platina.uz

Қиёматга қанча қолди?

Нега инсоният қиёматдан бунчалик қўрқувда? Нега қиёмат кунини аниқ билишни истайди?

Мақола
3 ноябрь 2023 йил
Қиёматга қанча қолди?

2012 йил якунида бутун дунёни бир ваҳима қамраб олди: эмишки қиёмат қоим бўлармиш, Мая қабиласининг тақвими 2012 йил 21 декабргача давом этиб, қолган саналар йўқлиги боис дунё шу куни ниҳоясига етар эмиш!

Шов-шув учун тарқатилган мазкур хабарнинг ёлғонлиги кейин исботланган бўлса-да (акс ҳолда ҳозир бу мақолани ўқиб турмаган бўлардингиз – таҳр), аксарият инсониятни, ҳатто Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларида яшаётган одамларни ҳам ташвишга солгани ҳақиқат. Кўпчилик шам ва шакарни ғамлаб олган ҳолда ертўлаларга тушиб (қиёмат бўлса шам ва шакар нима ёрдам беради, тушунарсиз – таҳр.) қўрқувдан дағ-дағ титраб қиёматни кутди.

Ҳозир бу воқеа ҳамма учун кулгили туюлса-да, тез-тез шундай хабарлар тарқалиб туради. Ванга, Нострадамус ёхуд бошқа қандайдир гўёки “келажакдан фол очувчи” фирибгарларга нисбат берилувчи бундай “башоратлар”га инсоният кўп гувоҳ бўлган.

Нега инсоният қиёматдан бунчалик қўрқувда? Нега қиёмат кунини аниқ билишни истайди?

Ислом эътиқодига кўра, қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган.

Жумладан, Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт», деган.

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ бандаларига, ҳатто пайғамбарларига айтмаган. Муҳаммад алайҳиссаломдан “Қиёмат қачон бўлади?”, деб сўрашганида “Қиёматга қанчалик тайёрсан?” дея савол бериб, бу фақат Худога аёнлигини айтган. “Инсон ўлгани – унинг учун қиёмат бошлангани” дея тушунтирган. Пайғамбар “қиёматга мана шунча қолди”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоғини жуфтлаб кўрсатган экан: бунда калта бармоқ инсониятнинг ҳозиргача босиб ўтган тарихи бўлса, узун бармоққача қолган масофа қиёматгача қолган давр, дейилган.

Шунингдек, айрим ислом теологлари Муҳаммад пайғамбардан кейин бошқа пайғамбар тушмаслигининг ўзиёқ, қиёматга оз қолганига ишорадир, дейишади. Исо пайғамбар билан Муҳаммад пайғамбар ўртасида 6 аср фарқ бор. Муҳаммад пайғамбардан кейин эса мана 14 аср ўтди, демак, қиёмат жудаям яқин, дейишади.

Турли фазовий динларнинг эсхолатик догмаларига кўра, яъни охир замон ҳақидаги қарашларига кўра, охир замон келишидан дарак берувчи кичик аломатларнинг барчаси юз бериб бўлган. Фақат катта аломатлари қолган холос. Аммо бу катта аломатлар бошланса, ҳадисларга кўра, худди ипи узилган мунчоқ донасидек бирин кетин, тезлик билан рўй бериб ўтади ва қиёмат қоим бўлади.

Насронийлик динида эса қиёматни Исо пайғамбарнинг иккинчи марта ер юзига тушиши билан боғлашади. Ҳатто насронийликнинг православ оқимидаги Рус давлатида 1492 йилдан кейинги тақвимни юритишмаган. Чунки шу йили Исо Масиҳ ерга тушади ва қиёмат бошланади, деб ҳисоблашган.

Охир замонга жуда ҳам яқинмиз

Аслини олганда, астрофизикларнинг маълум қилишича, чексиз фазода қуёш тизими доирасида сузиб кетаётган Ер сайёрасидаги ҳаёт жудаям нозик ва ҳар қандай сонияда қиёмат рўй бериши, тўғрироғи, Ердаги ҳаётни йўқ қилиб юборадиган космик сабаблар вужудга келиши мумкин. Бирор тортишиш кучи ўзгарса, атрофимизда бирор портлаш юз берса, қандайдир фазо жисми Ерга келиб урилса, тамом, сониялар ичида ҳаммаси якун топиши мумкин.

Бу ҳам камлик қилгандек, одамзотнинг ўзи сайёрамиз табиатини вайрон қилиб, иқлим ёмонлашиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бунинг устига турли даҳшатли қуролларни ихтиро қилиб, охир замон эҳтимолини янада яқинлаштиряпмиз.

Айниқса, 2020 йилдаги COVID-19 пандемияси табиат кучлари олдида нақадар ожизлигимизни кўрсатиб қўйди. Кўзга кўринмас кичик бир зарра – вируснинг бутун инсониятни ваҳимага солган пайтларини яна бир эсга олиш кифоя.

Айниқса, бугунги нотинч кунларда, дунёнинг у ёки бу чеккасида қуролли ва қонли можаролар тўхтамаётган бир пайтда, ҳатто навбатдаги жаҳон уруши бошланиш эҳтимоли туғилган даврда яна одамларни қиёмат мавзуси хавотирга сола бошлади.

Инсоният тарихида қиёмат, тўғрироғи, одам уруғи қирилиб кетишига бир баҳя қолган вазиятлар кўп бўлган. Айниқса, 1945 йилда атом бомбаси ихтиро қилиниб, Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари устига ташланганида, кейинчалик 7 та давлат (бештаси расман – АҚШ, собиқ СССР, ҳозирги Россия, Буюк Британия, Хитой, Франция, иккитаси ошкора, лекин “норасмий – халқаро келишувларга зид равишда” – Ҳиндистон ва Покистон, учтаси эса хуфёна ёки тахминларга кўра – Исроил, КХДР ва Эрон) бу қуролга эга бўлгач, хавотирлар янада кучайди. Чунки атом урушлари бошланса, Ер юзида мавжуд атом зарядларининг кучи бутун инсоният қирилиб кетиши учун етарли экани, ҳеч ким омон қолмаслиги илмий жиҳатдан исботлаб берилган.

Шу боисдан, АҚШнинг атом бомбаси яратган олимлари 1947 йилдан бошлаб, Чикаго университетининг “Атомшунос олимлар бюллетени” журнали лойиҳасини бошлашган. Бу журнал муқовасида даврий равишда шартли “Қиёмат куни соати”нинг сурати эълон қилинади. Соат суратидаги дақиқа кўрсаткичи тунги 12 га қанча қолганини, яъни инсоният “қиёмат”га қанчалик яқин қолганини тимсолий равишда кўрсатиб туради. Бу тасвир халқаро вазиятдаги кескинликлар ва ядро қуролланишидаги ўзгаришлар асосида баҳолаб борилади.

Бу “қиёмат соати”даги миллар ярим тунни, яъни қиёмат эҳтимолини кўрсатган пайтлар асосан ядро уруши хавфи туғилган пайтларга тўғри келади.

Бу соатлар энг биринчи марта 1949 йилда – собиқ СССР ядро бомбасини синовдан ўтказган пайтда 23:57 ни кўрсатган: “қиёмат рўй бериш” хавфига 3 дақиқа қолди, деб эълон қилинган.

Бу соатлар нисбатан энг “хавфсиз” давр – 1991 йилда – АҚШ ва собиқ СССР ўртасида стратегик қуролларни қисқартириш бўйича шартнома тузилган пайт ҳисобланди. Ўшанда “қиёмат соати” миллари 23:43 да турган ва “ярим тун”га 17 дақиқа қолганини кўрсатган эди.

Ҳатто Берлин девори қулаган, Шарқий Европада “бахмал инқилоблар” рўй бериб, “совуқ уруш” якунланган 1990 йилда ҳам бу соат миллари 23:50 ни кўрсатиб, “ярим тун”га 10 дақиқа қолгани ҳақида бонг урган.

“Қиёмат рўй беришига энг яқин бўлган “рекорд” давр – “ярим тун”га атиги 1:30 дақиқа қолди деб, Россиянинг Украинага бостириб кирганидан кейин, 2023 йилда Украинадаги Чернобил ва Запорожье АЭС портлатилиш хавфи туғилганда белгиланган эди.

Қизиғи шундаки, бу соатлар асосан, аввал собиқ СССР, кейин эса Россиянинг ядровий хавфидан кўпроқ "таъсирланади". Масалан, собиқ СССР тарқалгач, Россиядан атомшунос олимларнинг оммавий чиқиб кетиши авж олган 1994 йилда бу соат миллари яхши даврни – “охир замон келиши”га вақт узоқлигини – нақд 14 дақиқа борлигини кўрсатган.

Қайд этиш жоиз, ядро уруши хавфи билан боғлиқ кўпчилик ашёларга “қиёмат куни” жумласи билан таъриф берилади. Масалан, АҚШ президенти учадиган самолёт 1-рақамли борт деб юритилса, ядро уруши хавфи туғилган пайтда, тўғрироғи, ядро уруши даврида учадиган самолёти “Қиёмат куни борти” деб аталади.

АҚШ президентининг “Қиёмат куни самолёти” ядро ҳужуми даврида ҳам уча олади. У ёқилғи баклари кенгайтирилгани боис юзлаб йўловчилари билан бирга узоқ вақт – 12000 километргача масофани босиб ўтиши мумкин. Эҳтимолий хавфлардан ҳимояланган самолёт салонида мажлислар зали, ошхона, ухлаш ва дам олиш учун бир неча хоналар, шунингдек, муҳим давлат ташкилотлари билан боғланиш учун алоқа ўрнатиш қурилмалари мавжуд. АҚШ президенти учун 4 та E-4B Nightwatch русумидаги шундай самолётлар ажратилган.

Бундай самолёт Россия президентида ҳам бор. Ил-80 русумидаги бундай самолётлар доимо буйруққа шай, ёғилғи тўлдирилган ва тайёр ҳолатда туради.

Россия Украинага бостириб киргач, шунингдек, Фаластин-Исроил можароси янада кескинлашган айни пайтда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари қирувчи самолётларнинг учувчиларига доимий равишда ядро портлаши нурларига қарши махсус кўзойнакларни тақиб юришни буюрган. Бу ҳатто АҚШда ҳам ядровий уруш хавфи борлигидан дарак.

COVID-19 – биринчи ва охирги пандемия эмас!

Олимлар аниқлаётган, охирги замонга сабаб бўлувчи сабаблар ва назариялар ниҳоятда кўп. Масалан, олимларнинг айтишича, глобал иқлим исиши Арктика музларининг эриши ва сув сатҳининг кўтарилишига олиб келиши мумкин. Бу эса Ер юзида иқлимни мўътадиллаштириб турган Голфстрим каби уммон ичидаги оқимларни тўхтатиб, аномал совуқ ва аномал иссиқларга олиб келиши тахмин қилинади. Ҳаёт аталмиш неъмат эса жуда нозик хилқат, мавжуд қулай шароитлардан бир нечтаси йўқ бўлса, хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Иқлим ўзгаришидан ташқари, музликларнинг эриши натижасида Арктикадаги минглаб йиллар аввал музлаб қолган кўпчилик зарарли бактерия ва вируслар очилиб қолиши мумкин. Чунки олимлар ҳозир ҳам миллион йиллар аввал музлаб қолган микроскопик жонзотларнинг қулай шароитга тушганда яна жонланиб, яшай бошлаганига гувоҳ бўлишган. Агар асрий музликлар остидаги касаллик чақирувчи бундай микроорганизмлар ер юзасига тарқалса, инсоният қирилиб кетиши ҳеч гап эмас. Ковид пандемияси даврида бундай оммавий юқишларнинг олдини олиш қўлимиздан келмаслигини исботлаб бўлдик. Бунинг устига минглаб йиллар музлаб, консервация бўлиб қолган, қулай шароитни кутиб “уйқуга” кетган вирус ва бактериялар замонидан бери инсон организми кўплаб эволюцияларга учраган. Инсон танаси бундай янги паразит организм учун иммунитет ҳосил қила олмаслиги мумкин.

Олимлар: “Охир замонга 5 километр қолди”

Яна бир хавотирли омил – ер пўстлоғи қалинлигига қарамасдан, уммонлардаги чуқурликларнинг Ернинг қайнаб ётган маркази – мантиясига нисбатан яқин жойлашганида кўринади. Масалан, Мариана чуқурлиги Тинч океанининг ғарбий қисмидаги чуқур сув ости ботиғи шундай хавф туғдиради, дейишмоқда. У Мариана ороллари йўналишида 1340 км. масофага чўзилган. Ўртача кенглиги 59 км., чуқурлиги 11 км. бўлиб, дунё океанининг энг чуқур жойи ҳисобланади.

Ер пўстлоғининг энг қалин жойи тоғли ҳудудларда (Помир, Анд, Ҳимолай тоғлари остида) 60-80 км., энг юпқа жойи эса 20 км.ни ташкил этади. Мариана чуқурлигининг ост қисм дарз кетган ва мантиягача 5 км. қолгани айтилмоқда. Агар ана шу масофа ҳам зилзилалар ёки бошқа табиий таъсирлар остида очилса, Ер мантиясидаги қайноқ лава босим остида вулқон бўлиб осмонга отилади ва сув билан бирга тўфон кўтарилиб, Америка қитъасига цунами бўлиб ёпирилиши мумкин. Агар бу лава отилиши тўхтамаса, ҳар қанча ядро арсеналидан минг чандон катта таъсир кўрсатиб, бутун Ер юзидаги жонзотларни қириб юбориш учун етарли ҳалокатларга сабаб бўлиши мумкин.

Айрим конспирологик ва фантастик фикрларга кўра, гўёки Россия анчадан бери бу ботиққа атом бомбаси ташлаб, АҚШни сув остида қолдиришни мақсад қилган эмиш. Тўғри, Россия олимлари бу чуқурликни анчадан бери жиддий ўрганишади, бироқ уни портлатиш режаси борасида ҳали бирор илмий ёки тасдиқланган хабарлар чиқмаган.

Ер айланишини тезлатган Хитой дамбаси

Юқорида айтилганидек, Ердаги ҳаёт шароитларининг мувозанати худди ўта аниқ тарози шайнлари каби жудаям нозик. Исталган ортиқча юк уни ўзгартириб юбориши мумкин. Айтайлик, Ер белбоғи (экватор) ва орбитаси ўртасидаги оғиш бурчаги 23°26′14″ ни ташкил этади. Унинг бироз четга оғиши ҳам Ер ва Қуёш тизими ўртасидаги магнит тортишувлари мувозанатини ўзгартириши, пировардида эса Қуёш атрофида ва ўзи атрофида айланиш траекториясига таъсир қилиш эҳтимолини туғдиради. Ўз орбитасидан чиқиб кетиб, “эркин саёҳат”га йўл олган Ер сайёраси эса исталган бирор самовий жисм билан тўқнашиб кетиши ёки қуёшнинг тортиш ҳудудига ўтиб, унга ғарқ бўлиши ҳеч гап эмас. Агар барча ядровий бомбалар баравар портласа, бу бурчакка таъсир қилиш эҳтимоли мавжуд.

2009 йилда Хитойнинг Хубэй провинциясида, Осиёдаги энг узун дарё бўлмиш Янцзи дарёсига қурилган «Учта ғор» дамбаси фойдаланишга топширилди. Дунёдаги энг йирик гидроиншоотлардан бири бўлмиш мазкур ГЭС 1335 метр узунликка эга, йилига 98,8 млрд. киловатт-соат электр қуввати ишлаб чиқаради. Ушбу улкан гидроиншоот 154 500 гектарни эгаллаган бўлиб, ўзида 45,3 миллиард куб метр сувни йиға олган. Бунчалик кўп миқдордаги сувнинг бир жойда жамланиши Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигига таъсир қила олади. Маълумки, сайёрамиз 23 соат 56 дақиқа 4 сонияда ўз ўқи атрофида тўла айланиб чиқади. АҚШнинг NASA агентлиги маълумотларига кўра, Хитойдаги янги ГЭС Ер айланиш тезлигини 0,06 микросонияга оширган. Гарчи бу арзимас миқдор бўлса-да, Ердаги техноген омиллар бутун сайёрамиз ҳаракат параметрларига таъсир қила олишини кўрсатади. Қолаверса, бу қадар катта ҳажмдаги тўғонлар бирор сабаб билан бузилиб кетса, қандай қурбонларга олиб келишига инсоният кўп бора гувоҳ бўлган.

Яна бир мос келадиган жиҳати шундаки, ҳадисларда айтилишича, вақт қисқармагунча қиёмат қоим бўлмас эмиш. Бир йил гўё бир ой, бир ой эса бир ҳафта, бир ҳафта бир кун, бир кун бир соат, бир соат эса ёнаётган гугурт чўпдек бўлиб қолмагунча охир замон келмас экан.

Сўнгги бир неча йил ичида эса Ер тезроқ айлана бошлади. Олимлар бу қачон бошланганининг сабабини аниқлай олишмаган. Aгар бу тенденция давом этса, универсал вақтдан бир сонияни айиришга тўғри келади, деб ёзади “РИA Новости”. Замонавий технологиялар сайёранинг айланиш тезлигини миллисекундлар аниқлигида ўлчаш имконини беради. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, XVIII асрдан бошлаб у аста-секин тезлашиб бормоқда. 2026 йилга келиб, бу тафовут жуда сезиларли бўлиб қолади ва олимлар бир кундан бир сонияни олиб ташлашлари керак бўлади.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+