Болалар орасида авж олаётган семизлик
Болаларда учраётган ортиқча вазн ва бунинг сабаблари ҳақида маълумот олиш учун диетолог ва психолог Манзура Юлдашева билан суҳбат қилдик.
Бутунжаҳон семизликка қарши курашиш федерацияси олиб борган тадқиқот натижалари дунё аҳолисини ўйлашга мажбур қила оладиган сонларни эълон қилди. Тадқиқот натижаларига кўра: “2035 йилга келиб, дунё аҳолисининг аксарияти (51% ёки 4 миллиард ортиқ киши) ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекиб ҳаёт кечиради”.
“Болалардаги семириш 2035 йилга келиб (2020 йил даражасидан) икки баравар кўпроқ ўсиши мумкин. Прогнозларга кўра, ўғил болалар ўртасида икки баравар кўпайиб, 208 миллионга (100 фоизга ўсиш), қиз болалар орасида эса икки баравардан кўпроқ 175 миллионга (125 фоизга ўсиш) етиши эҳтимоли мавжуд”.
Энг аянчлиси шундаки, кўрсаткичлар катталарга нисбатан болаларда тезроқ ўсмоқда.
Хўш, бундан болаларни қандай ҳимоялаш мумкин? Болаларда учраётган ортиқча вазн ва бунинг сабаблари ҳақида маълумот олиш учун диетолог ва психолог Манзура Юлдашева билан суҳбат қилдик.
– Семизлик насл сурадими?
– Семизлик насл сурмайди. Тўғри, бола туғилганда 95% онадан, 5% отадан олади. Шунда онасининг метоболизми, яъни ҳазм қилиш тизими кучсиз бўлса, болага таъсир қилади. Лекин бу дегани наслдан ўтди дегани эмас, мутахассислар билан маслаҳатлашиб даволаш мумкин. Чунки онада қандай витамин етишмаса, шу витаминни фарзандга бера олмайди ва албатта, фарзанд худди шу витамин-минераллар етишмаслиги билан туғилади.
– Парҳез семизликдан қутулишда асосий ечимми?
– Йўқ, бизнинг маззали таомларимиздан бутунлай воз кечиб бўлмайди. Булар қон-қонимизга сингиб кетган. Аслини олганда, парҳез қиладиган инсонлар чекланган. Яъни булар сариқ касал ёки қандли диабет касаллигига чалинган беморларга мутахассислар томонидан доимий парҳез буюрилади. Лекин оддий семизликдан азият чекувчилар парҳез қилганда ошқозони кучсизлашиб қолиши ва озгандан сўнг ошқозон ўз функциясини тўлиқ тиклашига қийналиши кузатилмоқда.
– Болаларда семизликни бартараф этиш учун яна қандай усуллар мавжуд?
– Энг аввало, спорт билан мунтазам шуғулланишни тавсия этган бўлар эдим. Спорт ҳам инсоннинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди ҳамда семизликдан қутулишда ёрдам беради. Бундан ташқари, касалликларнинг олдини олиш ва иммунитетни мустаҳкамлашда яхши воситадир.
– Семизликдан азият чекаётган болаларнинг ота-оналарига қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Бугун технологиялар асри, шунинг учун ҳам болалар кўчада ўйнашдан кўра уйда телефон ва шунга ўхшашларни ўйнашни маъқул кўришади. Лекин болада катта энергия бўлади, биз бу энергияни маҳаллада дўстларимиз билан ўйнаб сарфлардик, аммо бугун болалар шу энергияни уйда овқатланишга сарфлашмоқда, айнан шунинг учун ҳам семизлик болалар орасида кўп кузатилмоқда. Бу борада ота-оналарга маслаҳатим: болага бундай пайтларда мева ва сабзавотларни ювган ҳолатда беринг. Бу ҳам ортиқча вазннинг олдини олади, ҳам фойдали витаминларга бой. Болалар ҳозир уйда кўпроқ ёлғиз қолишмоқда. Шундай пайтларда боланинг қўли етадиган жойда ювиб, тозаланган мевалар ва сабзавотларни қўйиб кетинг, бола шуларни истеъмол қилади ва булар унга жуда фойдали бўлади.
Албатта, қадрли ота-оналар, муаммо ўз-ўзидан ечимини топиб қолмайди. Шундай экан, фарзандларингизга доим эътиборли бўлинг!
Мафтуна Ёдгорова суҳбатлашди.