Россияда ноқонуний муҳожирлар қатор ҳуқуқлардан маҳрум этилиши мумкин
Жумладан уларга машина ҳайдаш, хорижга пул юбориш тақиқлаб қўйилиши кутилмоқда.
Россия Ички ишлар вазирлиги ноқонуний мигрантлар учун бир қанча чекловларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлади. Лойиҳага кўра, улар ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайди, автомашинани бошқара олмайди ва хорижга пул ўтказа олмайди.
Унга кўра, ушбу лойиҳа “Россия Федерациясида бўлиш (яшаш) учун қонуний асосларга эга бўлмаган ёки миграция рўйхатидан ўтказишда атайлаб ёлғон маълумотлар ёки ҳужжатлар тақдим этган хорижликларга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий режимдир". Чет эл фуқароси унинг маълумотлари тегишли реестрга киритилган кундан бошлаб ушбу режимда бўлади. Бунинг учун асослар вақтинча бўлиш, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома ёки чегарани ноқонуний кесиб ўтиш муддати тугаши ёки унинг визаси, қочқинлик ёки вақтинчалик бошпана ёки фуқаролигининг бекор қилиниши бўлиши мумкин.
Бундай шахслар учун белгиланган чекловлар қаторида қуйидагилар мавжуд:
- юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишни тақиқлаш;
- кўчмас мулк, транспорт воситалари ва ўзиюрар машиналарни сотиб олиш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш;
- кўчмас мулкни давлат кадастр реестрида рўйхатга олишни тақиқлаш;
- транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишни тақиқлаш;
- автомобилни бошқаришда чекловлар;
- ҳайдовчилик имтиҳонларини топширишни рад этиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш имконияти;
- банк ҳисоб рақамларини очиш, пул ўтказиш ёки никоҳ тузишни рад этиш имконияти.
Ишлаб чиқилган қонун доирасида ушбу шахслар жойлашган жойи, яшаш жойининг ўзгариши, Россиядан режалаштирилган чиқиб кетиш санаси, жойи ва йўналиши тўғрисида ҳисобот беришлари шарт. Агар уларни бузса, мигратлар депортация қилиниши ёки махсус муассасага жойлаштирилиши мумкин. Шунингдек, улар ўзларига нисбатан ушбу ҳуқуқий режимни қўллаш асосларини сўраш, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, Россия ўзбекистонлик муҳожирлар энг кўп ишлайдиган мамлакат саналади.