platina.uz

Аёлларни ҳурматсизлантиришни ўзимиз сингдиряпмиз

Ижтимоийлашиб кетган аёллар муаммоси сабаб медиадаги кемтиклар шундай стереотипларни шакллантиряптики, одамларда қайнона деса, тажовузкор ва доимо ёмонликни кўзлайдиган, келинга ёруғ кун бермайдиган образ гавдаланади.

Мақола
18 ноябрь 2023 йил
Аёлларни ҳурматсизлантиришни ўзимиз сингдиряпмиз

Инсон кўраётганлари орқали ўзини шакллантиради. Адабиёт, медиа орқали узатилаётган эркак ва аёл қиёфаси инсонларда уларнинг жамиятдаги ижтимоий роллари борасидаги стереотипларни шакллантиради. Энди уларда тасвирланаётган аёлларнинг ижтимоий қиёфасини таҳлил қиладиган бўлсак.

Ўгай онанинг доимо ёмонлиги, аёллар доимий меҳнат қилиши кераклиги, шунга ўхшаган стереотиплар ўзбек эртаклариданоқ одамлар онгига синдирила бошланади.

“Сен шартларимни бажардинг, қизим сеники!” қизни шахсдек эмас, нарсадек кўриш, “Аҳмоқ хотин, калтафаҳмлигингча қоласан” аёлларнинг аҳмоқ бўлишини жамиятга сингдириш. Мана шундай жумлалар ўзбек эртакларининг тавтологиясига айланган.

Бугунги кунда танқидчилар айтаётгандек қўлга илинарли асарлар чиқмаётган бўлса, медиадаги аёллар масаласини бир кўриб чиқиш керак, менимча. Медиадаги материалларнинг номлари аёллар мавзуси ва этикага мос келмаётганини кўришимиз мумкин. Аввало, филмларимизга ном қўйиш масаласини алоҳида кўриб чиқиш керак. “Алданган аёл”, “Кундош”, “Шаллақи”, “Мардикор аёл”, “Аёл макри”, “Сотилган номус”, “Хиёнат” “Тавба”(судхўр аёл), “Иккинчи хотин”, “Пахмоқ келин”, “Иккинчи аёл” — бундай филмлар номларини санасак, кинонинг ўзидан ҳам савиясиз кўринади. Бошқа ном билан аталган филмларимизнинг ўрами ҳар хил, аммо ичи ўша эски эр-хотин, қайнона-келин, қайнисингил ва келин, бой-камбағал ва шунга ўхшаш бир қатор ижтимоий муаммолар билан ачиб кетган.

Миллий сериал ва филмларимизда аёл қаҳрамонларнинг типи эса уй бекаси (ғийбатчи), мазлума аёл, жабрдийда аёл, зўравонлик қурбони, фоҳиша, енгил табиат. Аёллар фақат мана шу типлар орқасида кўрсатилади. Эскидан эртакларда аҳмоқ аёл образи сақланиб қолган. Аёл қаҳрамонлар ҳеч қачон ўзи мустақил қарор қабул қила олмайди. Яратилаётган образларда жанжаллар охирида асосий айбдор аёл қилиб кўрсатилади, аёллар ҳуқуқлари тарғиб қилинмайди, аёлларга нисбатан зўравонлик оқланади. Ўз-ўзидан аёлларга нисбатан салбий қарашларни пайдо қилади ва гендер бўйича умуман бошқа стереотипларни шакллантиради.

Медиада яна ўзини “тарбия мактаби” деб номлаб олган бир қатор ток-шоулар мавзулари аёлларни ерга уришга "хизмат" қилаётганини билмайди ёки билиб қилишади. Улар медианинг бошқа соҳаларидан қолишмаган ҳолда сарлавҳаларига аёлларни қадрламайдиган, ҳурматсизлантирадиган номлари билан кўришлар сонини яхшиламоқчи бўлишади. Савиясиз экспертлари-ку умуман бошқа мавзу.

Кўнгилочар шоу ва йирик концертлар-ку бутунлай аёлга қилинадиган қўпол, чегарадан чиқадиган ҳазиллар билан тўлиб кетган, кулдиришнинг асосий йўли ҳам аёл ва ҳатто унинг жисмоний тана аъзолари. Ачинарлиси, ўша ролни аёллар ўйнаши ва жамиятни бу нарсалар тўхтатмай кулдириши.

Энг оғриқли ва номусли, одам уяладиган охирги қисм ижтимоий тармоқда аёллар мавзусидир. На аёллар ҳуқуқлари, на ҳурмати, на қадр-қиммати ҳақида бир нима дея оласиз. Аксарият ҳолларда мана шу нарсаларга аёлларнинг ўзи ҳам катта "ҳисса" қўшади. Кўпчилик фойдаланадиган YouTube’нинг ўзбек платформасидан аёлларга алоқаси йўқ нимадирни топиш қийин.

Ижтимоийлашиб кетган аёллар муаммоси сабаб медиадаги кемтиклар шундай стереотипларни шакллантиряптики, одамларда қайнона деса, тажовузкор ва доимо ёмонликни кўзлайдиган, келинга ёруғ кун бермайдиган образ гавдаланади. “Иккинчи хотин олиш суннат”, “Хотиннинг ҳам гапига кириб бўладими, товуқ мия-ку”, “у келин, қилади”, “Сен ўзингга қарамасанг, хиёнатга учрайсан”, “қиз бола ўқиб, дунёни олиб берармиди”, “ёш эрга берсанг яхши, тенги чиқса, текин бер”, “севганидан уради”, “яхши хотинни урсанг, уйга югуради”, “Аёл кишимисан, ҳаддингни бил”, “Кўчага чиқса … бўлиб кетади” деган мантиқсиз гаплар жамиятдаги аёллар мавқеини тушириб, уларга бўлган ишончни пасайтириб, қадрсизлантириб, уларга нисбатан салбий стереотипларни шакллантирмоқда. Хоҳлайсизми-йўқми, кўраётганларимиз, эшитаётганларимиз онг остига таъсирини ўтказади. Медиа дунёни бошқаради. Наҳотки медиамизнинг аёллардан бошқа кўришли мавзуларга ғоялари йўқ. Агар эсингизда бўлса, тўйида калтакланган келин ҳақида видео тарқалганди. Шу бўйича ЮНИCЕФ баёнотида “Ўзбекистонда ўсмир қизларнинг учдан бир қисми эр ўз хотинини калтаклашга ҳақли деб ҳисоблайди”, деган статистикани эълон қилган. Мана шунинг ўзи аёллар ҳуқуқлари бўйича нўноқлигимиз ва кемтикларимиз кўплигини кўрсатади.

Фазилат Соиб

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+