Рус президентларига бемалол қарши чиқа олган губернатор
У одам ҳақида эслаш бизга нега керак, деган савол юзага келади. У вилоят раҳбари қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб топишимиз учун ёрдам беради.
Бундан 5 кун олдин (20 ноябрда) Россиядаги “оғир вазнли” сиёсатчилардан бири, президент Борис Елцинга ҳам қарши борган, ҳатто ўз вақтида Россия президенти бўлишга даъво қилган Аман Тулеев вафот этди. Бу воқеанинг бизга нима алоқаси бор, дея эътироз билдиришингиздан олдин, унинг сиёсий фаолиятига назар солиш – мамлакатимиздаги бугунги сиёсий жараёнларни тушуниш учун фойдали эканини таъкидлашни истардик.
Маълумки, Ўзбекистоннинг биринчи президенти даврида мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги ҳар қандай ижобий ютуқлар ёки сиёсий ўзшгаришларни унинг номи билан боғлаш авж олган эди. Жумладан, Россия губернаторларининг (биздаги вилоят ҳокимига муқобил лавозим – таҳр.) сайланадиган эмас, президент томонидан тайинланадиган лавозимга айлантирилганини ҳам “Путин Каримовдан ўрганди” дея оғиз кўпиртирган пропаганда қурбонлари кўп бўлган.
Аслида Россия президенти Владимир Путин бу “қилиқни” Каримовдан ўрганмаган. 1991-1996 йилларда Россияда ҳам Москва, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳарлари ва Татаристондан бошқа барча субъектларнинг раҳбарлари президент томонидан тайинланган. 2004 йилга келиб, губернаторларни бевосита сайловлар воситасида аниқлаш амалиётига чек қўйиш ҳақида қонун қабул қилинган. Яъни бу Путиннинг ўз ҳокимиятини янада мустаҳкамлаш йўлидаги режасининг бир қисми бўлган, холос.
Зеро, сайлаш ва сайланиш – демократик жамиятга хос сиёсий амалиёт ҳисобланади. Ундан четланиш эса демократия пойдеворига урилган кучли зарба, дея баҳоланади.
Сайланиш йўли билан лавозимга келган раҳбар, қандай қилиб биринчи раҳбарга ёқиш эмас, халқ розилигини олишга интилади. Тайинланган раҳбар эса ўзини салкам подшодек тутади, халқни эса югурдак ва чорасиз оломон сифатида кўради: истаса сўкиб, ҳақоратлайди, истаса қаматади. Уни лавозимга қўйган “пушти-паноҳи”га орқа қилиб, ҳеч кимни (ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини ҳам!) назар-писанд этмайди. Бирор-бир ижобий ўзгариш қилишга, халқ ва давлат фойдаси учун ишлашга интилмайди. Вилоят (област, провинция)даги муаммоларни ҳал қилишга эмас, уларнинг “ҳидини” чиқармасликка интилади. Бундай муаммоларни "кавлаш"га ва ечим топишга уринганларнинг овозини туҳмат ва провокация билан ўчиришга уринади. Муаммо ва можаролар президент қулоғига етиб бориб, лавозимига путур етишидан кўпроқ хавотир олади.
Сайланадиган ҳоким (губернатор ёки мэр) эса ҳеч бўлмаса сайлов олдидан халққа ёқиш мақсадида нимадир сиёсий-ижтимоий “бонуслар” беришга интилади. Ҳеч бўлмаганда фуқаролар билан хушмуомала бўлади. Сайланадиган ҳоким таниш-билиш орттиришга, вилоят бюджетини ўз шахсий манфаатлари йўлида “еб-тугатишга”, барча таниш ва қариндошларини “мойли” лавозимларга тиқиб ташлашга улгурмайди. (Улгурса ҳам, ундан кейин келадиган янги раҳбар бу нўноқ, қовоқмия ва зараркунанда амалдорчаларни “супуриб” ташлайди). Эртага лавозимдан кетиши ва жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан қўрқади. Натижада таниш-билишчилик, непотизм ва коррупциянинг урчиши учун шароит яратилмайди.
Энг ёмони, бундай минтақа раҳбари лавозимга қўйган амалдорчалар ҳам унга орқа қилиб баттар қутуришади. Хоҳласа, бутун бошли етимхонани фоҳишахонага айлантириб, педофилия билан шуғулланади. Хоҳласа, барча тадбиркорларни “синдириб”, ўзи ва яқинларининг бизнесини гуркиратиш учун ҳаракат қилади.
Сайланадиган ҳоким қайсидир валломатнинг қариндоши, қудаси, дўсти, курсдоши ёки синфдоши бўлиб чиқишининг эҳтимоли кам. Халқ номзодларни ахлоқи, тажрибаси ва юутуқларига қараб сайлайди. Тайинлаш амалиётида эса бунга кафолат бериб бўлмайди. Сайланадиган раҳбарнинг эса амалдорлик қилиш муддати қонун билан чекланган бўлади... Хуллас, тайинлаш амалиёти аввал ҳудуд, кейин эса бутун мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳамда иқтисодий тизимини вайрон этишга хизмат қилади.
Путиннинг губернаторларни тайинлаш асосида мансабга қўйиш амалиётига ўтишида ҳам ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган. Тўғри, буни Путин ҳукумати “сайловда бойлар ва жиноятчилар овозларни сотиб олишади. Натижада номақбул одамлар областлар тепасига келиб олади”, деган важ билан, қолаверса, Беслан фожеаси билан изоҳлади. Аслида эса бошқариш осон бўлган ва мамлакат раҳбарининг “оғзига қараб турадиган” минтақа раҳбарлари жамоасини шакллантириш мақсад қилингани ҳеч кимга сир эмас.
Лекин Путин губернаторлари орасида халқ томонидан сайланиб, ҳам халқ, ҳам раҳбарият ҳурматига сазовор бўла олган област губернаторлари бўлган. Шулардан бири Аман Гумирович Тулеев эди.
Оғир давр кучли одамларни етиштиради
Аман Тулеев 1944 йил 13 май куни Туркманистон ССРнинг Красноводск (ҳозирги Туркманбоши) шаҳрида туғилган. Отаси қозоқ, онаси эса татар-бошқирд миллатига мансуб бўлган. Кейинчалик отаси ўлиб, ўгай ота қўлида тарбияланган. Болалик даврлари иккинчи жаҳон уруши энди тугаган пайтга, одамлар кўнгил очишдан кўра қорин тўйдириш учун кўпроқ қайғурган йилларга тўғри келди.
Мактабдан сўнг Тулеев Тихорецк темир йўл транспорти техникумига ўқишга кирди ва уни 1964 йилда, 20 ёшида имтиёзли диплом билан тугатди. Болалигидан у поезд ҳайдовчиси бўлишни – поездни бошқаришни орзу қилар эди, аммо тақдир унга бутун бошли минтақани бошқаришни раво кўрди.
“Мен техникумни имтиёзли диплом билан тугатганман, ўшанда бу катта обрў эди, – деган эди Тулеев ёшлик даврларини эслаб. – Менга: "Тулеев, танла!" дейишди. (Совет иттифоқида таълим даргоҳларини битирганларни ҳукумат иш билан таъминлар эди. Бироқ кимнинг қаерга ишга боришини махсус комиссия ҳал қилган. Ўқишни имтиёзли диплом билан тугатганларга эса иш ва минтқани танлаш имконияти берилган – таҳр.) Ҳатто ўша пайтдаги энг яхши темир йўл станцияси – Aдлерга юборишни ҳам таклиф қилишди. Ўша кунларда ҳаво салқин эди. Адлерда эса денгиз, палма дарахтлари, қумли соҳил.... Лекин телевизорда Сибир ҳақида, уни ривожлантириш аҳамияти ҳақида кўп гапиришар эди. Мен бироз ўйландим-да, "Она, мен Сибирга кетаман" дедим. Бу гапдан хабар топган курсдошларим устимдан кулишди. “Сибирга сургунга кетиш учун имтиёзли диплом олдингми, ахмоқ, деб масхара қилишди”, дея хотирлаган эди Тулеев. Шундан кейин унинг бутун ҳаёт йўли ва фаолияти Россия билан боғланди. СССР тарқалгунига қадар Тулеев темир йўл корхоналарида турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилди.
Темир йўлдан – сиёсат йўлига
Аман Тулеев ўз сиёсий фаолиятини 1990-1993 йилларда Россия халқ депутати сифатида бошлаган. Шу билан бирга, Кемерово вилояти Халқ депутатлари кенгашининг раиси бўлган.
1991 йил апрел ойида Россиядаги президент сайловларида ўз номзодини илгари сурган. Натижада сайловчиларнинг 7% овозини олиб, халқ томонидан қўллаб-қувватланиш даражаси бўйича Борис Елцин, Николай Рижков ва Владимир Жириновскийдан кейинги 4-ўринни эгаллаган. Тулеев бундан ташқари 1996 ва 2000 йилларда ҳам Россия президентлигига номзодини қўйган. 1996 йилдаги сайловда “халқ-ватанпарварлик блоки”дан қўйилган номзод Геннадий Зюганов фойдасига номзодини олган ва тарафдорларини Зюгановга овоз беришга чақирган. 2000 йилги президентлик сайловларида эса 2,95% олган. Овозларнинг деярли барчаси Кемерово вилоятидан берилган.
1991 йил август ойида Тулеев Кемерово вилояти ижроия қўмитасининг раиси, яъни вилоят раҳбари бўлган. Бироқ Елцинга қарши чиққан вице-президент Генадий Янаев тарафдори бўлган. Шу боис Елцин Кузбасс (Кемеровонинг яна бир номи – таҳр.) ишчи ҳаракати етакчиларидан бири Михаил Кислюкни унинг ўрнига вилоят маъмуриятининг янги раҳбари этиб тайинлаган.
Кемерово вилояти Кузбасс деб ҳам аталади. Чунки бу вилоятда (ҳамда қисман Новосибирск вилояти ва Олтой ўлкаси ҳудудида) нафақат Россия, балки дунёдаги энг йирик кўмир шахталари ҳавзаларидан бири – Кузнецк кўмир бассейни (қисқартмаси – Кузбасс) жойлашган. Бу ерда кўмир ер юзасига яқин жойлашган, кавлаб олиш кўп харажат ва юқори технологияларни талаб қилмайди. Кузбассдаги тошкўмир захираси 54,5 млрд. тоннага тенг.
Тулеев 1993 йилда Олий Совет ва президент Борис Елцин ўртасида келиб чиққан конституциявий инқироз пайтида Елцинга қарши бўлган.
1996 йил 22 августда Россиянинг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик бўйича вазири этиб тайинланган. Кузатувчиларнинг айтишича, бу Тулеевни 1997 йил ўтказилиши керак бўлган Кемерово вилояти губернаторлиги учун сайловлардан чалғитиш мақсадида қилинган. Бироқ 1997 йил бошида вазият ўзгарган. Вилоятда кўплаб оммавий пикет ва митинглар ўтказилган. Вилоят раҳбари Кислюкнинг обрўси тушиб кетган. Натижада Кремлнинг ўзи Тулеевни вилоят раҳбари лавозимига тақдим этишга мажбур бўлган.
1997 йил 1 июлда Тулеев Кемерово вилояти маъмуриятининг раҳбари этиб тайинланган. Елцин Кузбассдаги шахтёрларнинг оммавий ва узлуксиз норозилик намойишлари ва ижтимоий таранглик фонида шундай қилишга мажбур бўлган. Чунки Тулеевнинг вилоятдаги обрўси баланд эди. Ойлаб маошини ололмасдан қийналган шахтёрлар учун Тулеев ягона халоскор бўлиб туюлар эди.
Ниҳоят 1997 йил 19 октябрда Кемерово вилояти губернаторлиги сайловлари ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, Тулеев 94,54% овоз олди.
1999 йил июл ойида у Борис Елциндан "Шон-шараф" орденини олишдан бош тортди ва буни шундай тушунтирди: "Мен мамлакатни қашшоқликка туширган ҳукумат мукофотларини қабул қила олмайман".
2005 йил апрел ойида Путин Тулеевнинг ваколат муддатини 2010 йилгача узайтирди. 2010 йил 11 мартда Россия президенти Дмитрий Медведев Кемерово вилояти парламентига маҳаллий сайловларда ғалаба қозонган "Ягона Россия" партияси томонидан таклиф қилинган Тулеев номзодини губернатор лавозимига тасдиқлаш учун тақдим этди. Орадан бир ҳафта ўтгач, халқ депутатлари вилоят кенгаши бир овоздан Тулеевни тўртинчи муддатга губернатор этиб тасдиқлади. 2011 йил 27 декабрда эса Кемерово вилояти халқ депутатлари кенгаши Тулеевга "Халқ губернатори" фахрий унвонини берди.
Алоҳида қайд этиш жоиз, 2013-2014 йиллардаТулеев Фуқаролик жамиятини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, Россиянинг энг самарали губернаторлари ўнталигига кирган.
2015 йил 16 апрелда Тулеевнинг ваколат муддати тугаши муносабати билан Путин уни Кемерово вилояти губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. 2015 йил 13 сентябрда у яна 96,69% овоз олиб, Кузбасс раҳбари этиб сайланди. 2015 йил 22 сентабрда Кемерово вилояти губернатори лавозимини эгаллади. Шундан кейин яна 3 йил вилоятни бошқарди.
Халқ севган раҳбар
Ҳам халқ, ҳам раҳбарият ишончини оқлаш осон иш эмас. Аммо Аман Тулеев бунинг уддасидан чиққан кам сонли раҳбарлардан бири бўла олди.
Эътироф этиш лозим, Тулеев Кемерово вилоятини саноат инқирози арафасида турган пайтда бошқарган. СССР тарқалган даврлар эди. Эски иқтисодий тартиб ва иқтисодий алоқалар ишдан чиққан пайтлар. Бир неча йил ичида 40 дан ортиқ шахталар ёпилган, 150 минг киши ишдан бўшатилган. Кончилар иш ҳақини тўлашни талаб қилиб, иш ташлашни бошладилар ва Транс-Сибир темир йўлини тўсиб қўйишди. Ишчилар темир йўлларга ўтириб олиб, поездлар ҳаракатини тўхтатиб қўйишди. Бу бутун Россияда акс-садо берди.
Тулеев минтақада фавқулодда ҳолат жорий қилди ва иш ташловчилар билан мулоқот ўрнатди. У айрим раҳбарларга ўхшаб, кончиларни жазолашга уринмади. Балки Россия бош вазири ўринбосари Борис Немцовга кончиларнинг талабларини қонуний, деб билишини айтди. Натижада маош бўйича қарзларнинг бир қисми тўланди ва можаро барҳам топди.
Тулеев раҳбарлик қилган 20 йил давомида Кузбассда 90 га яқин юқори технологияли корхона қурилди. Янги саноат – кўмир кимёсини ривожлантириш, юқори тезликда ҳаракатланиш учун мўлжалланган 100 метрли релслар ишлаб чиқариш бошланди.
Aман Тулеев вилоятда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштирди – Кузбасс пенсияси, уруш фахрийлари учун бепул саёҳат ва шифохонада даволаниш, уй-жой коммунал хизматлари учун имтиёзлар жорий этди.
Бундан ташқари, қишлоқ жойлардан яшовчи кам таъминланган кўп болали оилаларга текинга чорва моллари ва картошка етказиб бериш йўлга қўйилди. Кончилар куни муносабати билан кам таъминланган оилалар ва фахрий кончиларга тўрт тоннадан текин кўмир бериш жорий этилди. Ёш оилаларга уй учун ипотека кредити махсус шартларда – фоизсиз ва дастлабки бадалсиз, 20 йил муддатга бериладиган бўлди.
Кемерово раҳбари фавқулодда вазиятларда ўзини тутиши билан ҳам кемероволиклар хотирасида қолади. Тулеев бир неча бор террорчилар билан музокараларда қатнашган. 1991 йилда у Қизил майдон яқинида гаровга олинган Маша Пономаренкони озод қилишга ёрдам берган. 1995 йилда Кемерово автовокзалида гаровга олиш пайтида ҳам музокараларда иштирок этган.
2007 йилда у Новокузнецкда уйига қамалиб олиб, кўп қаватли уйни портлатиб юбориш билан таҳдид қилган милиция прапоршиги билан музокаралар олиб борган. Ўзаро суҳбатдан сўнг хавфсизлик кучлари ҳужумчини зарарсизлантириб, қўлга олишган.
2009 йилда у икки қўриқчи ва икки кассирни гаровга олган банк қароқчиси билан музокараларда ҳам иштирок этган.
Сиёсий “ўт ўчирувчи”
Афсуски, ҳамма нарсанинг охири бор. Ҳар қандай чиройли қисса ҳам барибир ниҳоясига етади. Гарчи Аман Тулеев вилоят раҳбарлиги курсисида энг узоқ – 20 йилдан зиёд қолгани билан тарихга кирган бўлса-да, (энг узоқ раҳбарлик рекорди Белгород вилояти губернатори Евгений Савченкога тегишли: Савченко 1993-2020 йиллар давомида, 27 йил вилоятни бошқарган) 2018 йилда истеъфога кетишга мажбур бўлди.
Гап шундаки, 2018 йилнинг 25 март куни “Зимняя вишня” савдо марказида йирик ёнғин юз берди. 64 киши, шу жумладан 41 бола ҳалок бўлди. Тулеевнинг қариндоши, 11 ёшли қизча ҳам ёнғин қурбонига айланган. Тулеев ҳар бир қурбоннинг оиласига бир миллион рублдан (қарийб 15000 доллар – таҳр.) товон пули тўлашни буюрди.
Бироқ вилоят аҳолисининг кўпчилиги ҳокимни фавқулодда ҳодиса жойига келмагани учун танқид қилишди. Савдо марказларида хавфсизлик таъминланмагани учун Тулеевни асосий айбдор дейишди.
2018 йил 1 апрел куни Aман Тулеев лавозимидан бўшаб, истеъфога чиқди. Вилоят раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, қўлидан келган барча ишни қилганини айтди. Президент Путин унинг истеъфосини қабул қилди. Чунки кемероволикларнинг ҳовурини тушириб, норозилик ўтини сўндириш, бу норозилик кайфияти алангаланиб, ҳукумат томонга бурилиб кетмаслиги учун сиёсий “ўт ўчириш” тадбири зарур эди. Тулеевнинг истеъфоси шундай чора бўлиб хизмат қилди. Ҳалок бўлганларнинг қариндошларида эса “мана, адолат қарор топди, асосий айбдор ишдан бўшатиш билан жазоланди”, деган таскин пайдо бўлди.
Аман Тулеев шундан сўнг, сентябр ойида Кузбасс профессионал таълимни ривожлантириш минтақавий институти ректорлигига ўтказилди ва умрининг охиригача шу лавозимда ишлади.
Саломатлик билан боғлиқ муаммолар
Aман Тулеев охирги йилларда саломатлиги ёмонлигидан кўп азият чеккан. У ҳали темир йўл тизимида ишлаб юрганида оғир жароҳат олган эди. Жойидан чиқиб кетган темир йўл релси зарб билан унинг белига урилган. Тулеев шифокорга мурожаат қилмаган ва касални “оёқда юриб” енгишга уринган. Бироқ 2011 ва 2017 йилларда икки марта умуртқа поғонасида жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлди. 2017 йилдаги жарроҳлик амалиёти учун Путин тарафидан Германияга юборилган. Тулеевнинг ўзи операцияни қийин ўтди, дея баҳолаган.
Барча хасталикларга чора топиш мумкин. Бироқ ажалга даво йўқ. Оғир жисмоний ва руҳий изтиробларга қарши курашдан чарчаган сиёсатчи 2023 йил 20 ноябр куни эрталаб 79 ёшида, Кемерово марказий шифохонасида дунёдан кўз юмди. Дафн этиш маросимида минглаб вилоятликлар иштирок этиб, мотам тутишди. Тулеев жасадини Кемероводаги 1-сонли марказий қабристонга, ўғли Андрейнинг қабри ёнига дафн қилишди (Андрей 26 ёшлигида, 1998 йилда май ойида Тошкентда автоҳалокатда ўлган эди).
Тобут билан амалнинг эгаси бўлмайди
Яна Аман Тулеев ҳақида эслаш бизга нега керак, деган саволга қайтамиз. Аман Тулеев – вилоят раҳбари қандай бўлиши керак деган саволга жавоб топишга ёрдам беради. У амал ёки мол-дунё учун интилмади. Давлат ҳисобидан қўша-қўша вилла сотиб олмади, тўй-томоша қилмади. Гарчи Россия миқёсида машҳур сиёсатчи бўлса-да, нисбатан камтарона ҳаёт кечирди. Ялтоқилик ва хушомадгўйликдан узоқ юрди. Ўз фикри ва ғояларини дангал айтишдан қўрқмади. Ўз айбини бошқаларга юклашга уринмади. Ҳатто савдо марказида рўй берган ёнғин учун ҳам минтақа раҳбари сифатида аввало ўзини айбдор деб билди.
Аман Тулеев ҳокимият ҳақида шундай деган эди: “Ҳамма мени мансабпараст, ҳокимиятга чанқоқ одам, деб ўйлайди. Лекин мен атайлаб ҳокимиятга интилмаганман. Ҳеч қачон. Мени ҳокимиятга итариб киритишди. Шунчаки судраб киритишди. Ўз асл касбимни ҳозир ҳам севаман.“Мен темир йўллардан фойдаланиш бўйича муҳандисман” дея фахрланиб гапираман”.
Собиқ губернаторнинг яна бир фикри амалдорлар учун ибрат бўлиши мумкин: “Одам амал курсисида турган пайтда ҳаммага керак бўлади ва атрофдагилари унга ҳурмат, ҳатто хушомад билан муносабатда бўлади. Атрофингдан одам аримайди. Бироқ амалдан кетганингдан кейин атрофинг бўшаб қолар экан. Ҳатто сен ёрдам берган, ақлинг, кучинг ва тажрибангни аямасдан тарбиялаб, мансаб пиллапояларидан кўтарган одамларинг ҳам сени тарк этишади. Сендан энг кўп фойда кўрган одамлар сени биринчи бўлиб ташлаб кетишади. Шунинг учун ҳам ҳеч ким амалдан кетгиси келмайди. Аммо шундай қилиш керак. Халқ ва давлат тараққиёти учун ўз вақтида кета билиш керак”, деган эди Тулеев.
Энг аҳамиятлиси, Аман Тулеев раҳбарлик пайтида ҳудуд аҳолиси, оддий ишчилар билан мулоқотда ҳам инсонийликни биринчи ўринга қўйди. “Мен шунчаки ёрдамга муҳтож барча одамларга ёрдам беришга интилиб ишладим холос. Баъзида одамларнинг ўзлари ўз муаммоларини ҳам унутиб юборишар эди. Мен эса ўтириб, қандай ёрдам беришим мумкинлиги ҳақида ўйлар эдим. Ва ҳақиқатан ёрдам берардим. Эҳтиёжмандларга сигир, қўй ва қуёнлар бердим. Кимгадир велосипед, кимгадир ҳасса керак эди... Доимо кексаларга кўмаклашдим. Ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмадим”, деган эди Тулеев яхши губернатор бўлиш сири ҳақида гапирганида.
Дарҳақиқат, одамларга ёрдам бериш ўз йўлига. Аммо бу ёрдамни шунчаки хўжакўрсинга, тўғрироғи, “президент кўрсин”га қилиш бошқа, сидқидилдан, астойдил қилиш бошқа. Зеро, одамлар самимийликни дарров сезиб олишади. Бу туйғуни сохталаштириб бўлмайди. Аман Тулеев ана шу самимийлиги билан юртдошлари ва сафдошлари хотирасида қолади...