platina.uz

Юқумли касалликлар кўпаймоқда. Эпидемия хавфи борми?

Охирги кунларда ўзбекистонликларни ҳам мавсумий касалликлар кенг тарқалиши хавотирга солмоқда. Айниқса, болаларда шамоллаш, нафас йўллари хасталиклари оғир кечаётгани айтилмоқда.

Интервью
24 ноябрь 2023 йил
Юқумли касалликлар кўпаймоқда. Эпидемия хавфи борми?

Хитойда янги респиратор вирус тарқалиб, болаларни оммавий равишда қамраб олаётгани хабар қилинди. Бу ерда шифохоналар ота-она ва болалар билан тўлиб кетгани ҳақидаги видеолар кўпайган.

Кеча (23 ноябрда) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитой шимолида болалар орасида номаълум пневмония ўчоқлари ҳақида хабар берди. Шифохоналар хаста болалар билан тўлган. Уларда йўтал йўқ, аммо юқори ҳарорат (иситма) ва ўпкада тугунлар кузатилмоқда. ЖССТ Хитойга болаларда қайд этилган эпидемия бўйича лаборатория натижалари ҳақида расмий сўров юборган. ЖССТ Хитойдан профилактика чораларини кўришни, жумладан, эмлаш, ниқоб кийиш, масофани сақлаш, касал бўлганда уйда қолиш ва мунтазам равишда қўл ювишни тавсия қилмоқда.

Охирги кунларда ўзбекистонликларни ҳам мавсумий касалликлар кенг тарқалиши хавотирга солмоқда. Айниқса, болаларда шамоллаш, нафас йўллари хасталиклари оғир кечаётгани айтилмоқда. Ҳатто маълум мавсумда кузатиладиган хасталиклар бошқа мавсумда ҳам қайд этиляпти. Атрофга қарасангиз, йўтал ва шамоллаш ҳолатлари аввалгидан бир неча баробар ортгандек кўринади.

Ростдан шундайми? Умуман, шу кунларда Ўзбекистонда эпидемиологик вазият қандай? Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Бу йил куз-қиш мавсумида турли касалликларга чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу нима билан боғлиқ?

– Мавсумий касалликлар доим бўлган, бундан кейин ҳам бўладиган бир жиҳат. Лекин ҳақиқатан, уларнинг мавсумийлиги йўқолиб бораётгани кўпчилик мутахассисларни қизиқтираётган бир ҳолат. Аксарият ҳолларда ҳаво-томчи йўли билан юқадиган касалликлар, айтайлик, вирусли касалликлар мавсумий хусусиятга эга бўлишган. Дейлик, вирусли гепатит А касаллиги асосан куз пайтида кўпроқ тарқалган. Грипп касаллиги, асосан, куз-қиш-баҳор ойларида. Қизамиқ кўпинча куз ва баҳор ойларида, тепки – эпидемик паротит касаллиги, кўкйўтал, қоқшол касалликларига эса мавсумийлик хос.

Одатда касалликнинг манбалари бир неча турда бўлиши мумкин. Шундай бир манбалар борки, табиий ўчоқлилик сифатига эга бўлади. Масалан, тери лейшманиози, ўлат, вабо, куйдирги, қутуриш касалликлари – буларнинг ҳаммаси табиий ўчоқлилик хусусиятига эга. Демак, у республиканинг баъзи бир ҳудудларида кўпроқ қайд этилади. Ўлат касаллиги кўпроқ чўл ҳудудларида бўлса, бруцеллёз касаллиги ҳам, қутуриш касаллиги ҳам, ҳайвонлар орасида айланиб юрган бўлса ёки чорва моллари орасида бруцеллёз касаллиги манбаси бўлса, қутуриш юзага чиқади. Қутуриш касаллиги эса дунёнинг баъзи мамлакатларида учрамайди ва Ўзбекистон ҳудудига хос. Марказий Осиё давлатларида бу касалликлар қайд этиб турилади.

Нафақат вирусли, балки баъзи бир бактериал касалликлар ҳам бор. Масалан, ичтерлама (қорин тифи) касаллиги мавсумийлик хусусиятга эга. Табиатдаги очиқ сув ҳавзаларида вабо вибрионлари ёки вабосимон вибрионлар бўлиши мумкин. Дастлаб, май-июн ойларида вабосимон вибрионлар кўп учрайди. Август-сентябр ойларига бориб, вабо вибрионлари уларнинг ўрнини эгаллайди. Демак, табиатда микроорганизмларда 2 хил қонуният – синергизм ва антагонизм асосида яшайди. Синергизм дегани бир микроорганизм иккинчи бир микроорганизмнинг яшаши, кўпайиши ва касаллик чақириши учун шароит яратиб беришидир. Антагонизм эса битта касаллик қўзғатувчисининг иккинчи касаллик қўзғатувчисининг авж олишига йўл қўймасдан, унга рақобат қилиб, ўрнини эгаллаб олишига айтилади.

Узоққа бормайлик, коронавирус пандемияси пайтида жуда кўп касалликлар қарийб қайд этилмади. Вирусли гепатит А, вирусли респиратор касалликлар, вирусли грипп ҳам деярли учрамади. Сабаби, ўша пайтда ташқи муҳитда короновирус қўғатувчилари кўп бўлган учун, бошқа микроорганизмлар авж олишига йўл қўймади. Антагонизм қонунияти иш берди. Ҳозирга келиб табиатда короновирус қўзғатувчиси камайди. Демак, табиатдаги бўшлиқ қайсидир микроорганизм билан тўлдирилиши керак. Ҳозир грипп, ўткир респиратор касалликлари, риновируслар, парагрипп касаллиги, қўйингки, қизамиқ, қизилча, кўкйўтал, тепки каби касалликлар авж оляпти. Бу табиатдаги шундай микроорганизмлар ўртасидаги муносабатдан келиб чиқади. Албатта, биз ҳар битта касалликка мавсумига қараб, тегишли тайёргарлик ишларини кўрамиз.

Ёки Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги сентябр ойидан кейин умуман қайд этилмайди. Чунки касаллик тарқалиши учун касалликни унинг манбаидан одамга юқтирадиган каналар бўлиши керак. Иксод каналари апрел ойида уйғонади ва фаоллашади. Шунинг учун геморрагик касалликларга хос мавсум – май ойининг охири, август ойининг охиригача бўлган муддат ҳисобланади.

– Кўпинча хорижга чиқишган саёҳатчилар дарров касал бўлиб қолишларидан шикоят қилишади. Ҳатто иссиқ ўлкаларга борганлар ҳам шамоллаб, қийналишганини айтишади. Айримлар буни ҳаво алмашгани ва янги жойга мослашув жараёни деб тушунади. Айримлар эса иссиқ ўлкада муздек сув кўп ичгани ва узлуксиз совутгич ускуналардан фойдалангани билан тушунтиради. Буни илмий жиҳатдан қандай изоҳлаш мумкин?

– Дарҳақиқат, айрим касалликлар янги жамоалар шаклланган пайтда авж олади. Масалан, болалар боғчасида янги гуруҳ, мактабда 1-синф ўқувчилари ташкил этилганида кўпаяди. Бу жамоада соғлом микроб ташувчилар ёки оддий нозафарингит билан касалланган одамлар бўлиши оқибатида бир бирига юқтириб, касаллик авж олиши мумкин. Менингит ҳам шундай шароитда тарқалади. Айтайлик, Ҳаж ва Умра сафарига кетаётган зиёратчилар менингит касалига қарши эмланади. Улар хорижга чиққанида, янги жамоа шаклланади. Қолаверса, юртдошларимиз бошқа юртдан келган аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиб, бу касалликни юқтириб олиши мумкин. Чунки инсонни совуқ касал қилмайди. Балки совуқда инсон иммунитети пасайиши, айрим микроорганизмлар кўпайиши учун қулай шароит яратилгани оқибатида касаллик келиб чиқади. Масалан, ёзда ўткир ичак ва ошқозон, овқат токсико-инфекция касалликлари, сув ва овқат орқали юқиши мумкин бўлган кўпгина хасталиклар авж олади. Бу мавсумда касалликларнинг кўпайишини ҳам шундай тушунтирсак бўлади. Чунки ташқи муҳитдан тушган микроблар озиқ-овқат маҳсулотларида сон жиҳатдан кўпайиши мумкин. Маҳсулотларнинг тез айниш эҳтимоли бор. Масалан, ошхоналарда, тўй каби оммавий тадбирларда бир неча маҳсулот қўшиб тайёрланган салат маҳсулотлари тайёрланганидан кейин 2 соат ичида еб тугатилиши лозим. Бироқ уни кечқурун тайёрлаб қўйиб, эртаси куни дастурхонга тортишади. Бу вақт давомида микроорганизмлар сони бир неча юз баравар кўпайиб кетиши мумкин. Одатда микроорганизмлар ҳар 8 соатда 2 бараварга кўпаяди. Бу маҳсулотларни эндотоксин ва экзотоксинлар ишлаб чиқармасдан туриб истеъмол қилиб, тугатиш керак. Демак, бундай хасталикларнинг олдини олиш учун аҳолининг санитария маданиятини ошириб бориш лозим.

– Тан олиш керак, санитария-гигинена талабларининг муҳимлигини кўпчилик айнан коронавирус пандемияси даврида тушуниб етди. Тиббиёт ходимлари ҳам коронавирусни тугатиш учун бор кучларини ишга солишди. Бироқ нега короновирус йўқолиб кетмади? Чеклов ва карантинлар, турли эмлаш ва янги топилган даволаш усуллари коронавирусдан батамом қутулишимизга етарли бўлмадими?

– Коронавирус энди бошланганида биз ОАВ орқали чиқишларимизда “коронавирус бориб-бориб ўзимизнинг штамм, ўзимизнинг респиратор касаллик бўлиб қолади”, деган иборани ишлатганмиз. Ҳозир айнан шунга гувоҳ бўлиб турибмиз. Агар академик Беляков назариясига эътибор қаратадиган бўлсак, юқумли касалликлар табиатда қолиш учун келади. Коронавирус йўқолиб кетмайди. Энди коронавирус орамизда оддий респиратор касаллик сифатида қолади ва давом этади. Агар шу пайтгача 43 та коронавирус қўзғатувчисининг 6 таси касаллик чақирган бўлса, мана энди 7 таси касаллик чақиради, деб бемалол айта оламиз.

– Нега коронавирус худди грипп ёки шамоллаш каби мавсумий бўлмади?

– Тўғри, коронавирус касаллигида мавсумийлик кузатилмади. Ҳам ҳўл, ҳам қуруқ, ҳам иссиқ, ҳам совуқ шароитда тарқалиши, қолаверса, бир пайтнинг ўзида ҳам катталарни, ҳам ёшларни касаллантириши биз мутахассисларни таажжублантирди. Бундай ҳолатларда нима дейишимиз мумкин? Микроорганизмлар ўз “хўжайини” – яъни ўзи тушган организмни дарров ўлдиришни истамайди. Яъни хўжайини билан дўстона бирга яшаш иштиёқида бўлади. Чунки хўжайин ўлса, ўзининг ҳам ҳаётий цикли ёпилади, кесилиб қолади. Шу боис микрорганизмлар секин-аста одамга мослашиш учун ҳаракат қилади. Одамлар ҳам унга қарши курашиш орқали, бориб-бориб иккаласи бир-бирига мослашади.

– Микроблар ўз хўжайини ўлишини истамайди деяпсиз. Лекин нега вабо, ўлат каби касалликлар 3-4 кунда одамни ўлдиради? Нега унда вабо ўрта асрларда Европада 20 миллионлаб одамни қириб юборган?

– Йўқ, ҳозирги пайтга келиб, вабо касаллиги бундай пандемияларга сабаб бўла олмайди. Чунки ўтмишда одамлар вабо касаллигини яхши тушунишмаган. Вабо қўзғатувчиси қандайлиги, қайси йўл билан юқиши, қандай клиник белгилар билан кечиши ҳақида одамларда тасаввур кам бўлган. Ҳозирга келиб, вабо касаллигининг қўзғатувчиси сувда яшашини яхши биламиз. Сувни қайнатмасдан ичиш оқибатида ёки полиз маҳсулотлари ҳамда кўкатларни шу сув билан ювиб истеъмол қилиш орқали ёки чўмилаётганда бехосдан ичга сув кетиб қолса, бу касаллик инсонга юқади. Ҳозир аҳолимиз очиқ сув ҳавзасидан деярли ичмайди. Аксарияти қадоқланган сув ичяпти. Очиқ сув ҳавзасидан фойдаланувчилар ҳам бу сувни имкон қадар қайнатиб ичишга одатланган. Бу ҳам аҳолининг санитария маданияти билан боғлиқ.

– Ўтмишда қурғоқчилик ва камбағаллик турли эпидемияларга сабаб бўлгани айтилади. Улар нега бир-бирига боғлиқ?

– Мисол сифатида қурғоқчилик ва куйдирги (сибир яраси) касаллиги ўртасидаги боғлиқликни тушунтириб берсам. Куйдирги – тупроқдан чорва молларидан юқадиган касаллик. У аксарият ҳолларда қурғоқчилик бўлганда, далада ўт-ўланлар қуриб кетиб, озуқа қолмаслиги оқибатида келиб чиқади. Майда ва йирик шохли ҳайвонлар ейишга ўт бўлмагани боис тупроқ тагидан илдизларни лаби билан юлиб (чимдиб) олиб ейишга ҳаракат қилади. Натижада уларнинг лаб ва тилларидан тирналишлар пайдо бўлади. Ерда ўз пайтини пойлаб ётган куйдирги касаллиги споралари бу жароҳатларга тушиб, ҳайвон организмида кўпаяди. Касалланган ҳайвонни сўйган, терисини шилган, гўштини нимталаган ва ташиган одамлар танасида ҳам очиқ жароҳат ёки тирналишлар бўлса, уларга ушбу касаллик юқади, бу касалликнинг тери формаси учрайди. Шу ўринда айтиш керак, куйдирги касаллигининг тери формаси даволанса, ҳеч бир асоратсиз 100 фоиз тузалиб кетади. Лекин унинг ўпка формаси, септик формаси баъзи ҳолатларда жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Чунки ўпка ёки қондаги бу микробларни йўқ қилишга қаратилган даволаш усуллари ҳар доим ҳам кутилган самарани бермайди. Аслини олганда, куйдирги касаллигининг қўзғатувчиси спора шаклида 100 йиллаб ҳам яшаши мумкин. Лекин у вегетатив шаклга ўтганидан кейин жуда чидамсиз бўлиб қолади. Антибиотик ёрдамида унинг изини тўлиқ йўқотиб ташлаш мумкин. Бошқача айтганда, ҳар бир касалликнинг ўзига хос белгилари, мавсумийлиги, хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами бор.

– Эпидемиологик вазиятни тўлиқ назоратга олиш мумкинми? Бу касаллик турига боғлиқми ёки тиббиёт имкониятларигами?

– Биласизми, айрим касалликларни бошқарилувчи юқумли касалликлар деймиз. Нега энди бошқарилувчи? Бунинг маъноси – эпидемик вазиятни бошқариш мумкин. Касаллик жиловини қўлга олиш мумкин. Умуман олганда, эмлаш имкони бўлган ҳамма касалликлар бошқарилувчи юқумли касалликлар дейилади. Ўзбекистон шароитида 13 турдаги юқумли касалликка қарши эмлаш ишлари йўлга қўйилган. Охирги 6 йилда эмлаш тақвимига яна 4 та янги вакцина киритилди. Қиёслаш учун айтсак, мустақилликнинг дастлабки йилларида биз фақат 6 та касалликка қарши эмлар эдик. Ҳозир 13 турдаги касалликка қарши эмлаяпмиз. Бизда эмлаш воситалари билан қамраб олиш кўрсаткичи 97-98 фоизни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, эмлаш орқали аҳолининг иммун таранглигини, жамоавий иммунитетни шакллантирамиз. Қачонки жамоавий иммунитет у ёки бу касалликка нисбатан 80 фоиздан юқори бўлса (аслида 70 фоиздан юқори бўлса), шу касаллик бўйича барқарор эпидемик вазиятни таъминлаш мумкин.

Масалан, коронавирус касаллигига қарши салкам 22 миллион аҳолини эмлаганимиздан кейин ва эмлаш билан қамраб олиш даражаси 90 фоиз, бустер доза билан қамраб олиш – салкам 80 фоизга етганидан кейингина биз коронавирус эпидемияси бўйича вазиятни барқарор ҳолатда ушлаб туришга эришдик. Шунинг учун бу касалликларни бошқарилувчи юқумли касалликлар деймиз. Уларни назорат остида ушлаб туриш – эпидемиологик вазият барқарорлашувига олиб келади.

– Ўзбекистонда ҳозир эпидемиологик вазият қандай? Турли хасталиклар тез-тез учраб тургани ва кенг аҳоли қатламларини қамраб олаётганига қарамасдан, бу вазиятни барқарор дея оласизми?

– Албатта, ҳозир Ўзбекистонда барча юқумли касалликлар бўйича вазият барқарор. Албатта, баъзи юқумли касалликларнинг бироз мавсумий кўтарилиши эҳтимоллари мавжуд. Масалан, ҳозирда респиратор касалликлар авж олади. Ҳаво-томчи йўли билан юқадиган касалликлар кўпаяди. Негаки кун салқин. Бугун эрталаб, айтайлик, ҳарорат иссиқ. Одамлар енгил кийим билан кўчага чиқишади. Кечга яқин эса ҳаво салқинлашиб қолади. Шамоллаш эҳтимоли кўп.

Бундай шароитда кўпчилик совуқ кирмасин, деб эшик-деразаларни доим ёпиб ўтиришади. Бу эса ҳавода зарарли микрорганизмлар сонининг баттар ортишига сабаб бўлади. Шулар билан боғлиқ ҳолатда мавсумий респиратор касалликлар авж олиши кузатилиши мумкин.

Лекин, умуман олганда, бизда ҳозир барча юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазият барқарор. Саросимага ва хавотирга соладиган бирорта жиҳатни кўрмаяпмиз.

Қолаверса, сўнгги 5 йилда аҳолининг эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида ўтказилган профилактик, эпидемияга қарши ҳамда мақсадли эмлаш тадбирлар натижасида, айрим касалликлар тугатилди, кўплаб касалликлар динамикасида кескин пасайиш кузатилди.

Жорий 2023 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш учун 205 млрд. сўм ажратилди, 2017 йилда ажратилган маблағларга нисбатан 10 бараварга ортди ва эмлаш қамрови 98 фоизга етказилди. Сўнгги 5 йил давомида эмлаш календарига 4 турдаги янги вакциналар киритилди. Бу каби ҳаракатлар халқимизнинг эпидемиологик осойишталигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Абулфайз Сайидасқаров суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+