platina.uz

БМТ Ўзбекистондаги чанг бўронлари ҳақида ташвишли баёнот берди

Чангнинг асосий глобал манбалари Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Шарқий Осиё бўйлаб шимолий ярим шарда жойлашган.

Жамият
20 ноябрь 2023 йил
БМТ Ўзбекистондаги чанг бўронлари ҳақида ташвишли баёнот берди

БМТнинг огоҳлантирилишича, сайёрада қум ва чанг бўронлари сони "кескин" ортиб бормоқда, айниқса Марказий Осиё давлатлари ҳодисадан энг кўп жабр кўрмоқда. Бу ҳақда Phys.org нашридаги мақолада айтилади.

Заҳарли қум бўронлари Марказий Осиё ва Шимолий Африканининг чўл ва дашт қисмларини қамраб олмоқда ва БМТ уларни "ҳаёт учун таҳдид" деб атади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси (UNCCD) Дубайда COP28 иқлим ўзгариши саммити очилишидан бир ҳафта олдин тарихий Самарқанд шаҳрида беш кун давомида йиғилади.

“Қум ва чангдан иборат қора булутларнинг ҳамма нарсани қамраб олиши ва куннинг тунга айланиши табиатнинг энг қўрқинчли томошаларидан биридир”, деди UNCCD котиби Иброҳим Тиав.

Унинг айтишича, чанг бўронлари "Шимолий ва Марказий Осиёдан Саҳрои Кабирдан жанубий Африкагача бўлган ҳамма жойда вайронагарчиликларга олиб келадиган ҳодиса."

“Ҳозирда ҳар йили атмосферага икки миллиард тонна қум ва чанг кўтарилади, бу оғирлиги бўйича Гизадаги 360 та пирамидага тенг”, — дея қўшимча қилди у.

Чангнинг асосий глобал манбалари Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Шарқий Осиё бўйлаб шимолий ярим шарда жойлашган. Жанубий яримшарда Австралия, Жанубий Америка ва Жанубий Африка асосий чанг манбалари ҳисобланади.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бўронлар "ҳаётга таҳдид солувчи" таъсир кўрсатиши мумкин, аммо ҳукуматларда уларга қарши самарали курашиш учун воситалар йўқ.

“Юпқа чанг зарралари юқори тропосфера даражаларига (баландлиги бир неча километргача) кўтарилиб, шамол уларни узоқ масофаларга олиб кетиши мумкин”, — дейилади хабарда.

Илгари камдан-кам учрайдиган бундай бўронлар энди баҳорда бошланиб, Марказий Осиёнинг катта қисмида кузгача давом этмоқда.

Бўронлар кўпинча Ўзбекистондаги Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудларида, шунингдек, Қозоғистон чўлларида ва Афғонистоннинг жанубида бошланади.

UNCCD шунингдек, бўронлар келтирган иқтисодий зарарга ишора қилди.

“Дунё ҳар йили қарийб миллион квадрат километр соғлом, унумдор ерларни йўқотади.

2015-2019 йиллар мобайнида бутун дунё бўйлаб тахминан 4,2 миллион квадрат километр ҳудуд чанг бўронларидан зарар кўрди, Марказий Осиёдаги бешта давлатнинг умумий майдонига тенг".

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда чанг бўронлари тез-тез кузатилмоқда. Жумладан, Тошкент ҳавоси ифлос шаҳарлар рейтингида юқори ўринларни эгалламоқда. Бундан ташқари чанг бўронлари Тожикистонда турли касалликларни келтириб чиқараётгани ҳам хабар берилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+