АҚШнинг даҳшатли чекловидан Ўзбекистон қачон қутулади?

Айнан шу чеклов сабабли биргина пахтачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари билан боғлиқ савдодан ҳар йили 1 миллиард доллардан қуруқ қоламиз.

Иқтисод
7 ноябрь 2023 йил
АҚШнинг даҳшатли чекловидан Ўзбекистон қачон қутулади?

Мерос деганда кўпчилик кейинги авлодга қоладиган мол-дунё ёхуд обрўни тасаввур қилишади. Лекин ёмон мерос ҳам бўлади. Дейлик, вафот этган одамнинг қарзлари кейинги авлодга мерос бўлиб ўтиши мумкин. Масалан, СССРнинг ташқи қарзларини тўлаш мажбуриятини Россия ўз бўйнига олган эди. Чунки СССРдан қолган аксарият ҳарбий қудрат, умумиттифоқ молиявий активлар – бошқа давлатларнинг СССРдан қарзлари, хориждаги кўчмас мулклар, олмос фонди ва ҳоказолар, шунингдек, ядро қуроли ва унга эгалик қилиш ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлиш ҳуқуқи каби “яхши мерос” эвазига бу масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Табиийки, бу бошқа республикаларнинг зикр этилган меросдан воз кечиши эвазига бўлган. Бироқ бир ёмон сиёсий “тамға” СССРнинг барча ворисларига автоматик тарзда мерос бўлиб қолди. Бу 1974 йилда АҚШнинг “Савдо ҳақидаги қонуни”га киритилган тузатма (The Jackson-Vanik amendment to the Trade Act of 1974) билан боғлиқ. Бу тузатма унинг лойиҳасини АҚШ вакиллар палатасига киритган конгрессменлар – Ҳенри Жексон (1912-1983) ва Чарлз Вэник (1913-2007) шарафига шундай номланган.

Чеклов сабаби – “яҳудийлар масаласи”

Гап шундаки, 1970 йилларда араб-исроил можароси ҳамда ГДР тажрибаси фонида СССРда яшовчи яҳудийларнинг миллий ўзликни англаш туйғулари ва тарихий ватанларига қайтиш истаклари, аслида эса фаровон ва эркин ҳаётга интилиш хоҳишлари жўш уриб, оммавий равишда Исроилга кўчиб кета бошладилар. Улар орасида илм-фан ҳамда санъатнинг кўзга кўринган намояндалари ва умуман, турли соҳаларнинг билимли ва тажрибали мутахассислари жуда кўп эди. Гўёки оммавий кўчиш сабабли СССР обрўси тўкилишининг олдини олиш, бу оқимни тўхтатиш мақсадида собиқ иттифоқда турли чекловлар ўйлаб топилди. “Бу мутахассислар бизда текин билим ва тажриба олиб, энди хорижга қочишадими, капиталистларга хизмат қилувчи мутахассисларни биз текин етиштириб берамизми?”, деган аламли шиорлар остида уларга СССР олий ўқув юртларида олган таълимнинг пулини тўлаб қўйиш мажбурияти юкланди.

Масалан, Москва давлат университетининг яҳудий битирувчиси тўлаши керак бўлган маблағ ўшанда 12200 рубл этиб белгиланган. Ўша даврда СССРда ўртача ойлик маош 100-200 рубл бўлгани инобатга олинса, бу эмиграция иштиёқмандлари учун жиддий ва енгиб бўлмас тўсиқ эди. (Бу чекловни ўрнатган фармон 1991 йил 20 майда бекор қилинган эса-да, амалда пул талаб этиш тартиби анча олдинроқ тўхтатилган.)

Табиийки, бу чеклов Ғарбда катта норозиликларга сабаб бўлди. 22 нафар Нобел совриндори очиқ баёнот билан чиқиб, совет ҳукуматини инсон ҳуқуқларини, жумладан, эркин ҳаракатланиш ва хориждаги қариндошлар билан бирлашув ҳуқуқларини бузишда айблади. Тез орада пул талаб қилиш тўхтатилди. Бироқ бошқа чекловлар ўрнатилдики, улар амалда ҳатто оила билан бирлашувга ҳам тўсқинлик қиларди. ИИВнинг Виза ва регистрациялар бўлими (“ОВИР”) атайлаб эмиграция ҳақидаги аризаларни йиллар давомида “чўзган” ҳолда кўриб чиқар, шунда ҳам аксарият талабгорларга рад жавоби бериларди. Бунда кўпинча “давлат сирларидан воқифлик” баҳона ўлароқ кўрсатилган.

Натижада, АҚШ ўзига хос жазо сифатида совет иттифоқига ва яна бир қатор Шарқий Европадаги социалистик режим ўрнатилган давлатларга ҳамда Хитой ва Вьетнамга нисбатан ўзаро иқтисодий алоқалар учун чекловлар киритди. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг “Савдо ҳақида”ги қонунига тегишли ўзгартиришлар киритилди. АҚШ Қонунлар кодексининг 1-қисми, 4-бўлим, 12-боб, 19-бўлинмасидаги 2432-модданинг “а” бандида, жумладан, шундай дейилади:

“Қўшма Штатларнинг асосий инсон ҳуқуқларига содиқлигини тасдиқлаш учун 1975 йил 3 январдан бошлаб, қонуннинг бошқа қоидаларидан қатъи назар, бозор иқтисодиётига эга бўлмаган ҳар қандай мамлакатдан келган товарлар камситилмайдиган режимга (нормал савдо муносабатларига) оид бўлмайди. Ва бундай давлат Қўшма Штатлар ҳукуматининг тўғридан-тўғри ёки билвосита кредитлар, кредит кафолатлари ёки инвестиция кафолатларини тақдим этиш билан боғлиқ ҳеч қандай дастурида иштирок этмайди ва Қўшма Штатлар президенти бундай мамлакатни қуйидаги белгиларига кўра аниқлаганида, шу санадан бошлаб, бу мамлакат билан ҳеч қандай савдо шартномасини тузмайди:

агар бундай мамлакат:

  • ўз фуқароларининг эркин эмиграция ҳуқуқини рад этса;
  • эмиграция, визалар ёки эмиграция учун зарур бошқа ҳужжатлар учун, ушбу ундиришнинг сабаблари ва мақсадларидан қатъи назар, номиналдан ортиқ йиғим ундирса;
  • ҳар қандай фуқаронинг мамлакатдан ўз хоҳишига кўра чиқиб кетиш истаги туфайли унга номинал солиқ, йиғим, жарима ёки бошқа турдаги тўловлардан кўпроқ ундирилса;
  • бу муддат президент бундай мамлакат юқоридаги (1, 2 ёки 3) бандларни бошқа бузмаётганини аниқлаган санада тугайди.

Бу тузатмадан англашилганидек, «Жексон-Вэник» тузатмасининг таъсир доирасига тушиши учун ҳукумат ўз фуқароларининг хорижга чиқиб кетишига қандай йўл билан бўлса ҳам тўсқинлик қилиши кифоя.

Шахсан АҚШ президенти бунга амин бўлгач, ушбу давлатни тегишли рўйхатга қўшади. Кейин бу давлат АҚШ билан савдо алоқаларида, кредит ва инвестицион муносабатларда қонуний ва очиқ-ойдин камситишларга дучор бўлади. Бундай давлат билан нормал савдо муносабатлар юритилмайди, бевосита тижорий шартномалар тузилмайди, кредитлаш ва инвестиция киритилишида “иккинчи нав” давлат каби муносабатда бўлинади. Бу мамлакатлардан келадиган товарларга нисбатан дискриминацион (демакки қимматроқ) божхона ва бож йиғимлари татбиқ этилади. Мазкур қонунчилик акти АҚШ президентини қандай мамлакатлар ўз фуқароларининг эркин эмиграциясига тўсқинлик қилаётгани ҳақида мунтазам хабардор қилиб туриш мажбуриятини юклайди.

Одатда АҚШ халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузадиган давлатларга нисбатан шу мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларни Америка бозорига кириш миқдорини чеклашдан иборат санкциялар киритиб туради.

Кези келганда таъкидлаш керакки, ҳозирги пайтда инсон ҳуқуқлари бузилаётган кўплаб давлатларга нисбатан бундай чекловлар киритилмайди. Масалан, 2000 йилда Хитойга нисбатан бу чекловлар бекор қилинган, гарчи Хитой ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, уйғурларни геноцид қилишда давом этаётган бўлса-да.

Албатта, бу рўйхатдан чиқиш йўллари ҳам бор. Агар юқорида зикр этилган белгилар бартараф этилса, бундай давлат яна савдо муносабатлари борасида “нормал давлат” мақомини қайтариб олади.

1987 йилда СССРдаги ошкоралик ва қайта қуриш руҳияти боис эмиграция борасида эркинлик ўрнатилгач, бу тузатма ўз мазмун-маъносини йўқотди. Бироқ шунда ҳам чекловлар батамом олиб ташланмади, балки 1989 йилдан бошлаб, чекловлар таъсирига вақтинча мораторий ўрнатиб борилди холос. Яъни ҳар йили СССР, ундан кейин Россиянинг юқоридаги учта белгига жавоб бермаслиги тасдиқланар ва 1 йиллик мораторий эълон қилинарди. 1994 йилда АҚШ президенти Билл Клинтон даврида Россия бу мораторий муддатини ҳар йили текшириш-тасдиқлаш расмиятчилигисиз чўзиб бориш кафолатини қўлга киритди.

АҚШда Жорж Буш президентлик қилган йилларда эса «Жексон-Вэник» тузатмаси таъсирини Россиядан олиб ташлаш масаласи кўп бор кўтарилди. Бироқ АҚШнинг Ироқда ўтказган аксилтеррор ҳарбий амалиётида Россия АҚШ билан қарама-қарши сиёсий позицияда тургани боис, бу иш амалга оширилмади. Сиёсатчилар буни АҚШ халқи орасида аксилроссия кайфиятининг ўсиб кетгани билан баҳолашади. Чунки бу масалани маъқулловчи АҚШ вакиллар палатаси – Конгресс, ижроия ҳокимиятидан фарқли ўлароқ, Америка халқида шаклланган ижтимоий фикрга жуда таъсирчан.

Шундай бўлса-да, Жорж Буш 2002 йил январ ойида Конгресс раҳбариятига бу тузатма таъсирини Россия ва яна 8 та собиқ совет иттифоқи республикалари – Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистон учун бекор қилишни сўраб, расмий хат жўнатган, бироқ конгрессменлар уни рад этишган.

Ундан аввалроқ эса, аниқроғи 2000 йилда, Қирғизистонга (АҚШнинг 1998 йилдаги “Буюк ипак йўлини тиклаш” ташаббусига – Россия, Эрон ва Ироқни четлаб ўтувчи Евроосиё транзит коридори лойиҳасига қўшилгани учун), шунингдек, Грузияга (“демократия сари ҳаракатлари” ва “Буюк ипак йўлини тиклаш” лойиҳасига қўшилгани учун) нисбатан бу чеклов бекор қилинган эди.

2004 йилда эса Арманистонга (айрим сиёсатчиларнинг фикрича, АҚШдаги арман лоббисининг ёрдами билан), 2005 йилда Украинага (“зарғалдоқ инқилоб”дан сўнг) нисбатан бу чеклов бекор қилинди.

2009 йилда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Рябков бу чеклов ҳамон мавжудлигини абсурд, деб атади. Чунки бу тузатма яҳудийларнинг кетишини чеклаш учун киритилган. Бу пайтга келиб, Россия ва Исроил ўртасида ўзаро визасиз режим ўрнатилган эди. Ниҳоят 2012 йилда Россияга (“Магнитский рўйхати”(ёки Кардин рўйхати – россиялик аудитор Сергей Магнисткийни қўлга олиш, қийноққа солиш ва ўлимига сабаб бўлган шахслар рўйхати) киритилиши эвазига) ва Молдовага нисбатан чекловлар олиб ташланди.

“Cherche la femme”

Ҳозирги пайтга келиб, бу тузатма лойиҳасини Вакиллар палатасига киритган ва лойиҳа қабул қилиниши учун лоббистлик қилган конгрессменлар ҳаёт эмас. Аммо улар номи билан аталувчи тегишли тузатма таъсири ҳамон барҳаёт. Хусусан, Беларус, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга нисбатан бу тузатма доирасидаги чекловлар олиб ташлангани йўқ. Туркманистондаги сиёсий аҳвол тушунарли – мустақил бўлганидан бери автократия ва диктатура йўлидан кетаётган бу давлатда инсон ҳуқуқлари фақат қоғозда, дейилади. Беларусда ҳам вазият ҳаминқадар. Бироқ, Кавказда “қолган” ягона давлат - Озарбайжонда ва Марказий Осиё давлатларида фуқароларнинг хорижга чиқиши учун деярли тўсиқ йўқ (фақат давлат сирларидан воқифлик учун чиқиш рад этилиши бундан мустасно).

Эҳтимол, Тожикистонда, Ғарбнинг фикрича, диктатура ва инсон ҳуқуқлари бузилиши давом этаётгандир. Чунки Тожикистон ва Туркманистон диний эркинликлар масаласида “Алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатига (Countries of Particular Concern) киритилган. Лекин Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон масаласи нега ортга сурилмоқда?

Тарихга мурожаат қилсак, Францияда ўрта асрларда ҳар қандай муаммо ортида аёл туради, “шеғше ла фем” - “cherchez la femme”, яъни аёлни қидиринг, дейишган. Россиялик экспертларнинг фикрича, ҳозирги дунё тартиботида эса ҳар қандай муаммо ортида “қазилма бойликлар (нефт-газ, уран ва ҳоказо), сиёсий ён босиш ва иқтисодий даромадни қидиринг”, дейиш мумкин. Шунда туманли муаммо бироз ойдинлашади:

Озарбайжон – Европани ҳамда Исроилни нефт маҳсулотлари билан таъминловчи давлат / Арманистоннинг сиёсий рақиби.

Қозоғистон ва Ўзбекистон – нефт, газ ва уран рудаларига бой / Россия ва Хитойнинг геосиёсий таъсири остидаги / Европа ва Хитойни боғловчи йўлда турган стратегик муҳим давлатлар.

Қолаверса ва энг муҳими – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон Россиянинг энг муҳим савдо ҳамкорлари ҳисобланади. Ва.... диққат: учала давлат ҳам Россияга Украинага қилган тажовузи учун қўйилган санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам беришда гумонланиб келинади. Ҳатто, аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистондаги айрим ташкилотлар ҳам бу борадаги санкциялар рўйхатига киритилган. Нега «Жексон-Вэник» тузатма масаласи айнан охирги 2 йилда яна кун тартибидан тушмай қолганини энди тушунгандирсиз?

Савдо чекловини бекор қилиш устида савдолашилмоқда

Қисқа қилиб айтганда, «Жексон-Вэник» тузатмалари таъсирини бекор қилиш Ғарб учун кўпроқ дивиденд олиб келиши лозим. Бу ерда инсон ҳуқуқлари ва эркин бозор иқтисодиёти учун ташвишланишдан кўра, геосиёсий таъсир устида кўпроқ бош қотиришаётгандек кўринади. Шу боис, имкон қадар кўпроқ сиёсий ва иқтисодий фойда олиниши кафолатланганидан сўнггина бу “неъмат” бахшида этилади. Акс ҳолда уни осонликча бериш, Ғарб учун муҳим бир сиёсий ричагдан айрилиш билан баробар. Кейинги музокараларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжонни “мойлаш” учун бундан яхшироқ ва муҳимроқ “совға” топиш мушкул масала.

Бошқа бир талқинга кўра, «Жексон-Вэник» тузатмаси таъсирини бекор қилиш – бу давлатлар учун мукофотдан кўра аванс вазифасини ўташидан ҳам умид қилиняпти. Айниқса, Марказий Осиёни Россия ва Хитой таъсиридан чиқариш, АҚШ ва Ғарб билан сиёсий-иқтисодий алоқалар сифатини яхшилашда бу ричаг яхши фойда беради.

Лекин тан олиш керак, Ўзбекистон ва Қозоғистонга нисбатан бу тузатма чекловларини олиб ташлаш масаласи деярли ҳар йили кўтарилади. Турли конгрессменлар бу борадаги таклифларини Конгрессга киритишади. Айниқса, Ўзбекистон шароитида инсон ҳуқуқлари нисбатан яхшилангани ҳам бунга туртки бўлмоқда.

Жумладан, 2021 йилда илк марта АҚШ Вакиллар палатасига конгрессменлар Трент Келли ва Дон Бэкон томонидан шундай таклиф киритилган. 2022 йил ноябр ойида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов билан учрашган конгрессмен Висенте Гонсалес бу борадаги қатъий ниятини изҳор қилган.

2023 йилнинг февраль ойида АҚШ Конгрессига Ўзбекистонга нисбатан «Жексон-Вэник» тузатмаларини қўллашни бекор қилиш бўйича қонун лойиҳаси киритилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳанинг тақдири нима бўлгани маълум эмас.

2023 йилнинг март ойида эса АҚШ бош котиби Энтони Блинкеннинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга уюштирган ташрифи чоғида, шунингдек, 19-20 сентябр кунлари АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида ўтказилган С+5 форматидаги “Марказий Осиё - АҚШ” саммитида ҳам бу масала кўтарилди. Жумладан, АҚШ Вакиллар палатасининг Ассигнациялаш бўйича қўмитаси аъзоси, Оҳайо штатидан сайланган республикачи конгрессмен Майк Кэри бу чекловни бекор қилишни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шу билан бирга, 7 сентябр куни АҚШ сенаторлари, Индиана штатидан республикачи вакиллар Крис Мёрфи ва Тодд Янг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон учун мазкур чекловни бекор қилиш ва нормал савдо статуси ўрнатишга қаратилган лойиҳани тақдим этишган.

The Diplomat нашрининг ёзишича, Крис Мёрфи Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонни репарациялардан озод қилиш зарурлигини айтган. Буни у, гарчи учала давлат ҳам AҚШ билан муносабатларни яхшилашдан олдин инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларини яхшилаш борасида ҳали кўп иш қилишлари керак бўлса-да, бу мамлакатларга доимий нормал савдо муносабатлари мақомини (PNTR - Permanent normal trade relations) бериш – AҚШга бу масалада янада кўпроқ таъсир кўрсатиш ричагларини бериши мумкинлиги билан асослаган.

Яна бир яхши симптом ва имконият – аввал хабар қилганимиздек, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Доналд Лу 4-11 ноябр кунлари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистонга сафар қилади. Делегация инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи фуқаролик жамияти гуруҳлари билан ҳамкорлик қилиш – ташриф мақсади этиб белгиланган. Бу ташриф натижалари ҳам чекловларни бекор қилиш йўлидаги яна бир ҳал қилувчи қадам бўлиши мумкин.

Ҳар йили 1 миллиард доллардан қуруқ қоляпмиз

Хўш, «Жексон-Вэник» тузатмасининг чекловларидан қутулиш бизга нима беради ўзи?

Аслини олганда, айни шароитда Ўзбекистон – АҚШ савдо алоқалари шусиз ҳам деярли чекловсиз амалга оширилмоқда. Чунки ҳозирги пайтда Ўзбекистонга нисбатан чеклов таъсиридан вақтинчалик озод этиш (waiver) статуси амал қилади. Бу ҳар йили АҚШ Конгрессидаги тегишли тингловлар чоғида қайта кўриб чиқилади.

Бироқ чекловдан бутунлай халос бўлишимиз бизга янада кенгроқ имкониятлар эшигини очади. Энг аввало, мустақил бўлганимиздан бери амалга ошмаётган орзуимиз – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги яна бир тўсиқ олиб ташланади. Чунки бу чеклов билан ЖСТда фаолият юритиш имкони йўқ.

Иккинчидан, АҚШ билан нормал савдо муносабатларимиз изга тушиб кетса, биргина пахтачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари билан боғлиқ савдодан даромадимиз ҳар йили 1 миллиард долларга кўпаяди. Шунингдек, бошқа товарларимиз учун ҳам қулай ва кенг бозор очилади.

Амалдорлар ҳам “ҳисса” қўшмоқда

Гарчи юқорида «Жексон-Вэник» тузатмаси чекловларини бекор қилиш – асосан геосиёсий масала дея тахмин қилган бўлсак-да, инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлиги ва виждон эркинлиги масаласига эътиборсизлик АҚШ Конгрессининг якуний қарорига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмайлик.

АҚШ Конгресси эса ҳатто АҚШ президентининг таклифини ҳам рад эта оладиган қудратли ташкилот. Ва унинг қарорларига ижтимоий фикр кучли таъсир кўрсата олади. «Жексон-Вэник» тузатмасининг таъсири бекор қилиниши йўлида ОВИР машмаси тугатилгани, мажбурий меҳнатга барҳам берилаётгани албатта мақтовга сазовор. Лекин дин ва сўз эркинлиги борасидаги айрим нохуш айбловлар яна узоқ йиллар «Жексон-Вэник» тузатмасининг бизга таъсири тугатилмаслигига сабаб бўлиши мумкин, афсуски.

Мисол учун, Ўзбекистон 2006 йилдан 2018 йилгача АҚШ Давлат департаментининг “Диний эркинликларни бузувчи давлатлар рўйхати”да турган. Бироқ янги ҳукумат даврида диний эркинликларни таъминлаш йўлидаги ижобий қадамлар инобатга олиниб, 2018 йилда Ўзбекистон “Диний эркинликлар бузилиши бўйича алоҳида кузатув рўйхати (Special Watch List)”га киритилди. (Ҳозир бу рўйхатда Жазоир, Марказий Африка Республикаси, Комор ва Вьетнам қолган.)

2020 йилда эса Ўзбекистон бу рўйхатдан ҳам чиқарилди. Лекин АҚШдаги USCIRF (United States Commission on International Religious Freedom – АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси) ташкилоти дамба-дам Ўзбекистонни “Алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхатига (Countries of Particular Concern) қайтаришни талаб қилиб туради. Ҳозир бу рўйхатда Бирма, Хитой, Куба, Эритрея, Эрон, КХДР (Шимолий Корея), Никарагуа, Покистон, Россия, Саудия Арабистони Тожикистон ва Туркманистон турибди. Улар “давра”сига қайтиш эса Ўзбекистонга фойдадан кўра зарар келтириши аниқ.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+