Уруш учун яратилиб, тинчликка хизмат қилаётган ихтиролар
Ҳатто бугун тинч ҳаёт учун керакли ва маиший саноат қурилмалари ҳам аввал бошда урушга хизмат қилиши учун ишлаб чиқарилган.
Бир парадокс бор. Ҳаракатсизлик яъни тинчлик тараққиётга хизмат қилмайди. Уруш ва безовталиклар, вайронкор бўлсада, ижобий ўзгаришларга ҳам сабаб бўлади. Чунки стресс шароитида инсоннинг ҳис-туйғулари ўткирлашади, бир мавзу ва муаммога диққатни жамлаши осонлашади. Ҳатто интуиция ҳам кучаяди. Қолаверса, давлат янги қуроллар ва ҳимоя воситалари бўйича тадқиқотларни тезлатиш ва ишлаб чиқаришни оптималлаштириш учун илм-фанга кўпроқ маблағ ажратишга мажбур бўлади.
Ғалати эшитилиши мумкин, лекин ҳозирда инсоният мақтанадиган кўплаб ихтиро ва янгиликлар ёки энг аввало уруш учун ёки уруш пайтида яратилган. Ҳатто бугун тинч ҳаёт учун керакли ва маиший саноат қурилмалари ҳам аввал бошда урушга хизмат қилиши учун ишлаб чиқарилган. Уларнинг анчагинаси Биринчи жаҳон уруши даврига (1914-1918) тўғри келади.
Аёлларнинг гигиеник товарлари. Ҳозир аёллар кенг фойдаланадиган товарлар Эрнст Малер ва Жеймс Кимберли 1914 йилда яратган, токи Биринчи жаҳон уруши якунигача қўлланилган маҳсулот - аскарлар жароҳат олганда қон тўхтатиш воситаларидан илҳомланиб яратилган.
Ёзги вақтга ўтиш. Соатларни ёзда, қуёш барвақт чиқадиган пайтда бир соат олдин ёки илгари суриб қўйиш одати ҳам Биринчи жаҳон уруши даврида кўмирни тежаш мақсадида ўйлаб топилган. Германия ҳукумати одамларни бир соат аввал уйқудан туришларига ундаш учун 1916 йил 30 апрелда ёзги вақтга ўтиш ҳақида фармон чиқарган.
Пакетчали чой. Бундай тарзда чой қадоқлаш услуби 1908 йилда АҚШда яратилган бўлсада, Биринчи жаҳон уруши даврида Teekanne немис компанияси бу ғояни тирилтирди. Қўшинларга сақлаш, ташиш ва фойдаланиш ихчам бўлган чой пакетчалари етказиб берила бошланди. Аскарлар уларни “чойли бомба” деб аташган.
Қўл соати. Биринчи жаҳон урушигача бўлган даврда занжирли чўнтак соатлари урф бўлган. Бироқ уруш шароитида ҳарбийнинг 2 та қўли ҳам эркин бўлиши талаб этилади. Шу боис, оммавий ҳужумни ёки артиллерия зарбасини синхронлаштириш ва учувчиларнинг фаолияти учун қулай бўлган, аниқ ишловчи чўнтак соатлари ишлаб чиқарила бошланди. “Ковентри” траншея қўл соатларини ишлаб чиқарган H. Williamson компанияси 1916 йилда хабар беришича, ҳар тўртинчи немис аскарида қўл соати бўлган.
Энг қизиғи, бугунги кунда элита қатламига оид айрим нуфузли ва ҳашаматли соат брендлари ҳам “ижоди”ни Биринчи жаҳон уруши давридан бошлаган. Cartier соатсозлик фирмасининг Tank модели 1917 йилда француз соатсоз устаси Луи Картье томонидан, Renault янги танкларининг шаклидан илҳомланган ҳолда яратилган.
Zipper “Молния” тугмасиз ўтказгичи. Уруш шароитида кийимни тез кийиш ва ечиш катта аҳамиятга эга. Америкалик муҳандис Гидеон Сундбек бу ихтиро учун 1913 йилда патент олган. Биринчи жаҳон урушида у айниқса АҚШ аскарлари ҳарбий кийимларида кенг қўлланила бошлади. Урушдан кейин у тинч фуқароларнинг ҳам кийимларига кўчди.
Зангламас пўлат. 1913 йилда Англиянинг Шефел шаҳарчасида яшовчи Ҳарри Бреарли томонидан ихтиро қилинган. Аслида ундан катта ҳароратга бардош берувчи, иссиқдан эриб ёки қайрилиб кетмайдиган металл қотишмаси яратиш сўралган. Бреарли қотишмалар билан тажрибалар ўтказганида яроқсизга чиқариб очиқ ҳавода сақланаётган айрим металл бўлаклари ёмғир сувидан коррозияга учрамагани, яъни зангламай қолаётганига эътибор қаратган. Бреарли ихтиро қилган зангламас пўлатдан Биринчи жаҳон уруши даврида янги авиадвигателлар ишлаб чиқарилган. Урушдан кейин эса зангламас пичоқ, қошиқ ва санчқилар, жарроҳлик ва тиббий асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Учувчилар учун алоқа тизими. Биринчи жаҳон урушигача учувчи ҳавода ўзи билан ёлғиз қолган. У на ердаги хизматлар, на ҳаводаги ҳамкасблари билан алоқа ўрната олган. 19116 йил охирида симсиз алоқа, тўлқинлар ёрдамида амалга ошириладиган алоқа услуби ихтиро қилинди. Аввалига самолёт моторининг шовқини яхши эшитиш ва сифатли радиоқабулга халақит берган. Бироқ кейинчалик микрофон ва қулоқчини материалига қўшиб жипс тикилган шлемлар пайдо бўлиб, учувчиларнинг жонига оро кира бошлади.
Эхолокация тизими. Биринчи жаҳон уруши сув ости кемалари учун катта синов майдончаси бўлган ва немислар бу жанговар тажрибаларнинг бошида турган. Aлбатта, уларнинг жанг майдонидаги рақиблари сув ости кемаларини аниқлаш амалиётини яхшилаш учун барча имкониятни ишга солишди. Чунки ўша пайтда мавжуд бўлган сонарлар ва бошқа ускуналар самарадорлиги билан мақтана олмасди. Кейинчалик инглизлар бу вазифа учун кўршапалакларда мавжуд қобилият - ултратовушдан фойдаланиш ғоясини ўйлаб топишди. Бу яхши самара берди, ундан фойдаланиш учун махсус қурилмалар ишлаб чиқилди. Бу эса душман сув ости объектини янада узоқроқ масофадан аниқлашга ёрдам берди.
Пластик жарроҳлик. Биринчи жаҳон уруши эстетик жарроҳликнинг ривожланишига хизмат қилди. Ўша пайтларда Янги Зеландиялик амалиётчи жарроҳ Ҳаролд Гиллис жангларда азият чеккан аскарларнинг жароҳатларини, чандиқларини ва бошқа камчиликларини “чиройлироқ ва табиийроқ” тусга солишга ҳаракат қилган.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.