“Соққали” жой: Жанубий Кореяга ишга жўнатишдаги коррупция
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарлари нега тез қамалишини таҳлил қилиб чиқдик.
Аниқланишича, 5 йил ичида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари лавозимига тайинланган 7 раҳбарнинг талай қисми коррупцион жиноятлар сабаб лавозимидан озод қилинган, баъзилари жарима, баъзилари эса қамоқ жазоси билан жазоланган.
1. 2017 йил март ва апрел ойларида Жанубий Кореяга ишлашни истовчиларни рўйхатга олиш бўйича ўтказилган тест синовларида кузатилган можаро ортидан агентликнинг ўша пайтдаги раҳбари Улуғбек Назаров ўз лавозимини тарк этганди. Жанубий Корея билан боғлиқ имтиҳонларда коррупциявий ҳолатга кўра у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми а, б бандлари, 278-2-моддаси 2-қисми в, г бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 12 йил қамоқ жазоси тайинланган.
Улуғбек Назаров аввал вақтинчалик раҳбар, сўнг бўлинма бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
2. 2018 йил баҳорида унинг ўрнига Ҳожибахлил Асамов вақтинчалик раҳбар сифатида фаолият юритган. Асамов ўз ўрнини Равшан Ибрагимовга бўшатиб берган.
3. Равшан Ибрагимов кўп ўтмай қамалган. Жанубий Кореяга юбориш билан боғлиқ коррупциявий ҳолатга кўра у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а банди, 28, 211-моддаси 3-қисми а, б бандлари ва 278-2-моддаси 2-қисми в, г бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 12 йил қамоқ жазоси тайинланган.
4. 2019 йил охирида агентликка Бахтиёр Турсунов вақтинчалик раҳбар бўлиб келган. У 2020 йил ёзда лавозимини тарк этган.
5. Муҳаммадзокир Маматхонов раҳбар лавозимини эгаллаб, сўнг 2021 йил февралида Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокими сифатида иш бошлаган.
6. 2021 йил февралидан Хайрулла Умаров вақтинча раҳбар этиб тайинланган.
7. 2022 йил 1 ноябрдан Афзал Эрматов агентлик раҳбарига айланган. Шу ўринда 7-раҳбар билан боғлиқ, бундан ташқари, юқорида санаб ўтилган бир қатор раҳбарларнинг ишдан олиниш сабаби, қолаверса, шу сабабли марказнинг Жанубий Корея ишчи визалари билан алоқадорлиги шубҳа уйғотмай қўймайди.
Демак, Жанубий Корея визалари учун ўтказиладиган имтиҳонлар раҳбарлар “эътиборида” бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Агентликнинг еттинчи раҳбари фаолият тарихи ҳам бир неча “қинғирликлардан” иборатлиги бу масалани янада чуқурроқ ўрганишга ундади.
2010-2013 йилларда агентлик раҳбари сифатида фаолият кўрсатган Афзал Эрматов 2018 йилга келиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан айбланган бўлса-да, тақдирнинг “ўйини”га қарангки, 2022 йили яна лавозимга қайтган Эрматов “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганлари каби Жанубий Корея ишчи визасини олиш жараёнидаги машмашалар сабаб бўлса керак, 2023 йил 25 мартда қўлга олинган. Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов ўша пайтда Эрматов январ ойидан буён ишга чиқмагани, аммо айблов ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтган эди. Аммо шундай бўлса-да, бир неча ой давомида Эрматов раҳбар лавозимида турган. 4 апрелда Жаҳонгир Худойхўжаев тайинланган ва ҳозир ҳам лавозимда.
Албатта, шу ўринда 2019 йили Улуғбек Назоров ва Равшан Ибрагимов билан бирга “ёппасига” қамалган Алижон Абдуллаев ҳамда Озод Махсудовни унутиб бўлмайди.
Алижон Абдуллаев Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Фуқароларни чет элда ишга жойлаштириш масалалари департаменти чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлганларни топиш ва рўйхатга олиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Озод Махсудов Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жўнаб кетишдан олдинги мослаштириш ва ўқитиш маркази директори лавозимида бўлган.
Собиқ бўлим бошлиғи ва марказ директори Озод Махсудов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми а банди, 28, 211-моддаси 3-қисми а, б бандлари, 278-2-моддаси 2-қисми в, г бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Юқоридаги барча ҳолатлар миграция соҳасидаги “бизнес” ва “ўйинлар”нинг қанчалик авжига чиққанини исботлай олади. Шу ўринда бир савол туғилади: агентликка яқин орада янги раҳбар қўйилмасмикин?
Маълумотларни ўрганиш жараёнида бизда ҳам бир неча саволлар туғилиб, агентликнинг 1282 қисқа ишонч телефон рақамига Жанубий Кореяга ишчи виза олмоқчи бўлган оддий мигрант сифатида боғланиб кўрдик. Маълум бўлишича, ишчи виза имтиҳонлари нархи 321 минг сўмни ташкил қилади, ҳужжат топширгач, 3-4 ой кутишдан сўнг 2 босқичдан иборат тил имтиҳонлари бўлиб ўтади. Бир қатор суриштирувларга таянадиган бўлсак, бу каби имтиҳонлар бази “шахслар” чўнтагини қаппайтиришга хизмат қилиши маълум бўлади.
Шу ўринда агентлик раҳбарига бир неча саволлар билан мурожаат қилиш ўринли: 2-босқич имтиҳонларида нега инсон омили сақлаб қолинган? Бундан ким манфаатдор? Ноҳақликларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш режага киритилган? Бу каби норозиликларга сабаб бўлувчи ҳолатлар қачонгача давом этади?
Зеро, халқимизда бир мақол бор “Излаган имкон топар”. Шундай экан, масаланинг ечими раҳбарнинг ўзгариши эмас, балки тизим янгиланишидир. Шундагина бу соҳа ўз фаолиятини самарали йўлга қўя олади ва инсонларни ишончли исталган мамлакатга хотиржам етказади.
Мафтуна Ёдгорова