Шавкат Мирзиёевга Туркий давлатлар ташкилотининг олий мукофоти берилди

Ташкилот давлатлари раҳбарлари номидан мукофотни Қозоғистон Президенти топширди.

Сиёсат
3 ноябрь 2023 йил
Шавкат Мирзиёевга Туркий давлатлар ташкилотининг олий мукофоти берилди

Туркий давлатлар ташкилоти Давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида Президент Шавкат Мирзиёевга туркий халқлар оиласининг бирлигини мустаҳкамлашга, туркий мамлакатларнинг манфаатлари ва қарашларини халқаро майдонда фаол илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун юксак мукофот – “Туркий дунёнинг олий ордени”ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди.

Ташкилот давлатлари раҳбарлари номидан мукофотни Қозоғистон Президенти топширди.

– Бу мукофотни мен биринчи навбатда чинакам биродарлик ришталари асосида янгидан юксалаётган яқин дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз рамзи, деб биламан, - деди маросимда Шавкат Мирзиёев, ҳамкасбларга миннатдорлик билдириб.

Охирги даврда Туркий дунёнинг нуфузи ва салоҳияти ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ юксалаётгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон 2019 йилда ТДТга аъзо бўлиб кирганидан буён мамлакатимиз томонидан туркий мамлакатлар ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 50 дан ортиқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Аввалроқ Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотида темир йўл бўйича кенгаш тузишни таклиф қилганди. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+