидаги энг машҳур ихтиролари кибернетика, информацион технологиялар, космонавтика, генетика, экстремал ва дала тиббий жаррлоҳлиги, замонавий эпидемиология, ядро ва квант физикаси каби фанларга асос солган:

ФАУ-2 – илк фазовий ва баллистик ракетаси. Учинчи рейх яратган энг муҳим ихтиролар орасида ФАУ-2 ракетаси (немисча V-2 — Vergeltungswaffe-2, “қасос қуроли; бошқа бир номи А-4 — Aggregat-4, “агрегат”) алоҳида ўрин тутади.

ФАУ-2 реактив двигателлар, узоққа учувчи баллистик ракеталар ва космик ракеталар эрасини бошлаб берган. 1942 йилда биринчи марта учирилган ушбу ракета устидаги илмий тадқиқотлар немис конструктори Вернер фон Браун (1912-1977) урушдан аввалроқ бошланган. Ракета илк марта 1944 йил 8 сентябрда жанговор парвозни амалга оширган. Жами 3225 та шундай ракета учирилган. Асосан Буюк Британия, шунингдек, қисман Франция, Бельгия ва Нидерландия ҳудудлари бомбаланган. ФАУ-2 суюқ ёқилғили двигател ёрдамида соатига 5940 км. тезликда 320 км. масофага уча олган. Мазкур ракета деярли 100 километрга кўтарила олган ва илк космик ракетаси бўлишга даъво қилади.

ФАУ-2 1944 йилда тик учирилган ҳолда 188 км. баландликка кўтарилди ва космонавтика тарихидаги лик суборбитал фазовий парвозни амалга оширди.

Иккинчи жаҳон уруши якунига етгач, Германиядаги кўплаб олимлар ва илмий ишланмалар ғолиб давлатлар – АҚШ, Буюк Британия ва СССР томонидан “бўлиб олинди” ва ушбу давлатларда такомиллаштирилди. ФАУ-2 дастлабки баллистик ракеталар ва космик ракеталар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Унинг ихтирочиси Вернер фон Браун кейинчалик қитъалараро баллистик ракеталарни яратди. Дунёдаги илк Explorer фазо шатлли (Space Shuttle – кўп марта фойдаланиладиган фазо кемаси) ва АҚШ космик дастури, хусусан “Ойга учиш” дастурининг ва илмий жамоасининг раҳбарига айланди.

Илк марта Ойга қадам қўйган АҚШ астронавти Нил Армстронг учган “Аполлон-11” фазовий кемаси ва уни фазога элтган “Сатурн-5” ракетаси ҳам немис олимининг ақлий салоҳияти билан яратилган. Бунинг учун NASA олимни “Буюк хизматлари” медали билан тақдирланган.

Flettner rotor ва илк вертолёт. Ҳозирда вертолет (винтқанотли самолет) ихтирочиси сифатида келиб чиқиши украиналик бўлган АҚШ конструктори Игор Сикорский (1889-1972) тан олинади. Бироқ Сикорскийнинг илк вертолети 1939 йил 14 сентябр куни ҳавога кўтарилган. Немис муҳандиси, дунёдаги илк бошқарилувчи торпедо ва Флетннер роторли кема ихтирочиси Антон Флеттнернинг (1885—1961) синхтроп деб аталган Flettner Fl 184 ветолети эса 1935 йилда ишлаб чиқарила бошланган. Флеттнернинг чизма ва илмий ишланмалари АҚШ ҳарбийлари қўлига ўтган. Флеттнер ҳам 1947 йилда Америка “Скрепка” операцияси доирасида АҚШга жўнатилди. У АҚШ Ҳарбий-денгиз тадқиқотлари Бошқармасида маслаҳатчи бўлиб ишлади, АҚШ фуқаролигини олди. 1949 йилда Нью-Йорк шаҳрида Flettner Aircraft Corporation компаниясини ташкил этди. Унинг компанияси инновацион концепциядаги самолетларни ишлаб чиқариш борасида АҚШ Ҳарбий-денгиз флоти билан ҳамкорлик қилди.

Messerschmitt МЕ 262 илк реактив самолёти ва реактив двигател. Дунёдаги илк реактив қирувчи самолёт нацистлар муҳандиси Вилҳельм (Вилли) Эмиль Мессершмитт (1898-1978) томонидан 1938 йилда яратилган. Мазкур самолёт 1941 йилда ҳавога кўтарилган бўлсада, юзлаб синовлардан ўтказилган ва 1944 йилга келиб фойдаланишга топширилган. Шахсан Адолф Ҳитлер бу самолетни қирувчи эмас, бомбаловчи самолетга айлантиришни буюрган. Уруш даврида 1500 та шундай самолет ишлаб чиқарилган. Урушдан сўнг АҚШ олимлари бу самолет чизмаларидан фойдаланиб ўз ҳарбий самолетларини ишлаб чиқаришган.

Конструктор Мессершмитт эса урушдан сўнг Германияда қолишга муваффақ бўлган. Урушдан сўнг то 1955 йилгача Германияга самолётлар ишлаб чиқариш тақиқлангани боис, Мессершмитт уй, тикув машиналари ва камлитражли автомобиллар ишлаб чиқарувчи Messerschmitt AG компаниясига асос солган. Компания 1955 йилдан сўнг кўплаб машҳур ҳарбий самолётларни ишлаб чиққан ёки хорижий моделларни лицензия асосида ишлаб чиқарган.

STG-44 илк автоматик винтовкаси. Sturmgewehr 44 автоматик штурм винтовкасининг дастлабки намунаси 1938 йилда яратилган, 1942 йилда кенг ишлаб чиқарила бошланган.

Янги қурол HWaA (Heereswaffenamt — Вермахтнинг Қуруқликдаги кучлари қуролланиш бошқармаси) ва C.G. Haenel фирмасининг ҳамсоҳиби, конструктор Хуго Шмайссер (1884-1953) ўртасида янги автоматик қурол яратиш борасида тузилган шартнома ортидан дунё юзини кўрган. Уруш охиригача 1,5 миллион дона STG-44 автомати ишлаб чиқарилган.

STG 44 лойиҳалари урушдан кейин СССР (“Калашников” автомати) ва (М-16 автоматик винтовкаси) кўплаб қуролларга асос бўлган. Жумладан, 1945 йилда конструктор Хуго Шмайссер асирга олиниб, СССРга олиб кетилган. Шмайсерр бошчилигидаги немис олимлари 1947 йилда STG 44 асосида янги ва такомиллашган автоматик милтиқни яратишган. Янги қурол - АК-47 га тутқинликда ишлаган немис олимларини назорат қилган ҳарбий муҳандис Олег Калашников номи берилган. Немис ва совет олимларининг гувоҳлик беришича, Калашников ўта қўпол ва худбинлик билан конструкторлар жамоасини бошқарган. Лойиҳага деярли илмий улуш қўшмаган. Кунора ғирт маст ҳолда келиб, немис муҳандисларини “текинхўр фрицлар” дея ҳақорат қилиб, тўполон қилган. Кейинчалик барча ютуқлар Калашниковга нисбат берилган. Немис олимлари эмас, айнан Калашников барча моддий ва маънавий неъматларга ҳамда шуҳратга сазовор бўлган.

STG-44 ва АК-47 асосчиси Хуго Шмайссер 1952 йил ёзида ўз гуруҳи билан бирга СССР назоратидаги Германия Демократик Республикасига қайтарилган. Бир йилдан сўнг вафот этган.

FANTA газланган ширин ичимлиги. Илк марта нацист мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилган. Аслида Coca Cola компанияси 1940 йилгача Германияда эркин фаолият юритган. Бироқ уруш ҳаракатлари натижасида Германиянинг ташқи дунё билан иқтисодий алоқалари узилиб қолган. Натижада Coca Cola ичимлиги учун зарур концентратни АҚШдан олиб келиш имконияти қолмаган. Cоcа-Cола нинг ўша пайтда Германиядаги вакили Макс Кайт ўша пайтда Германияда мавжуд бўлган ингредиентлар асосида янги маҳсулот яратишга қарор қилди. Янги ичимликнинг асосий таркибий қисмлари сифатида олма хамири (сидр ишлаб чиқариш чиқиндилари) ва зардоб (пишлоқ ишлаб чиқаришнинг қўшимча маҳсулоти) танланди. Ҳосил бўлган ичимликнинг ранги сариқ ва таъми бўйича ҳозир энг кенг тарқалган апелсин “Фанта”дан катта фарқ қилган. Ичимликнинг номининг пайдо бўлиши қизиқ бўлган. Макс Кайт янги ичимликка ном топиш учун йиққан жамоага “тасаввурингиздан фойдаланинг” (немисча Fantasie) дея мурожаат қилган. Савдо бўйича менежер Жо Книпп дарҳол “Фанта!” деб юборган. Уруш пайтида FANTA ичимлиги немислар орасида севиб истеъмол қилинган. Фанта 1945 йилгача ишлаб чиқарилган. Айрим маълумотларга қараганда АҚШ армияси Фанта заводига киришганида Макс Кайтни бомбалаш товушларига ҳам эътибор бермасдан ишлаб ўтиргани устидан чиқишган. Уруш тугагач, Макс Кайт FANTA ичимлиги савдосидан тушган барча пулни ва савдо белгисига ҳуқуқларни Cоcа Cоlа нинг АҚШдаги Бош раҳбариятига топширган. Америкаликлар Макс Кайтнинг янги ичимликнинг муаллифлик ҳуқуқларини ўз номига расмийлаштириб олмаганидан ҳайратда қолишган. Макс Кайт бир муддат Cоcа Cоlа компаниясининг бош офисида масъул лавозимда ишлаган. Кейин уни Coca-Cola Europe филиали раҳбари этиб тайинлашган. Фанта ичимлиги дунё миқёсида 1950 йилдан бошлаб ишлаб чиқарила бошланган.

Volkswagen Beetle - илк халқ автомобили. Автомобиллар ишлаб чиқариш бошланганида жуда қиммат турган. Оддий одамларнинг автомобил сотиб олишга қурби етмаган. Фюрер Адолф Ҳитлер Daimler-Benz автомобил заводларига ҳақиқий “халқ автомобили”ни (немисча Volkswagen) буюриб, бунинг учун 50 миллион рейсхмарка маблағ ажратган. 1937 йилда Kraft durch Freude (Қувон орқали қудрат) маркаси остида бу автомобилларнинг илк партияси заводдан чиққан. Урушдан кейин у йирик Volkswagen AG концерни сифатида фаолият юритади. 2019 йилда бутун дунё бўйлаб 6 млн. 620 мингта автомобил сотган.

Кейинги ихтиролар эса бироз қайғули ва ҳатто даҳшатли тарихга эга. Боиси, бу тажрибалар Иккинчи жаҳон уруши даврида нацист тиббиётчилари томонидан концлагерлардаги тутқун одамлар, тирик асирлар устида ўтказилган. Бу ноинсоний тиббий тажрибалар натижасида минглаб одамлар ўлган ёки ногирон бўлиб қолган. Бироқ бу тажрибалар натижасида дунёга келган турли тиббий ютуқлар мана яримм асрдирки миллионлаб одамларнинг ҳаётини қутқариб қолишга сабаб бўлмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибаларнинг натижаси барибир шубҳали бўлади. Чунки улар инсон организмидан фарқ қилади. Одамлар устида тажриба ўтказиш эса аввало ахлоқ ва виздон меъёрларига зид. Қолавреса бунга рози одамларни топиш мушкул. Бироқ нацист медиклари ўтказган тажрибаларнинг натижалари тиббиёт имконитяларини кенгайтирди, тараққиётини тезлаштирди.

Безгакга қарши вакцина. Немис тиббиёт олими, СС штурмбаннфюрери Курт Плётнер (1905—1984) концлагердаги маҳбуслар устида тажриба ўтказиб, безгакка қарши вакцинани кашф этди. У бечора тутқунларни безгак чивинлари билан битта хонага жойлаштириш орқали касаллик атайлаб юқтирган. Турли усул ва дори-дармонларни синаб кўрган, уларнинг самарадорлигини илмий тизимлаган ҳолда қайд этиб борган. Олинган илмий натижа уруш ва ундан кейинги даврларда миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилди.

Урушдан кейин олим Лохауда асир олинди. Бироқ АҚШ разведкаси олимни асирликдан қочишга ёрдамлашди. Плётнер нафақат жавобгарликдан озод қилинди, балки Фрайбург университетининг тиббиёт кафедрасига ишга қабул қилинди. Ғайриинсоний тажрибалар ўтказган олим-қотилнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси уни қатл этишларига тўсқинлик қилди.

Махсус қутқарув нимчалари. Дахау ва Освенцим лагерларида ишлаган тиббиёт олими Зигмунд Рашер (1909 – 1945) ҳам совуқнинг одам танасига таъсири, чидамлилик чегаралари ва совуқдан азият чсеккан одамни қутқариш усуллари ва воситалари борасида тирик асирлар ваҳшиёна тажрибалар ўтказган. У гипотермия танага қандай таъсир қилишини аниқ тушунишга ҳаракат қилган, бунинг учун у асирларни музли сувга жойлаштирган. Рашер ўз тажрибалари давомида одам энсаси, аниқроғи кичик миянинг музлаши одамни тез ўлдиришини аниқлади. Натижада сувда турган одамнинг бошини кўтариб турадиган ёстиқчаси бор қутқарув жилетлари ясалди. Ушбу нимчалар ҳозир ҳам бутун дунёда кенг қўлланилади.

Синтетик антибиотиклар - сулфаниламид. Синтетик антибиотиклар, сулфаниламидлар ҳам фашист олимлари томонидан концлагерда ўтказилган тажрибалар шарофати билан кашф этилган. Янги дори таъсирини синаб кўриш учун концлагер шифокорлари маҳбусларнинг териларини кесиб, яраларини тупроқ билан тўлдиришди, кейин эса улар танасига сулфаниламид дорисини киритишган. Ҳозирги тиббиётда ҳам организмнинг сепсисга қарши курашига ёрдам бериш учун сулфаниламидни ишлатилади.

Плазмаферез – қонни тозалаш. Ўтказган даҳшатли тажрибалари боис учун "Ажал фариштаси" лақабини олган Йозеф Менгеленинг (1911 - 1979) дастлаб қимматли тажрибаси – жигар тўқимаси ва ҳужайралари асосида, ҳаво жангида усувчиларга ориетирни йўқотмаслик имконини берувчи дори-дармонлар яратишда қатнашган. Кейинчалик у “Гемини” операциясида, яъни комил инсонни яратиш тиббий лойиҳасида ишлади.

Унинг жуда кўп ваҳший тажрибаларидан бири - "қонни ирқий тозалаш" йўлини топишга ҳаракат қилиш эди. Унинг буйруғи билан минглаб концлагер маҳбуслари шафқатсизларча қийноққа солинган. У раҳбарлик қилган лойиҳада олий ирқ қони билан паст ирқларни юксалтириш, паст ирқларнинг қонини тозалаб такомиллаштириш каби халий ғоясини амалга оширишга уринишган. Aммо бу даҳшатли тажрибаларнинг қимматли жиҳати - плазмаферез кашф этилиши бўлди. Мазкур тиббий процедурада пациентнинг танасидан олинган қон токсинлардан тозаланади ва қон оқимига қайтарилади.

Урушдан сўнг Менгеле қандайдир мўъжиза туфайли Германиядан чиқиб кетишга муваффақ бўлган. У Aргентинага бориб жойлашиб, аёллар учун клиника очган, ўша ерда тақиқланган операцияларини амалга оширган. Халқаро разведка ходимлари Йозейни бутун дунё бўйлаб излашди, аммо у муваффақиятли ниқобланиб, қутулиб қолган ва ёшини яшаб ўлган.

Юқоридаги илмий ютуқ ва кашфиётлар фашистлар Германияси инсониятга берган кашфиётларнинг бир қисми холос. Нацист олимлари шунингдек, сунъий каучук, ядро реактори, атом қуролини яратиш лойиҳаларига тамал тоши қўйишган. Шунингдек, бу олимлар дала хирургияси ва терапеяси, генетика ва евгеника каби фанларга ҳам улкан ҳисса қўшишган.

Шунингдек, немис олимларининг ихтиролари магнитли овоз ёзиш, шу жумладан, стереофоникни ишлаб чиқиш ва уни кенг татбиқ этишга хизмат қилди. Фашистлар Германиясида ўтган олимпиада дунёда биринчи бўлиб немис телевидениеси томонидан кенг трансляция қилинди.

Урушдан кейин нацист олимлар яратган табун ва зарин каби асаб газлари янги инсектицидлар ва шу билан бирга оммавий қирғин қуролларини яратишга ёрдам берди. Метадон ва метамфетаминлар эса тиббий тажрибаларни янги даражага кўтарди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+