platina.uz

“Декрет”га чиқаётган эркаклар: хусусий сектордаги аёлларга “декрет” пули берилмаяпти

Яқин ўтмишда ҳатто айрим ноинсоф иш берувчилар хотин-қизларни ишга қабул қилишдан аввал дарров 2 та ариза ёздириб олар экан. Биринчиси — ишга кириш ҳақида, иккинчиси — ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза.

Мақола
19 ноябрь 2023 йил
“Декрет”га чиқаётган эркаклар: хусусий сектордаги аёлларга “декрет” пули берилмаяпти

Гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқи тўғрисида кўп гапирилади. ОАВдаю минбарларда бонг урилади. Фалон пулларга дабдабали халқаро тадбирлару концертлар уюштирилади. Лекин амалий ишларга келганда аёллар ҳуқуқи топталишда давом этади.

Ҳали қарасангиз, “ҳарбий-орган-элита” мактабларининг битирувчилари олий ўқув юртларига “грант”га кириб, 5-10 йил тайёрланган қизлар уларнинг касрига қолиб, контрактда ўқишга мажбур бўлади. Айби — қиз бола! Айби фалон бойнинг,фалон ҳарбийнинг ёки фалон амалдорнинг қизи эмас!

Ҳали қарасангиз, бирор ташкилот ёки компанияда масъулиятли ва “ёғли” ишга олишмайди. Ишга олишса ҳам, юқорироқ мансабга кўтаришмайди. Айби — қиз бола! Эртага эрга тегиб кетиши, фарзанд кўриши ёхуд фарзандлари парвариши билан овора бўлиб ишга зарар етишидан, ортиқча “бошоғриқ”қа айланишидан қўрқишади.

Яқин ўтмишда ҳатто айрим ноинсоф иш берувчилар хотин-қизларни ишга қабул қилишдан аввал дарров 2 та ариза ёздириб олар экан. Биринчиси — ишга кириш ҳақида, иккинчиси — ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида ариза (бунисига сана қўйилмайди). Бу ходима ҳомиладор бўлса, шу иккинчи аризага сана қўйиб, имзо чекиб юборилади. Иш тамом — ҳеч ким даъво қила олмайди, ҳеч ким ҳеч нарсада айблай олмайди. Акс ҳолда “декрет” таътилига чиққан аёлга бекорга пул тўлаш ва иш жойини сақлаб ўтириш малол келади чунки.

Яхшиямки, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғуруқ нафақалари тўланиши бошланди. Нафақа миқдори минимал истеъмол харажатларининг 4 бараварини (ҳозирда 2 млн. 272 минг сўм) ташкил этади. Бироқ “декрет” пулини олган хусусий сектордаги аёллар сони режадагидан 7 баробар кам.

“Декрет” учун 3 баравар кам пул ажратилиши мумкин

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон ҳукумати 2023 йилда хусусий секторда ишловчи 130 минг нафар аёлга “декрет” пули тўлашни режалаштирган эди, лекин амалда йил охиригача бу рақам бор-йўғи 19 мингдан ошиши маълум бўлмоқда. Сабаби, аксарият хусусий иш берувчилар аёллар меҳнатидан шартномасиз фойдаланаётган бўлиши мумкин.

2023 йилги давлат бюджетида бу харажатларни молиялаштириш учун 300,7 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилган.

2024 йилги бюджет лойиҳасида эса бу кўрсаткични 3 бараварга қисқартириш — 100 млрд. сўмгача камайтириш режалаштирилмоқда.

Бу ўзгаришга ижтимоий тармоқлардаги фаоллар изоҳ қидиришга уриниб кўришди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниевнинг Х (Тwitter) саҳифасидаги қайдларига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу ҳолатни маблағларнинг паст даражада ўзлаштирилиши билан изоҳлаган. “Жорий йил ажратилган 300 млрд. сўмдан атиги 50 млрд. сўмга яқин пул ўзлаштирилиши кутилмоқда. Шундан келиб чиқиб, прогнозни 100 млрд.га туширишган. Менимча, бу ерда нега пул ўзлаштириш камлигини ўрганиш керак. Тахминимча, хусусий секторда ишлайдиган аёлларнинг катта қисми меҳнат шартномасисиз ишлайди”, деб ёзган депутат.

Эътироф этиш керак, хусусий корхоналардаги аёлларга “декрет” пулини беришда бюрократияга йўл қўймаслик мақсадида ҳомиладорлик нафақаси худди суюнчи пули каби тиббий маълумотнома асосида автоматик ажратилади.

Бироқ хусусий иш берувчиларда меҳнат қилувчи аёлларнинг норасмий, яъни шартнома ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ишлаши бунга сабаб бўлмоқда. Чунки бунда “хуфёна” ишчи-ходимлар учун ижтимоий ва даромад солиқлари тўланмайди ва табиийки “декрет” пулига даъво қилиш имконияти йўқолади.

Албатта, бу муаммода бир жиҳатдан хусусий тадбиркорларнинг ҳам айби бор. Солиқлар ва ижтимоий тўловлардан қочиб, “конверт”да маош бериш кенг тарқалганини ва бунга барҳам бериш механизмлари мукаммал эмаслигини тан олишимиз керак.

Ҳукумат эса “декрет” учун режалаштирилаётган маблағни қисқартирганининг асл сабаби ҳам шу — 2024 йилги бюджет лойиҳасини тайёрлашда 2023 йилнинг ҳақиқий харажатлари инобатга олинган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг изоҳ беришича, давлат бюджетида 2023 йилда хусусий секторда ишловчи 130 минг нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 300 млрд. сўм маблағ берилиши режалаштирилган. Аммо жорий йилнинг 9 ойида хусусий секторда ишловчи, белгиланган мезонларга мос бўлган 12 минг нафар аёлга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланган ва 24,6 млрд. сўм тўлаб берилган.

“Жорий йил 9 ойлик тенденциядан келиб чиққан ҳолда, 2023 йил якунига қадар хусусий секторда ишловчи 19 мингдан ортиқ аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 40 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

2024 йилги бюджет лойиҳасини тайёрлашда 2023 йилнинг ҳақиқий харажатлари инобатга олинган бўлиб, кейинги йилда хусусий секторда ишловчи 40 мингдан ортиқ (2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп) аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун 100 млрд. сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда”, дейилади вазирлик изоҳида.

Муаммо илдизи қаерда?

Иқтисодчи Отабек Бакиров келтирган рақамларга кўра, жами туғилишлар ҳисобида хусусий сектордаги аёлларнинг улуши 2 фоизга ҳам етмайди.“Ҳақиқатан ҳам шундайми? Ёки юз минглаб аёллар хусусий секторда расмийлаштирилмаган ҳолда ишлаб келмоқдами? Балки муаммога кенг жамоатчилик, хусусан, аёлларнинг эътиборини қаратиш вақти келгандир? Расмий меҳнат шартномаси қонун билан кафолатланган ижтимоий ҳимоянинг ва барқарор пенсия тизимининг негизи ҳам. Балки худди 2009 йилгача бўлгани сингари давлат “декрет” пули тўлашни хусусий ва бюджетга ажратмасдан, барча аёлларга умумий асосда кафолатлашга ўтиши керакдир? Шунда хусусий бизнес аёлларни шартномасиз ишлатишдан тийилади. Қолаверса, аёлларнинг ўзи иш берувчилардан расмий шартнома талаб қилишни бошлайди. Бюджет харажатлари кўпаяди, ҳа, лекин легаллашувдан бюджет даромадлари ҳам ортади”, дея ёзди иқтисодчи.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистонда 716 минг 885 та туғилиш қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 фоизга кўп. Режани 3 бараварга қисқартириш эмас, кўпайтириш мантиққа тўғри келиши табиий.

Кимларга “декрет” пули берилади?

Эслатиб ўтиш жоиз, хусусий компанияларда меҳнат қилувчи аёлларга давлат томонидан “декрет” пули тўлаб берилиши учун қуйидаги талаб бажарилиши керак:

  • нафақага талабгор аёл камида узлуксиз 6 ой давомида хусусий секторда ишлаган бўлиши керак;
  • ягона миллий меҳнат тизимида расман банд бўлиши, корхона томонидан меҳнат дафтарчаси очилиб, тегишли буйруқлар киритилган бўлиши лозим;
  • 6 ой давомида ходиманинг даромадлари ва солиқ тўловлари Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида қайд этилган бўлиши лозим.

Нега “декрет” деб аталади?

Кези келганда айтиб ўтиш жоиз, “декрет” таътили ва “декрет” пули тушунчаси XX асрга хос ҳодиса холос. Ундан аввал ҳомиладор аёл ва унинг чақалоғи парвариши батамом эрининг зиммасида бўлган. Бола туққан аёлнинг эри бўлмаса ёки ўлиб қолса, ўзи ишлай олмаслиги боис жуда қийин аҳволда қолган.

XIX аср охирида, Европада саноат инқилобидан кейин аёллар кўпроқ уйдан ташқарида ишлай бошлаган. 1877 йилда Швейцарияда ишловчи ҳомиладор аёлларга бола туғишидан 2 ҳафта аввал ва туққанидан кейин 6 ҳафта ўтгунча ишлашга рухсат берилмаган. Кейинги 10 йил давомида Европанинг бошқа давлатларида — Швеция, Германия, Норвегия ва Австро-Венгрияда ҳам шунга ўхшаш қонунлар қабул қилинган. Аввалига бу қонунлар ҳомиладор аёлларга ишлашни бутунлай тақиқлаган. Кейинчалик эса бу қонунлар юмшатилиб, аёлнинг иш ўрнини сақлаб қолиш жорий этилган ва бу оналик таътиллари пайдо бўлишига олиб келган.

Россияда октябр инқилоби рўй берганидан атиги 2 ой ўтгач — 1917 йил 22 декабрда Бутунроссия марказий ижроия қўмитаси “Касаллик ҳолатларида суғурталаш” ҳақида декрет эълон қилган. 1917 йил 27 декабрда эса Халқ комиссарлари советининг “Ҳомиладорлик ва бола туғиш бўйича нафақа ҳақида”ги декрети қабул қилинган. Унда бола туғилган ҳолатда онага пул ва таътил бериш кўзда тутилган. Ўша даврда ўта муҳим ва долзарб қонун ҳужжатлари “декрет” деб аталган. Шундан буён бола туққани боис оналарга бериладиган таътил “декрет” таътили, бериладиган бир марталик пул эса “декрет” пули деб атаб келинмоқда.

Фақат иккинчи жаҳон урушидан кейингина ҳомиладорлик ва бола туғиш бўйича таътил халқаро даражадаги қонунларда ўз ифодасини топди.

1952 йил 28 июнда Халқаро меҳнат ташкилотининг Женевада ўтган бош конференциясида Оналикни муҳофаза қилиш бўйича Конвенция қабул қилинди.

Ҳамма давлатда ҳам “декрет” таътили берилмайди

Халқаро меҳнат ташкилоти оналикни ҳимоя қилиш бўйича конвенцияда аёлларга камида 14 ҳафталик таътил беришни ва шу билан бирга иш ҳақининг камида 2/3 қисми миқдорида нафақа тўлашни тавсия қилади. Бу шартлар ҳали ҳам дунё мамлакатларининг қарийб ярмида бажарилмаган.

Дунёнинг 196 мамлакатидан фақат АҚШ ҳамда Папуа-Янги Гвинея — янги туққан оналарга ҳақ тўланадиган таътил бериш бўйича федерал мажбурий сиёсатга эга бўлмаган давлатлардир.

ЮНИСЕФнинг 2019 йилги ҳисоботига кўра, дунёдаги энг бой 41 давлатдан бири АҚШ ота-оналик таътилини таклиф қилмайдиган 15 та давлатдан биридир.

Фақат АҚШнинг Калифорния, Род-Айленд, Ню-Жерси штатлари бундан мустасно — уларда мазкур таътил 6 ҳафта давом этади ва қисман пул тўланади.

Эркаклар ҳам “декрет”га чиқишмоқда

Ҳозирги даврга келиб, “декрет” таътили фақат бола туққан оналарга хос ҳодиса бўлмай қолган. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида эркаклар туғруқ таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Бу имконият биринчи марта Швецияда пайдо бўлди, у ерда 1974 йилда улар ота-она таътили гендер нуқтаи назаридан нейтраллаштирилди.

Испанияда эркак 6 ҳафталик мажбурий таътилдан кейин ишга қайтса, аёл ўрнига 10 ҳафтагача таътил олиши мумкин. Португалиядаги қонунчиликка кўра, ота 5 кунлик пуллик туғуруқ таътилини боласи билан бирга ўтказиши шарт. У ҳатто ўз мажбуриятларини бузгани учун жаримага тортилиши мумкин.

Aмалда эса эркаклар ўзларига берилган туғуруқ таътиллари ҳуқуқидан камдан-кам фойдаланадилар. Шу муносабат билан, баъзи мамлакатлар "оталик квотаси"ни белгилашга мурожаат қилишди, яъни ота-оналик таътилининг маълум бир куни фақат ота томонидан ишлатилиши мумкин. Оталик квотаси Норвегияда 1993 йилда, кейин Швецияда 1995 йилда ва Исландияда 2000 йилда жорий қилинган. Квотанинг жорий этилиши оталарнинг болаларни тарбиялашда фаол иштирок этишига, оиладаги гендер ролларини қайта кўриб чиқишга ва шунга мос равишда меҳнатнинг тенг тақсимланишига ёрдам берди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+