Президент ҳузуридаги агентлик қайта тузиляпти

Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Жамият
9 ноябрь 2023 йил
Президент ҳузуридаги агентлик қайта тузиляпти

Шуҳрат Вафоев президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги (СИА) бош директори лавозимидан озод этилди, дея хабар берди Газета.uz манбаси.

Хабарга кўра, унинг ўрнини Президент администрацияси ходими Баҳодир Раҳматов эгаллаши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни СИА фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган. Эндиликда агентлик бош директори бир вақтнинг ўзида Президент администрациясининг Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти бошлиғининг ўринбосари бўлади. Агентлик раҳбари бундан кейин ҳам президент томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

СИА раҳбари ўринбосарлари мақоми бўйича Президент администрацияси сектори мудирига тенглаштирилиб, президент ёрдамчиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Янги тузилмага кўра, агентлик бош директорининг бир ўринбосари бўлади (ҳозирда бир нафар биринчи ўринбосар ва ўринбосар мавжуд). Шунингдек, қарийб барча бошқарма ва бўлимлар, жумладан, Стратегик ташаббусларни илгари суриш бошқармаси, Давлат дастурлари мониторинги бошқармаси, Халқаро молия институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бошқармаси, Соҳа ва тармоқларда ислоҳотларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Ислоҳотларни баҳолаш ва тизимли муаммоларни аниқлаш бошқармаси, Давлат бошқарувини такомиллаштириш бошқармаси ва бошқалар ҳам қисқартирилмоқда.

Улар ўрнига илғор хорижий тажриба ва рейтингларни ўрганиш асосида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш гуруҳи, халқаро ва хорижий ташкилот ҳамда институтлар билан ўзаро ҳамкорликка асосланган муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, хорижий экспертлар ва маслаҳатчилар билан ўзаро ҳамкорлик гуруҳи, илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик асосида муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш гуруҳи, лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ташкил этилмоқда.

Штатлар сони 50 дан 20 кишига қисқартирилди.

Стратегик ривожланиш агентлиги 2021 йил июл ойида ташкил этилган эди. Унинг вазифалари қаторига инвестицияларни жалб қилиш, тармоқлар ва ҳудудлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш киритилди. 2022 йил сентябр ойида мазкур орган Стратегик ислоҳотлар агентлиги этиб қайта ташкил этилди.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+