platina.uz

13-ойлик ва картошка пули кимларга берилади?

Нафақат давлат идоралари, балки фаолият юритиш шакли ва туридан қатъи назар, кўплаб иш берувчи субъектлари ҳам ўз ходимларини шундай ёрдамлар билан сийлаб турадилар.

Таҳлил
15 ноябрь 2023 йил
13-ойлик ва картошка пули кимларга берилади?

Совет давлатчилигидан қолган бир анъана бор. Ҳар йили куз келганида давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимларга сабзавот ғамлаб олишлари, халқ тилида “картошка учун” алоҳида пул ажратилади. Ҳозирга келиб ҳам кўпгина собиқ совет республикаларида Масалан, Россия, Беларус ва Ўзбекистонда бу анъана сақланиб қолган. Нафақат давлат идоралари, балки фаолият юритиш шакли ва туридан қатъи назар, кўплаб иш берувчи субъектлари ҳам ўз ходимларини шундай ёрдам билан сийлашни йўлга қўйишган.

“Картошка пули” қонунчиликда белгиланганми?

“Картошка пули” ижтимоий компенсация, аниқроғи, моддий ёрдам бўлиб, ихтиёрий, яъни фақат иш берувчининг иродасига боғлиқ бўлган ижтимоий акт ҳисобланади. Боиси, бу ёрдамни тақдим этиш Меҳнат кодексида белгиланмаган. Фақатгина айрим қонуности меъёрий ҳужжатларида бундай ёрдамни ажратиш белгилаб қўйилган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 12-сон қарорига илова «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 13-бандида, 2017 йил 4 декабрдаги 963-сон қарорига 2-илова «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 11-бандида ҳамда 2017 йил 22 июндаги 409-сон қарорига илова «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 14, 18-3-бандларида, шунингдек, Президентнинг 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3060-сон қарорига 4-илова «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида шундай ҳолатларга изоҳ берилган.

Қолганлар-чи?

Лекин ходим бу қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган категорияга оид бўлса-чи? Уларга ушбу моддий ёрдамни ажратиш тартиби қандай?

Меҳнат кодексига мурожаат қилсак, 13-моддада “меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин”лиги белгилаб қўйилган.

“Бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар”нинг нималигига эса Меҳнат кодексининг 12-моддасида изоҳ берилган бўлиб, булар қуйидаги ҳужжатлардир:

  • жамоа келишувлари;
  • жамоа шартномалари;
  • иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
  • ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.

Меҳнат кодексининг 67-моддасида келтирилишича, ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.

Шуни унутмаслик керакки, Меҳнат кодексининг 16-моддасига мувофиқ, ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ходимга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.

Гапнинг индаллосини айтганда, нафақат қонунчилик ҳужжатлари, балки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, жамоа шартномасида ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ҳам «картошка пули» назарда тутилиши мумкин. Айтайлик, ташкилот жамоа шартномасида иш берувчи ҳар йили куз мавсумида ходимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун Ўзбекистонда ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида моддий ёрдам тўланишини таъминлаши белгилаб қўйилган. Бундай вазиятда барча ходимларга 1 миллион 650 минг сўм миқдорда моддий ёрдам берилиши керак.

Яна бир гап – “картошка пули” жамоавий тўлов ҳисобланади. Агар меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, бу моддий ёрдам фақат айрим ишчи-ходимларга эмас, балки лавозими ва иш самарадорлигидан қатъи назар, барча ходимларга “бир кўз билан” қараган ҳолда тўланадиган моддий ёрдам ҳисобланади. Ҳаттоки интизомий жазоси бор ходимларга ҳам «картошка пули» берилади.

Тўғри, Меҳнат кодексининг 299-моддаси 5-қисмига кўра, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди. Лекин бу ўринда гап рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳақида кетмоқда. Моддий ёрдам эса рағбатлантириш чорасига кирмайди.

Фақат бир шарти – қонунчилик ҳужжатларида, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, жамоа шартномасида ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида бундай моддий ёрдам кўзда тутилган бўлиши керак. Айтганча, “картошка пули”ни олиш учун ариза ёзиб овора бўлиш шарт эмас. Корхона раҳбарининг тегишли буйруғи кифоя қилади.

“Картошка пули”ни бериш мажбурийми?

Албатта, беш қўл баробар эмас. Иш берувчилар ўртасида ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, “тежамкор”лари учраб туради. Бундай раҳбарларга Меҳнат кодексининг 34-моддасида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари келтириб ўтилганини эслатиб қўйиш лозим. Масалан, тарафлар томонидан мажбуриятларни ўз зиммасига олишнинг ихтиёрийлиги ҳамда тарафлар ўз зиммасига олаётган мажбуриятларнинг ҳақиқийлиги ва уларни бажаришнинг мажбурийлиги принциплари. Яъни, иш берувчи меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда берилиши шарт қилиб кўрсатилган кафолатларни беришдан бош тортса, бу меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Солиққа тортиладими?

“Картошка пули” корхона учун харажат, ходим учун даромад ҳисобланади ва шунинг учун даромад солиғига тортилади. Чунки Солиқ кодекси 377-моддаси 10-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзида кўрсатиладиган моддий ёрдам солиқ тўловчининг бошқа даромадларига киради.

Солиқ кодекси 378-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра, ушбу кодекснинг 377-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда, солиқ даври учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда моддий ёрдам суммалари тарзидаги даромад турларига солиқ солинмайди.

Масалан, бунда имтиёз моддий ёрдамнинг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (2023 йил октябр ҳолатига кўра 980 минг сўм) 4,22 бараваригача (4 млн 135,6 минг сўмгача) бўлган қисмига қўлланилади. Масалан, «картошка пули» 5 млн сўм бўлса, унинг 4 млн 135,6 минг сўми учун солиқ тўланмайди, қолган 864 400 сўмидан даромад солиғи ундирилади.

“13-ойлик”

Агар “картошка пули”дан қуруқ қолган бўлсангиз, ташвиш чекманг! Йил якунланаётган пайтда ҳар бир ташкилот ўз имкониятлари, иш натижалари ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ходимларини маошдан ташқари моддий ёрдам маблағи, яъни норасмий тил билан айтганда “13-ойлик” маоши билан тақдирлайди. Албатта, ходимларга ҳар қанча пул берилса ҳам кам, бироқ 13-ойликнинг ишчанлик муҳитига фойдаси катта экани исботланган. Жумладан, бу кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш учун ўта самарали чора ҳисобланади. Чунки анча муддат ишлаб қўйган ходим дарров бошқа жойга ўтиб, ўз меҳнатлари самарасини куйдиргиси келмайди, “тайёр мукофот”ни ташлаб кетишга кўзи қиймайди.

“13-ойлик”нинг қонуний асослари

Хўш, қандай иш берувчилар “13-ойлик”ни беришга мажбур, умуман, бу ҳолат қонунчилигимизда қандай ифодаланган?

“Норма” портали мутахассисларининг тушунтиришича, “13-ойлик” корхонанинг йил давомидаги фаолияти натижаларига кўра, мукофотлаш тизимига оид масала. Лекин Ўзбекистон қонунчилигида “13-ойлик”деган тушунча йўқ. Уни тўлаш шартлари ҳам, миқдори ҳам ҳеч қандай қонун ҳужжатларида белгилаб берилмаган.

Бироқ хусусий ташкилотларда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари ва шакллари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, нафақалар ва рағбатлантириш тўловлари корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, жамоа шартномалари ёки касаба уюшма қўмитаси ёки ишчиларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда қабул қилинган бошқа маҳаллий ҳужжатлар билан белгиланади. (Меҳнат кодекси (МК), 243-модда)

Моддий рағбатлантириш тартиби қуйидаги ҳужжатларда белгиланиши мумкин:

  • меҳнат шартномаси
  • жамоа шартномаси
  • бошқа маҳаллий акт, масалан, Йил натижалари бўйича рағбатлантириш ҳақидаги низомда, Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда, Бонуслар тўғрисидаги низомда, Мукофотлаш тўғрисидаги низомда

Aгар сиз жамоа шартномасига бонус шартларини киритсангиз, уни ўзгартириш тартиби жуда мураккаб эканини ёдда тутинг: аввало меҳнат жамоаси вакиллари билан музокаралар олиб бориш, қайта кўриб чиқилган лойиҳа эса тасдиқлаш учун умумий йиғилиш(конференция)га тақдим этилиши лозим.

Ўрнатилган тартибга кўра, Йил натижалари тўғрисидаги низом иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Барча ходимларни тасдиқланган лавозим билан таништирилади ва танишганлик ҳақида имзо қўйдирилади.

13-ойлик миқдори қандай белгиланади?

Тўлов манбаи кўпинча ўтган йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти натижалари бўйича корхона ихтиёрида қолган фойда ҳисобланади. Йил якуний иш натижалари бўйича рағбатлантириш миқдори одатда ходим олган иш ҳақи ҳамда унинг ушбу корхонада узлуксиз иш стажининг муддатига боғлиқ бўлади.

Иш берувчи, бу маблағни, масалан, ходимнинг йиллик иш ҳақи ёки иш стажи инобатга олинган ҳолда ходимнинг “оклади”дан маълум бир фоизни, ёки бўлмасам, бир оклад миқдорида ва бошқа усулларда белгилаши мумкин. Шунингдек, айрим ходимлар учун, айтайлик, иш фаолиятидаги юқори кўрсаткичлари учун мукофотлаш миқдорини кўпайтириб бериши мумкин.

Мукофотлаш ва рағбатлантириш тўғрисидаги низомда ишчи-ходимларни рағбатлантириш кўрсаткичлари (режа бажарилиши, сифат яхшиланиши, ресурсларни тежаш, янги техника ва технологияларни ўзлаштириш), ходимга тўланадиган мукофот пулини камайтириш учун асос бўладиган ҳолатлар (узрсиз сабабларга кўра топшириқларни ўз вақтида ёки сифатли бажармаслик, ижро интизомининг пастлиги, иш тартибига риоя этмаслик) ўз аксини топгани мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, мазкур низомда рағбатлантириладиган ходимлар, (аниқроғи, штат жадвалига кўра лавозимлар) рўйхати ҳам ўз аксини топиши керак. Унга барча ходимлар киритилади. Бироқ фуқаролик ҳуқуқий шартнома бўйича ишлаётган шахслар иш берувчи билан меҳнат муносабатларига кирмаслиги боис бу рўйхатга киритилмайди.

Бу вазиятда корхонада ишлаган, аммо 31 декабрга қадар меҳнат муносабатлари тугатилган, 31 декабргача ишдан кетган ходимларни мазкур рўйхатга қўшиш ёки қўшмаслик иш берувчининг шахсий иродасига боғлиқ масала ҳисобланади.

Кези келганда айтиб ўтиш керак, “картошка пули”ни бериш тартибидан фарқли ўлароқ, интизомий жазога тортилган ходимлар “13-ойлик” мукофот пулини олишга ҳақли эмас. Яна бир ҳолат – ходимнинг “13-ойлиги”ни олишга ҳақли эканини белгилашда зарур омил бўлган иш стажи одатда 1 йил қилиб белгиланади. Умуман, мукофтни олиш учун ҳисобланадиган меҳнат даври этиб 1 календар йил – 1 январдан 31 декабргача бўлган муддат белгиланади. Шу боис мукофот пули аксарият ҳолларда кейинги йил бошида тўлаб берилади. Яъни 1 календар йили муддатда тўлиқ ишлаган ҳодимлар “13-ойлик”ка ҳақли бўлишади.

Тўлаш тартиби

Иш берувчи, календар йилининг 31 декабр ҳолатига кўра, тўлиқ календар йили учун тўлиқ ҳажмда иш ҳақи тўлаш тўғрисида буйруқ чиқаради. Буйруқда қуйидаги рўйхатлар бўлиши лозим:

  • ўтган календар йилида ўз ишида энг юқори самарадорлик кўрсаткичларига эришган ва қўшимча ҳақ тўланадиган ходимлар рўйхати;
  • тўлиқ бўлмаган календар йили учун (меҳнат шартномасини узрли сабабларга кўра бекор қилиш зарурияти туфайли – таълим муассасасига ўқишга кирганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайланадиган лавозимга сайланганлиги ва ҳоказо сабабларга кўра) – мукофот тўланадиган муддат кўрсатилган ҳолда “13-ойлик” тўланадиган ходимлар рўйхати;
  • мукофот пулнинг миқдори камайтирилган ходимлар рўйхати;
  • мукофот пулидан батамом маҳрум этилганлар рўйхати (сабаблари кўрсатилган ҳолда).

Эслатиб ўтиш лозим, иш ҳақи миқдорини камайтириш ёки ундан маҳрум қилиш сабаблари ҳужжатлаштирилган бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, агар ходим бирон-бир нарсани бузган бўлса ёки ёмон ишлаган бўлса, бу ҳолат бевосита раҳбарнинг ҳисоботлари, актлар ва бошқалар билан аниқ ҳужжатлаштирилган бўлиши лозим. Бу низолар юзага келган тақдирда далиллар базаси бўлиб хизмат қилади.

Ходимларга иш ҳақини тўлаш учун календар йилида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаган вақт ҳисобга олинади. Иш ҳақи тўланмайдиган таътил, бола парвариши таътиллари ва бошқалар бундан мустасно, албатта.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир иш берувчи “13-ойлик” билан кимни, қандай ва нима учун мукофотлашни ўзи ҳал қилади. Бу корхонанинг йиллик даромадларига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин; агар йил фойдали якунланаётган бўлса, даромаднинг бир қисми ходимларни мукофотлаш учун сарфланиши мумкин. Aйтганча, бу моддий рағбатлантириш нафақат пул шаклида, балки миннатдорлик мактублари, сертификатлар, ваучерлар, концерт ёки театрга чипталар, қимматбаҳо совғалар тарзида ҳам бўлиши мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+