Фавқулодда иш тизими: сув масаласи жиддийлашмоқда
Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради.
Шавкат Мирзиёев бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишни топширди. Бу ҳақда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш бўйича видеоселекторда айтилди.
"Мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилиняпти", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш. Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир. Сув йўқотишлари оқибатида йилига 5 миллиард доллар даромад бой бериляпти.
Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилда камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади.
Вилоят ва туман ҳокимларига бир йил ичида 3 минг 500 километр ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш топширилди. Бундан манфаатдор кластер ва фермерларга махсус техника ва қурилиш материалларидан ёрдамлашиб, харажатларни 2 карра камайтириш мумкинлиги айтилди.
Иккинчи муҳим вазифа – сув тежовчи технологияларни жорий қилиш. Ҳозир 4,3 миллион гектар суғориладиган ер бўлиб, шундан 30 фоизига сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундай кластер ва фермер хўжаликларида сув 30-40 фоизга, ўғит ва ёқилғи 25-30 фоизга тежалиши билан бирга ҳосилдорлик ошган.
Лекин сув етказиш таннархи жуда қиммат бўлган Қашқадарёда бундай усулда суғориладиган ерлар атиги 16 фоизни ташкил этади. Сув тежашда энг содда агротехник тадбир бўлган ерни лазерли текислаш ишлари ҳам етарли эмас. Бундай майдонлар Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 10 фоиздан кам.
Бунинг сабабларидан бири – сув тежовчи технологияни жорий қилган фермерларга кредит фоизининг бир қисмини қоплаш тартиби ишламаяпти. Шу боис йиғилишда бу бўйича янгича молиялаштириш тизими белгиланди. Унга кўра, кластер ва фермерларга сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Бунинг учун очиқ-ошкора платформа ишга туширилади. Ҳам банк билан, ҳам таъминотчилар билан шартнома электрон платформа орқали онлайн имзоланади.
Учинчи муҳим вазифа – сувни етказиш харажатларини қисқартириш. Бугунги кунда кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар 1 кубметр сувга ўртача 212 сўм харажат қилинаяпти. Лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда бу 2-3 баробар қиммат.
Шу билан бирга, сув харажатининг 63 фоизи насос станциялари ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, суғориш учун йилига 7 миллиард киловатт соат электр энергияси сарфланади. Чунки сув насосларининг 80 фоизи эскирган, энергия сарфи юқори.
Маълумот учун, сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради.