Украинадаги “Евромайдон” инқилобига 10 йил бўлди

Россиянинг Украинага бостириб кириши учун маънавий тайёргарлик деярли 10 йил олдин бошланган эди.

Жаҳон
25 ноябрь 2023 йил
Украинадаги “Евромайдон” инқилобига 10 йил бўлди

Россиянинг Украинага бостириб кириши 2022 йилда юз берди. Бироқ бу босқин учун маънавий тайёргарлик деярли 10 йил олдин бошланган эди. 2013 йил ноябр ойининг сўнгги ҳафтасида юз берган Украинадаги норозилик намойишлари Киевнинг Россияга тобеликдан чиқиб кетиши учун илк ҳаракатлари ҳисобланади. “Майдон – ҳуррият, мустақиллик” шиорлари билан тарихда қолган Евромайдон Украинанинг Европага юзланиш жараёнини бошлаб берди.

Ундан аввалги даврларда эса Украина Россиянинг сиёсий "томорқаси" ҳисобланган. Россия ҳукумати нафақат Украина ички ва ташқи сиёсатига таъсир кўрсата олар, ҳаттоки давлат раҳбарини ҳам сайлашларига “ёрдамлашиб” юборар эди.

Айрим манбаларга кўра, 2020 йил 25 февралидан 2014 йил 22 февралигача бўлган даврда Украинани бошқарган президент Виктор Фёдорович Янукович ҳам Россиянинг “яқин дўсти” бўлган. Янукович руслар кўп яшайдиган ва ўша даврда россияпарастлик кайфияти кучли бўлган Донецк вилоятида туғилиб ўсган.

2004 йилда “Зарғалдоқ инқилоби” натижасида Виктор Юшченконинг президент бўлиши Россияга ёқмади. Бу сайловларда номзоди қўйилган Виктор Янукович мағлуб бўлди. Турли сиёсий ўйинлар ва манипуляциялар натижасида, ниҳоят 2010 йилдаги сайловларда Виктор Янукович Украина президентига айланди. Аввалига ўзининг асл мақсад ва қарашларини турли популистик шиорлар остида яшириб юрган Янукович 2013 йилда Россия учун мақбул қадамни қўйди. 2007 йилда бошланган музокаралар натижасида Юшченконинг саъй-ҳаракатлари билан тайёрланган, ҳатто парламент томонидан парафинланган (тасдиқланган), мамлакатнинг Евроиттифоқ билан интеграциясини мақсад қилган “Украина ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ассоциация тўғрисидаги шартнома” Янукович томонидан рад этилди. Бу мамлакатдаги демократик кучларга ёқмади.

Шартномани имзолаш президент томонидан тўхтатилган куни – 2013 йил 21 ноябрда украиналик журналист Мустафо Наим ижтимоий тармоқлар орқали танишларини майдонга чорлади. “Мустақиллик ёдгорлиги остида учрашайлик. Шунчаки қаҳва ичиб мулоқот қилиб ўтирамиз. Иссиқ кийиниб олинглар”, деб ёзилган хабар тез тарқалди. Халқ Мустақиллик майдонига йиғила бошлади. (Шу боис бу норозиликлар “Евромайдон” номини олган).

21 ноябр

Гарчи шаҳар ҳокимияти митингга рухсат бермаган бўлса-да, йиғилган одамлар тарқалиб кетмади. 22 ноябрга ўтар кечаси чодирлар ва киосклар ўрнатиб, майдонни эгаллаб олишди. Шаҳарча коменданти этиб Андрей Парубийни тайинланди.

22 ноябр

Милиция ходимлари тегишли суд қарорини рўкач қилиб, чодирларни йиғиштириб ташлашни талаб қилди. Фаоллар уларга қаршилик қилишди.

24 ноябр

Митинг иштирокчилари ва намойишчилар сони кўпайиб, 50 минг кишига етди. "Халқ вече"си (кенгаши) ташкил этилиб, қарор чиқарилди. Улар ҳукуматни истеъфо беришга, 27 ноябр куни Украина парламенти – Олий Раданинг навбатдан ташқари мажлисини ўтказиш, евроинтеграция бўйича барча қонунларни тезкор кўриб чиқиб, тасдиқлаш каби талабларни қўйишди. Агар Янукович ассоциация тўғрисидаги шартномани имзолашдан бош тортса, унга импичмент эълон қилиб, лавозимидан озод этишни мақсад қилишди.

26 ноябр

Турли сиёсий ва норасмий гуруҳлар, футбол мухлисларининг уюшмалари майдонда “Ўнг сектор” уюшмасини ташкил этиб, милицияга қаршиликни кучайтиришди.

29 ноябр

Вилнюсда “Шарқий шериклик” саммити бошланди. Унда Украина делегацияси ЕИ билан ассоциация тўғрисидаги шартнома ҳамда эркин савдо ҳудудига кириш тўғрисидаги битимни имзоламади.

Натижада мухолифат етакчилари Януковични Россия фойдасига сотқинликда айблашди. Евромайдон Януковичнинг зудлик билан истеъфо беришини талаб этувчи резолюция қабул қилди.

29-30 ноябр

29 ноябр куни Янукович намойишчиларга қарши “Беркут” махсус кучларини ташлади. 30 ноябрга ўтар кечаси намойишчилар ва “Беркут” ўртасида тўқнашувлар бошланди. Милиция ходимлари болаларни ҳам аяб ўтирмасдан аёвсиз калтаклашди. 79 киши тан жароҳати олди, 32 намойишчи ушланди.

1 декабр

Намойишчилар ва махсус кучлар ўртасидаги тўқнашувлар шафқатсиз тус олди. Намойишчилар Киев шаҳар маъмурияти ва Киев Радаси биноларини эгаллашди.

Виктор Янукович телевидение орқали миллатга мурожаат қилиб, намойишларни танқид қилди. Бош прокуратурадан текширув ўтказиш ва айбдорларни  жазолашни талаб қилди.

Евромайдон намойишларида умумий ҳисобда 2442 киши тан жароҳати олди. 104 намойишчи ва 17 милиция ходими ҳалок бўлди.

Шундан сўнг Ички ишлар вазири Виталий Захарченко тинч аҳолига қарши ортиқча куч ишлатгани учун узр сўради. Киев милицияси бошлиғи Валерий Коряк истеъфога чиқиш учун ариза берди.

2-9 декабр

Қон тўкилиши ҳам намойишчиларни қўрқита олмади. Намойиш ва митинглар давом этди. Ленин ҳайкали ағдариб ташланди. Одамлар тўсиқлар, баррикадалар қуриб олиб, милицияга қаршилик кўрсатишди. Кўнгиллилар уларга овқат ва сув келтириб туришди.

АҚШ сенатори Жон Маккейн майдонга ташриф буюрди. Киев марказида автомобиллар ҳаракати тўхтатилди. Демократик кучларнинг етакчилари Яценюк, Кличко, Тягнибок ўз талабларини эълон қилишди. Бироқ бу талаблар ҳукумат томонидан рад этилди.

9-17 декабр

Намойишлар давом этди. Бу қонли тўқнашувларга жаҳон ҳамжамияти ҳам эътибор қарата бошлади.

Европа комиссияси вице-президенти Кэтрин Эштон Киевга келиб, президент Янукович билан музокаралар ўтказди. Европа Иттифоқи бу муаммони тинч йўл билан, музокаралар натижасида ҳал қилинишининг тарафдори эканини билдирди.

17 декабр

Шу кунгача можароларга расман аралашмай келган Россия ҳукумати амалий ишга киришди. Владимир Путин Москвада Янукович билан учрашиб, Евромайдон воқеаларини муҳокама қилди. Кейинчалик ошкор бўлган маълумотларга қараганда, Путин намойишларни бостиришга “ўта юмшоқ” қарагани учун Януковични танқид қилган. “Қаттиққўлроқ бўлиш керак эди", деган.

19 декабр

Бироз тин олган намойишлар яна авжига чиқди. Украина Олий Радаси намойиш иштиркочиларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш ҳақида қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Мухолифат киритган лойиҳани 339 депутат ёқлаб овоз берди.

22 декабр

“Халқ вече”си, “Майдон” халқ уюшмаси ташкил этилиши ҳақида эълон қилди. Олег Тягнибок, Сергей Квит, Виталий Кличко, Юрий Луценко, Руслана Лижичко, Юлия Тимошенко ва Арсений Яценюк мазкур уюшманинг ҳамраислари этиб тайинланишди.

2014 йил феврал

Россия президенти Владимир Путин 20 феврал куни ўтказган махфий йиғилишида Қримни аннексия қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Виктор Янукович эса 22 феврал куни барча бойдиклари ва оиласини олиб, вертолётда Донецк шаҳрига қочиб кетди. Бироқ Украина чегара хизмати унинг вертолётига учишга рухсат бермади. Янукович ва унинг оиласи Қрим томон йўл олишди. Путин топшириғига биноан, 22 февралдан 23 фералга ўтар кечаси Бердянскка келиб тушган Россия махфий хизматлари ва ҳарбийлари Россиянинг 3 та Ми-8 вертолётлари ёрдамида Янукович ва унинг оиласи ҳамда пулларини Россиянинг Краснодар ўлкасига кўчириб ўтказишди. Янукович қочиб кетганидан сўнг, Олий Рада раиси Алесандр Тручинов президентликни ўз зиммасига олди.

2014 йил март

Ўз “вассали”га кўрсатилган ҳурматсизлик Путиннинг ғазабини қайнатди. Бундан кейин Украинанинг Европа ҳамда НАТО томонга ўтиб кетишига батамом ишонган Путин намойишлардан кейин юзага келган тартибсизлик ва ҳокимиятсизликдан фойдаланиб, “отини қамчилади”. 23 февралдан бошлаб, Қрим ярим оролида ҳеч қандай таниқлилик белгиларига эга бўлмаган қуролли ҳарбийлар пайдо бўлишди. Ҳамма уларни Россия аскарлари дейишди. Бироқ Путин буни аввалига тан олмади (орадан 2 йил ўтибгина расман тан олди). Халқ орасида “яшил одамчалар” деб аталган Россия ҳарбийлари барча маъмурий бино ҳамда стратегик объектларни эгаллаб олишди. Украина томони қандай қаршилик кўрсатиш ҳақида ўйлашга ҳам улгурмай қолди. Қрим Россия ерлари деб эълон қилинди.

Ундан кейин эса Россияга қарши санкциялар бошланди. Рублнинг қадри кескин тушиб кетиб, 1 доллар 32 рублдан 70 рублга ошди. Россия жаҳон ҳамжамиятидан ажралиб, ўзини ўзи иҳоталашни бошлади. Аммо буниси энди бошқа мавзу...

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+