Аввал ўзингизга боқинг…
Бу гаплар бир қулоғимга қулоқчин тақиб олган менга ҳам тегиб кетди. Қулоғимдагини олдим-да, уларнинг бўлғуси мароқли суҳбатларини эшитишга қарор қилдим.
Метро доимгидек тиқилинч. Ҳамма бир амаллаб чиқиб олса бўлди. Ур-сур, бақир-чақир, йигитларнинг қўли сочига тегиб кетгани учун юз буриштирган қизлар, жой бермай ўтириб олгани учун ёшларга ёвқараш қилиб турган "кексалар".
Мен чиққан поезднинг бекатига ўрта ёшдаги икки эркак чиқди. Чиқар-чиқмасидан ёшларнинг қўлидан телефон, қулоғидан қулоқчин тушмаслигини бир нечта фаҳш сўзлар билан айтиб шикоят қилишни бошлашди.
— Эҳ, бу ёшлар қулоғига наушникни тиқиб олади-да, гапирсанг ҳам эшитмайди.
Бу гаплар бир қулоғимга қулоқчин тақиб олган менга ҳам тегиб кетди. Қулоғимдагини олдим-да, уларнинг бўлғуси мароқли суҳбатларини эшитишга қарор қилдим.
— Гапирманг, кеча бир театрга борган эдим, ёшлар учун жуда ажойиб спектакл қўйиляпти. Орқа ўриндиқларга қарасам, бир олам мактаб ўқувчилари ўтирибди. Ҳаммасининг қўлида телефон. Ҳой, худобехабарлар, спектакл кўрсанг бўлмайдими, дегингиз келади.
— Ҳа, нима дейсиз? Мажбурлаб олиб келишгандир-да.
Қўлдан телефон, қулоқдан наушник... Ҳа, кейин бошимизга ўтишди.
— Булар йўлда ҳам бошини телефондан кўтармайди. Ҳатто чорраҳадан ўтаётганда ҳам. Бир марта жарима тўласанг, кўрасан.
“Чилонзор бекати. Эшик олдида турган йўловчилар вагон ўртасига ўтишингизни сўраймиз. Кираётган ва чиқаётган йўловчиларга халақит берманг.”
Метро тўхтади. Кимлардир тушди, кимлардир чиқди. Вагон эшиклари ёпилиш арафасида икки суҳбатдошдан бири гапираётган жойида тўхтади-да, сўради:
— Чилонзорми? Менинг бекатим-ку. Тушаман, — дедида, йўлидаги барча одамларни уриб-суриб чиқиб кетди.
Шериги эса атрофдагиларга бирров қаради-да, телефонини қўлига олиб баланд овозда Фейсбукдан видео кўриб кетди.
Эҳ, ҳаммасига кулиб қўйдим. Шунча пайт ғийбат эмас, қўшиқ эшитиб кетганимда ҳар ҳолда миям дам оларди, дедим-да, бир қулоқли наушнигимни қулоққа тиқиб, бекатимда тушиб қолдим.
Одинахон Деҳқонова